САМАРҚАНД ШАҲРИДАГИ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИНГ МОБИЛ ИЛОВАСИ ЯРАТИЛДИ
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти докторанти Улуғбек Раҳимов вилоят маданий мерос бошқармаси билан ҳамкорликда “Маданий мерос объектлари давлат кадастрини картографик таъминлашни такомиллаштириш” мавзуси доирасида маданий мерос объектлари маълумотлар базаси платформаси ва “Мозий” номли мобил илова яратди.
Самарқанд шаҳрида мавжуд бўлган моддий-маданий мерос объектларини ўзида жамлаган ушбу мобил иловадан исталган ёшдаги қизиқувчи фойдаланиши мумкин.
Мобил иловада фойдаланувчилар учун 8 та асосий меню мавжуд. Ҳар бир меню йўналиши бўйича алоҳида объектлар картада расм ва матн шаклида пайдо бўлади. Мобил иловадан фойдаланувчилар ҳар бир объект бўйича тўлиқ маълумотларни олишлари мумкин. Ҳозирча ушбу иловага 380 дан зиёд маданий мерос объектлари киритилган.