МУНОСАБАТ: ФУҚАРО ГУЛМИРА ҲАЛИМОВАГА БАРЧА БОСҚИЧЛАР ТУШУНТИРИБ БЕРИЛГАН
EFFECT.UZ сайтида Самарқанд шаҳар Ширин МФЙда яшовчи Гулмира Ҳалимованинг "снос" масаласи бўйича мурожаати эълон қилинди.
Мазкур ҳолат бўйича қўйидагиларни маълум қиламиз:
Хабарда айтилган уй-жой фуқаро Гулмира Ҳалимованинг турмуш ўртоғи Салиев Бахтиёр Акимовичнинг фойдаланишида ҳисобланади.
Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Б.Салиевга “Ширин” МФЙ “Янгиобод” гузарида жойлашган уй-жой Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2007 йил 11 сентябрда 1506-сонли “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида”ги қарорига асосан, фойдаланишида бўлган.
Бироқ мазкур қурилмалар учун қарорга илова қилинган келишув битимига асосан, кадастр ҳужжатлари шакллантирилмаган. Шундай бўлса-да, Б.Салиевга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноярдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан, товон тўлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Б.Салиевнинг фойдаланишида бўлган уй-жойнинг бугунги кундаги бозор қийматини аниқлаш бўйича холис баҳоловчи ташкилотга мурожаат қилинган ва мазкур уй-жойнинг бугунги кундаги тахминий бозор қиймати 96 980 000 сўм эканлиги аниқланган. Фуқарога даставвал бу ҳақда огоҳлантириш хати берилган ва баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган тахминий ҳисоб-китоблар асосида ушбу сумма товон тариқасида таклиф қилинган.
Фуқарога ўзи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ҳар қандай баҳоловчи ташкилотга мурожаат қилиб уй-жойининг бозор қийматини аниқлаши ва ташкилот хулосасини жойида ишловчи комиссияга ёки белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтириб ўтилган.
Шунингдек, электр энергияси маҳалла ҳудудида узлуксиз етказиб берилаётгани, фуқаронинг уйига ўрнатилган ҳисоблагичда эса 5 120 385 сўм қарздорлик мавжудлиги сабабли хонадон тармоқдан узилгани очиқланди.
Ушбу фуқаронинг мурожаати эълон қилингач эса Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъуллари ва мутасаддилар EFFECT.UZ журналистлари иштирокида фуқаро кўтарган муаммо жойида ўрганилиб, Гулмира Ҳалимова ва маҳаллада уйи "снос"га тушган бошқа фуқароларга ҳам тушунтириш берилди.
Yangiliklar
21-Noyabr, 2024-yil
20-Noyabr, 2024-yil
20-Noyabr, 2024-yil
20-Noyabr, 2024-yil
19-Noyabr, 2024-yil