УСТОЗЛАР ШАРАФИГА БАЙРАМ ТАДБИРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўқитувчи номини тиклаш, ушбу шарафли касб эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилишига барҳам берилиши бу ислоҳотларнинг самарасидир.
Бугун Самарқанд шаҳридаги Темуршох базмгоҳида 1-октябрь "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу шарафли касб эгаларидан бир гуруҳини тақдирлаш ва уларга байрамона кайфият улашиш мақсадида байрам тадбири ташкил этилди.
- Қалби эзгуликларга йўғрилган азиз устозлар, меҳридарё муаллимлар, шогирдлари учун умрини бағишлаган, кўз нурини, қалб қўрини ҳадя этган устозларимизга бир умр таъзимдамиз, - дея шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ўқитувчиларга ҳурмат изҳор этди.
Тадбир давомида ўзининг фидойилиги, ёшларга таълим бериб, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдаги улкан ҳиссалари учун бир гуруҳ Устоз ва мураббийлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шу жумладан, шаҳар Халқ таълими бўлими бошлиғи Хуршид Хожиқулов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг "Халқ таълими фидойиси" ҳамда 4 нафар ўқитувчилар "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланишди.