МУНОСАБАТ-2: ШАРИПОВАНИНГ МАСАЛАСИ БЎЙИЧА САМАРҚАНД ШАҲАР МАЪМУРИЙ СУДИГА ХАТ КИРИТИЛДИ
Яқинда Zarnews.uz сайтида "У бу ерда яшамайди”: Мана шундай хат билан бошланган можаро бир аёлнинг ўз уйидан ҳайдалиши билан тугаган Энди у уйини қайтариш учун хорижда ишламоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинганди ва "Г. Шарипованинг мурожаати ўрганилмоқда" сарлавҳаси билан дастлабки муносабатни берган эдик.
Ҳолат бўйича қўшимча тарзда қуйидагиларни маълум қиламиз:
Самарқанд шаҳар Ўйчи кўчаси, 15-уйда яшовчи Г.Шарипованинг Кафтархона МФЙ раиси Т.Имамовнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб унга тегишли чора кўриш борасидаги мурожаати жорий йилнинг 13 июль куни Самарқанд шаҳар прокуратураси, Самарқанд шаҳар маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари, маҳаллий кенгаш депутати, Кафтархона” МФЙ раиси Т.Имамов ва Г.Шарипованинг ишончли вакили У.Мансуров иштирокида муҳокама этилди.
2020 йил бошида Самарқанд шаҳар Уйчи кўчаси, 15-уйда яшовчи Бахриев Тохир Кафтархона МФЙ раиси Т.Имамовга мурожаат қилиб, хотини Шарипова Гулхумор уйда яшамаётгани ва бу ҳақда маълумот беришни сўраган. Т.Бахриев маълумот беришни қатъий талаб қилгани учун унинг уйи назоратга олиниб, Г.Шарипова уйга келиш-келмаслиги маҳалла ходимлари томонидан текширилган ва текшириш давомида Г.Шарипова келмагани учун унинг Уйчи кўчаси, 15-уйда яшамаслиги ҳақида 2020 йил 28 январь куни далолатнома тузилилган. Кафтархона МФЙ раиси Т.Имамовнинг айтишича, унинг бу далолатномаси Г.Шарипованинг уйдан рўйхатдан ўчириш учун асос бўлишини билмаган.
Турмуш ўртоғи Т.Бахриев 2021 йилнинг 5-майида вафот этганидан сўнг Г.Шарипова Уйчи кўчасининг 15-уйига келиб кетадиган бўлгани ҳақида 2021 йилнинг 12 августида 157-сон далолатнома тузилган. 2021 йил 16 августдаги 160-сон далолатномада эса Г.Шарипованинг Уйчи кўчаси, 15-уйда яшамагани қандай аниқлангани баён этилган. 2021 йил 6 сентябрь, 9 сентябрь ва 16 октябрда тузилган далолатномаларда ҳам Г.Шарипованинг Уйчи кўчаси, 15-уйда яшаб келаётгани қайд этилган.
Мазкур масала Самарқанд шаҳар адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилганда Т.Имамов томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг маълум талаблари бажарилмагани аниқланиб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган ва тегишли материаллар маъмурий судга юборилган.
Самарқанд шаҳар маъмурий суди Т.Имамовни ҳуқуқбузарликда айблаб, унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 43-моддасига асосан жазо тайинлаган. Жорий йил 13 июлдаги муҳокамада қатнашган Уйчи кўчаси, 15-уйда яшовчи Г.Шарипованинг ишончли вакили У.Мансуров тақдим этган барча ҳужжатлар кўздан кечирилиб, ушбу иш шаҳар прокуратурасида кўриб чиқилиши шаҳар прокуратурасининг масъул ходими томонидан баён этилди.
Бундан ташқари Самарқанд шаҳар маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан Г.Шарипованинг ишончли вакили У.Мансуров мурожаатига асосан ва у тақдим этган барча ҳужжатлар илова қилиниб Самарқанд шаҳар маъмурий судига хат киритилди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.