ШҲТ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?
Айни кунларда Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитини муносиб ўтказишга қизғин тадорик кўриляпти.
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти доценти Сафар Абдувоҳидов ва “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети бош мутахассиси Муҳаммад Сафаров Zarnews.uz учун ШҲТ ташкил этилиши ва ташкилот кўзлаган мақсадлар ҳақида маълумот йўллади.
- Кузатувлар кўпчилик фуқароларимиз ҳалигача бу нуфузли халқаро ташкилотнинг вазифа ва мақсадларини тўлиқ билмаслигини кўрсатмоқда, - деб ёзади муаллифлар. - Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро майдонда ХХI аср бошида пайдо бўлди. Ушбу нуфузли ташкилотнинг тарихига назар соладиган бўлсак, уни тузиш йўлидаги дастлабки қадам Россия ва Хитой давлатлари раҳбарларининг учрашувида эришилган “Ғарб” ва “Шарқ” ўртасидаги мувозанатни сақлаш мақсадида минтақадаги “бешлик” давлатларни қамраб олган янги ташкилот тузиш бўйича келишувдир. Унинг асоси 1996 йилнинг 26-27 июнь кунлари Хитойда “Шанхай бешлиги” — Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари давлат раҳбарлари учрашувида қўйилди. Учрашув чоғида давлатларнинг туташ чегараларига доир масалалар кўриб чиқилди. “Бешлик” раҳбарларининг навбатдаги учрашуви 1997 йил 24-25 июнь кунлари Россиянинг Москва шаҳрида ўтказилиб, унда ўзаро туташ чегараларда қуролли кучларни қисқартириш бўйича иккита битим имзоланди.
2000 йилнинг 4-5 июнь кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган навбатдаги учрашувда илк бор Ўзбекистон Республикаси делегацияси кузатувчи давлат сифатида иштирок этди. Учрашувда давлат раҳбарлари томонидан ташкилот негизида кўп тармоқли тузилма шакллантириш таклифи илгари сурилди. Шу тарзда ҳозирги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ғояси шаклланиб, Ўзбекистон Республикаси унга ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, таъсисчи сифатида аъзо бўлиш қарорини қабул қилди.
Ниҳоят, 2001 йил 14-15 июнь кунлари Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтказилган биринчи саммитда Евроосиё ҳудудидаги олти мамлакат - Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикалари давлат раҳбарлари томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тузилганлиги расман эълон қилинди. Янги ташкилотнинг мақсади ва принципларини ифодаловчи Декларация ҳамда терроризм, айирмачилик ва экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги Конвенция имзоланди. Шундай қилиб, унинг дастлабки ҳуқуқий-меъёрий асослари яратилди.
Асосий мақсад ва вазифалари
Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашиш ШҲТнинг асосий мақсад ва вазифаси ҳисобланади.
ШҲТнинг 2-саммити 2002 йил 7 июнь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилди. Унда давлат раҳбарлари томонидан 26 моддадан иборат асосий ҳужжат - ШҲТ Хартиясига имзо чекилди. ШҲТнинг олий органи давлат раҳбарлари кенгаши ҳисобланади. Ташкилот структураси ҳукумат бошлиқлари (бош вазирлар) кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари кенгаши, Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши, доимий ишловчи котибият (Хитой Халқ Республикасининг пойтахти - Пекин шаҳрида жойлашган) ҳамда Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) (Ўзбекистон Республикасининг пойтахти - Тошкент шаҳрида жойлашган)дан иборат.
Минтақавий аксилтеррор тузилмаси 2004 йилнинг 1 январидан эътиборан фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур тузилма зиммасига ахборот алмашиш, чегара ва божхона қўмиталарининг, махсус хизматларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш орқали террорчиликнинг олдини олиш вазифаси юкланган. Тузилма таркибида кенгаш ва ижро қўмитаси фаолияти йўлга қўйилган. Кенгашга 6 давлат махсус хизматлари раҳбарларининг вакиллари киритилган. Ижро қўмитасида эса ўзаро тасдиқланган лавозимларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан вакиллар ишлайди.
ШҲТнинг навбатдаги 3-саммити 2003 йил 28-29 май кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида ўтказилди ва унда ташкилот фаолиятига раислик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасига берилди.
Ўзбекистон Республикаси ШҲТга раислик қилган даврда ташкилотнинг ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари тўлиқ шакллантирилди. Буни ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 2004 йил 16-17 июндаги Тошкент шаҳрида ўтказилган тўртинчи саммити мисолида яққол кўришимиз мумкин. Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг шаклланиш даври якунланганлиги қайд этилди. Саммит якунлари бўйича Тошкент декларацияси, ШҲТнинг ваколатлари ва иммунитетлари тўғрисидаги Конвенция, наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битим, ташкилот ва унинг органлари фаолиятига доир бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг тегишли миллий маҳкамаларнинг янги таҳдид ва хуружларга қарши туришдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадига қаратилган доимий учрашувларини ўтказиб туриш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Республикаси 2009-2010 йилларда иккинчи марта ШҲТ фаолиятига раислик қилди. Бу даврда халқаро аҳамиятга эга бўлган воқеа содир бўлди - Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўртасида декларация имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси учинчи марта 2015-2016 йилларда ШҲТ фаолиятига раислик қилди. Бу даврда ташкилотнинг 15 йиллиги нишонланди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан кузатувчи давлат сифатида қатнашаётган Ҳиндистон ва Покистон Ислом Республикалари ташкилотга аъзоликка қабул қилинди.
Yangiliklar
21-Noyabr, 2024-yil
20-Noyabr, 2024-yil
20-Noyabr, 2024-yil
20-Noyabr, 2024-yil
19-Noyabr, 2024-yil