Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

МУНОСАБАТ: УНИВЕРСИТЕТ ҲИЁБОНИДАГИ БИРОРТА ДАРАХТ КЕСИЛМАЙДИ

Муносабат: Университет ҳиёбонидаги бирорта дарахт кесилмайди

Бироз аввал, ижтимоий тармоқларда Университет хиёбонидаги дарахт шохлари кесиб ташланаётгани ҳамда уларга шикаст етаётгани ҳақида хабарлар тарқалди ва бу ҳолат кенг жамоатчилик ўртасида кескин эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 

Самарқанд шаҳридаги дарахтларга боғлиқ ҳолат бўйича шуни маълум қиламизки, нафақат Университет хиёбони, балки шаҳардаги ҳар битта кичик дарахтнинг тақдири ҳам назоратга олинган ва уларга ўзбошимчалик билан зарар етказишга йўл қўйилмайди. Бундай ишга қўл урганлар эса албатта, қонун доирасида жавобгарликка тортилади.

Айнан Университет хиёбонидаги бугунги кунда юзага келган ҳолатга тўхталадиган бўлсак, шу аниқки, хиёбонда дарахт кесилиши кўзда тутилмаган ва бунга йўл ҳам қўйилмайди. Бироқ дарахтларнинг қуриган, нотартиб ҳолатга келган ва албатта у қадар йирик бўлмаган шохлари кесилмоқда. 

Шу боис, Самарқанд шаҳри фуқаролари ҳамда шаҳримиз меҳмонлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ушбу жараёнда хавотирга ўрин йўқлигини эслатиб ўтамиз.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

 
 
12-Iyul, 2022-yil 18:09 |