Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

САМАРҚАНДДА ИЛК БОР ЖИГАР ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ АМАЛИЁТИ БАЖАРИЛДИ

Самарқандда илк бор жигар трансплантацияси амалиёти бажарилди


Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биринчи маротаба марказ трансплантологлари ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ходимлари билан ҳамкорликда жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилди.

1965 йилда туғилган бемор Саодат Лапасова жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланган бўлиб, унга 1987 йилда туғилган қизи Нафиса Курбонова донорлик қилган.

9 август куни бўлиб ўтган операция 13 соат 20 дақиқа давом этган. Операцияда 25 нафар яқин тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Хусусан, 8 нафар врач трансплантолог, 5 нафар врач анестезиолог, 2 нафар трансфузиолог, 5 нафар операцион ҳамшира, 5 нафар анестезистка ҳамшира иштирок этди.
– Биз мураккаб амалиётни муваффақиятли якунладик. Бу Самарқанд тиббиётида яна бир янгилик бўлди, дейди Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, Самарқанд давлат тиббиёт университети кақедра мудири Лутфулло Махмонов. – Жигар трансплантацияси амалиётини бажаришга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрдик. Бунинг учун ходимларимиз Москва, Қозон, Киев, Истамбул, Анқара шаҳарларида малака ошириб келди.

Қолаверса, Академик Воҳидов номидаги Республика хирургия илмий амалий марказининг профессор ходимлари бизни қўллаб қувватлади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, марказлашган ҳолда ва вилоят ҳокимлигининг эркин қолдиқ маблағлари хисобидан инсон органларини кўчириб ўтиш амалиётлари учун марказимизга 10 млрд. сўмлик тиббий асбоб ускуналар олиб келиб ўрнатилди.

Бемор С.Лапасовада жигар циррози, субкомпенсация босқичи эди. Шукурки, мазкур амалиёт мувофаққиятли ўтди. Ҳозиргача бўлган текширув натижаларнинг барчаси ижобий.

Энг муҳими, энди марказ мутахассислари бу каби операцияларни бемалол бажара олишига амин бўлдик.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу соҳа ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келаётганлиги бу каби мураккаб амалиётларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 
 
10-Avgust, 2022-yil 18:12 |