Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

САМАРҚАНД ШАҲРИДА БОЖ ОЛИНМАЙДИГАН САВДО ДЎКОНИ ОЧИЛДИ

Самарқанд шаҳрида бож олинмайдиган савдо дўкони очилди

Бу дўкон Самарқанд шаҳридаги "Alexander Hotel" меҳмонхонасида ташкил этилди. Бу юртимизга ташриф буюрган чет эллик шахслар учун ички ҳудудда фаолият юритадиган биринчи бож олинмайдиган савдо дўкони экани билан аҳамиятли.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов, Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси раиси Д.Жаналинов, вилоят ҳокимлиги вакиллари, тадбиркорлар ва божхона ходимлари иштирок этди.

Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга илғор хорижий тажрибаларга асосланган қулайликлар яратиш орқали уларнинг сонини бир неча баробар ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган чет эллик шахслар учун ички ҳудудда фаолият юритадиган бож олинмайдиган савдо дўконларининг учинчи тури қонунчилигимизга киритилди.

Самарқандда айнан шу турда республикадаги биринчи дўкон ўз ишини бошлади. Ушбу дўкон Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет эллик шахсларга хизмат қилади ва бу ерда чет эл ва Ўзбекистон товарлари миллий валюта - сўмда ва (ёки) чет эл валютасида чакана тартибда реализация қилинади.

Мазкур турдаги дўконлар фаолият юритишини ташкиллаштиришда Жанубий Корея тажрибаси асос бўлди.

Дўкондаги чет эл товарлари шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат ва учиб кетиш авиачиптаси тақдим этиш орқали танлаб олинади ва танланган товарлар шахснинг учиб кетиш кунида халқаро аэропортларда тақдим этилади.

Бу каби дўконлар сайёҳлар учун қулайлик яратади.

Таъкидлаш жоизки, 10 йил олдин “Duty Free” фаолияти билан 2-3 та тадбиркорлик субъектлари шуғулланган бўлса, бугунга келиб тадбиркорларга берилган енгилликлар ва бу соҳада яратилган шаффофликлар натижасида кўплаб ишбилармонларимиз шу турдаги дўконларни очиш ниятини билдирмоқда.

Маросим давомида “Central Asia Megastar” тадбиркорлик субъектига божсиз савдо дўкони фаолияти билан шуғулланиш учун тегишли лицензия топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан республикамизда хорижий сайёҳлар учун яна бир янги қулайлик - tax free тизими ҳам жорий қилинади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.

 
 
10-Noyabr, 2022-yil 15:26 |