МУНОСАБАТ: ФУҚАРО ФАЙЗИЕВАГА НИСБАТАН АДОЛАТСИЗЛИК БЎЛМАГАН
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг телеграм саҳифасида “"Фуқароларни мажбурлаб уйидан чиқариб уйларини бузиб ташлашяпти" – Самарқанд” сарлавҳали хабар эълон қилинди.
Ушбу хабардаги мурожаат шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганилган бўлиб, ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 26-июл куни Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар ва вилоят фаоллари билан ўтказилган мажлис баёнининг 56-бандида ҳамда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг ВИ-56-27-7-0-К/22 Қарорига асосан Самарқанд шаҳри билан Оқдарё туманининг “Бошдархон” маҳалласи, “Р.Ҳамраев” массиви билан боғловчи “Зарафшон” дарёси устидан ўтувчи янги кўприк қурилиши белгиланган бўлиб, лойиҳада кўзда тутилган ҳудудда жойлашган турар ва нотурар-жой бинолари белгиланган тартибда кўчирилиши ва ҳудудда тозалаш ҳамда ободонлаштириш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Юқоридагиларга асосан Самарқанд шаҳридаги Зарафшон маҳалласининг Соҳил кўчасида жойлашган фуқаро Файзиева Ферузанинг фойдаланишида бўлган уй-жой бузилишга тушган бўлиб, бугунги кунда фуқаро Ф.Файзиева бузилишга тушган уй-жой учун бозор нархидан бир неча баробар баланд нарх талаб қилганлиги сабабли фуқаро билан келишишнинг имконияти бўлмаганлигидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан мазкур уй-жойнинг бозор нархини аниқлаш ва товон пулларини ундириб бериш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси билан мурожаат қилинган. ФИБ Самарқанд шаҳар суди томонидан мазкур уй-жойнинг асл бозор нархига ойдинлик киритиш мақсадида Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига мурожаат қилинган. Республика суд экспертизаси маркази экспертлари ушбу уй-жойни шахсан кўрикдан ўтказиш орқали уй-жойнинг бугунги кундаги бозор нархи 253 000 000 сўм эканлиги тўғрисида хулоса тақдим этишган.
Шундай бўлсада, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги фуқаро Ф.Файзиевага 355 880 000 сўм таклиф қилмоқда. Аммо у бу тўлов суммасини рад этмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки Самарқанд шаҳар, “Зарафшон” маҳалласида бузилиши кўзда тутлиган 51 дона мулкдорларнинг турар ва нотурар бино иншоотларидан бугунги кунда 37 нафар мулкдорлар билан келишув амалга оширилган бўлиб фуқароларга товон пуллари тўлиқ тўлаб берилмоқда ва барча қурилмалар фуқароларнинг ўзлари томонидан бузиб олиб кетилмоқда. Бу ишларнинг барчаси фуқароларнинг ўз розилик аризаларига асосан амалга оширилиб, ҳеч қайси бино мажбурий бузилмаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган “снос” тўғрисидаги мурожаатлардан келиб чиқиб айтиш керакки, Қонун талабидан четга чиқиб ҳеч қайси иш амалга оширилмаган, барча ишлар жамоатчилик ва тегишли органлар назоратида олиб борилмоқда.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.