САМАРҚАНД АРХЕОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ ВА УНИНГ БУХОРО ФИЛИАЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги қарори билан Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ва унинг Бухоро филиали фаолияти ташкил этилди ҳамда Фанлар академиясидан Маданий мерос агентлиги тузилмасига ўтказилди.
Институт қадимги тош асридан бошлаб ривожланган ўрта асрларни ўз ичига олган Марказий Осиёнинг моддий ва маънавий маданияти тарихини ўрганиш борасида фундаментал тадқиқотлар олиб боради. Тадқиқ этиладиган даврлар маданиятлари хронологиясини ва даврлаштирилишини ишлаб чиқади.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудининг ибтидоий одамлар томонидан ўзлаштирилишини, цивилизациянинг шакллантирилишини, илк шаҳарлар, давлатчилик, қадимги жамиятлар дунёқарашини, жаҳон динлари пайдо бўлишини ва ривожланишини, савдо-сотиқ муносабатлари ва “Буюк ипак йўли” тарихини ўрганади.
Ҳунармандчилик, металлургия ва кон иши, археологик ёдгорликларни аниқлаш, археологик тадқиқотлар олиб бориш, харитага тушириш ва илмий муомилага киритиш, республика ҳудудидаги ноёб археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ҳам институтнинг асосий вазифаларидан.
Шу билан бирга, археологик топилмаларни таъмирлаш услуби ва қадимий технологик усулларни тиклайди ҳамда ушбу йўналишда ваколатли орган томонидан берилган тегишли рухсатномага эга бўлган археология тадқиқотларини жалб қилади.
Археология соҳасида илмий кадрлар тайёрлаш, институтнинг илмий йўналишларидан келиб чиқиб, жаҳон илм-фани ютуқларини ўрганиш, улардан фойдаланишни ҳамда маҳаллий ва халқаро миқёсда қўшма тадқиқотлар ташкил этиш муҳим вазифаларидан ҳисобланади.