Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

САМАРҚАНД ШАҲРИДА «ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДА ТАЪЛИМ» МАВЗУСИГА БАҒИШЛАНГАН ГЛОБАЛ ФОРУМ БЎЛИБ ЎТАДИ

Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусига бағишланган Глобал форум бўлиб ўтади

Форумнинг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилиш, бу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги 51/2 резолюциясига мувофиқ, Глобал форум доирасида 2030 йилгача кун тартиби ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия бўйича бошқа тегишли ташаббуслар билан уйғунлашувни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи учун мақсадли секторлар, асосий соҳалар ва мавзули масалалар юзасидан таклифлар муҳокама қилинади.

Глобал форум вазифалари:

— БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий инсон ҳуқуқларини ўқитиш бўйича тажриба ва ёндашувларни муҳокама қилиш;

— инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбиянинг долзарб муаммоларни ҳал қилишда, хусусан, камситиш ва зўравонлик экстремизмининг олдини олишдаги ҳиссасини ўрганиш;

— сўнгги йилларда миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбиянинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва улар юзасидан таклифлар тайёрлаш;

— барча даражадаги, шу жумладан, илғор тажриба ва олинган сабоқлар, шунингдек, мавжуд материаллар, муассасалар ва дастурлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаш, тўплаш ва тарқатиш орқали ахборот алмашуви;

— БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси ҳамда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибининг 4.7-вазифасига мувофиқ яқин йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни миллий даражада амалга оширилишини янада рағбатлантириш.

Глобал форум халқаро экспертлар, мутахассислар, давлат органлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар иштирокида очилиш, ёпилиш маросими, ялпи ва параллель сессияларни ўз ичига олади.

Ялпи ва параллель сессиялар давомида модераторлар мақсадли мунозаралар ташкил этиш, тингловчиларни фаол жалб қилиш, иложи борича ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, муҳокама қилинадиган турли мавзуларга оид тегишли саволлар билан муҳокамаларни ташкил этишда катта роль ўйнайди.

Мунозаралар давомида барча даражаларда, жумладан, илғор тажрибалар ва олинган сабоқлар, шунингдек, мавжуд материаллар, муассасалар ва дастурлар ҳақида маълумотни аниқлаштириш, тўплаш ва тарқатиш орқали маълумот алмашиш имконияти мавжуд бўлади.

Глобал форумда халқаро, минтақавий ва миллий миқёсда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ва 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибининг 4.7-вазифасига мувофиқ келгуси йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияни миллий даражада амалга оширишни янада фаоллаштириш режалаштирилган.

«Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум дастури доирасида 2 та ялпи мажлис ўтказилиши режалаштирилган.

Биринчи ялпи мажлисда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия Декларацияси: ютуқлар ва замонавий хавфлар, ушбу мажлис доирасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия Декларациясини амалга оширилишининг бориши, инсон ҳуқуқлари бўйича сифатли таълимга эришиш мақсадида тамойиллар ва ёндашувлар, шунингдек, дунёнинг турли бурчакларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги технологик ривожланиш ва замонавий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ютуқлар, олинган сабоқлар ва хулосалар муҳокама қилинади.

Иккинчи ялпи мажлисда халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилади ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Тадбирнинг «Глобал, минтақавий ва миллий миқёсда инсон ҳуқуқлари бўйича расмий таълим тамойиллари ҳамда ёндашувларининг хилма-хиллиги ва бирлиги» мавзусидаги шўба (параллель) сессиялари ташкил этилади, унда 4 та сессиясида иштирокчилар қуйидаги масалаларни муҳокама қиладилар:

— мактаб ёшидаги болаларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълими: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар;

— олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар (COVID-19, технологияларни, интернет ресурсларини ривожлантириш, геосиёсат ва бошқалар);

— профессионал институтлар (судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатура) орқали инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълимни таъминлаш: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар;

— фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари бўйича норасмий таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар (гендер жиҳатлар, инклюзивлик, миграция ва оммавий ахборот воситаларига эътибор қаратган ҳолда).

Ялпи мажлис ва шўба сессиялар йиғилишлари давомида умумжаҳон, минтақавий (Осиё, Америка, Африка, Европа) ва миллий даражадаги инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг илғор тажрибалари тақдим этилади.

Анжуманнинг иккинчи кунида «Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарслари» ўтказилиши режалаштирилган. Унда дунёнинг турли университетларининг инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи профессор-ўқитувчилари Ўзбекистоннинг юридик олий таълим муассасаларида (Тошкент, Самарқанд, Нукус ва бошқалар) инсон ҳуқуқлари фанидан дарс бериш бўйича «маҳорат дарслари» ўтказадилар. Ушбу «маҳорат дарслари»га кириш ҳам офлайн, ҳам онлайн форматда иштирокчилар учун тақдим этилади.

Форумнинг асосий Миллий ташкилотчиси Ўзбекистон ҳукумати номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази.

Халқаро ҳамкорлар - БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, ЮНИCEФ, Халқаро миграция ташкилоти, Фридрих Эберт жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар.

Глобал форумда миллий ва хорижий экспертлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, таълим муассасалари, академик жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Форум иштирокчиларини онлайн рўйхатдан ўтиши www.asianforum.uz сайти орқали амалга оширилади.

 
 
17-Noyabr, 2022-yil 10:38 |