Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

МАЪМУРИЙ ИШЛАРНИ КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШ, ИШ ЮРИТИШНИ ТУГАТИШ, ҚАЙТАРИЛИШИ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ РАД ЭТИШ АСОСЛАРИ

Маъмурий ишларни кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, қайтарилиши ва қабул қилишни рад этиш асослари

2017 йил 1 июньдан Ўзбекистон Республикаси маъмурий судлари ташкил этилди.

Унинг ҳуқуқий асоси эса 2018 йил 25 январьда қабул қилинган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда Маъмурий ишлари кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, қайтарилиши ва қабул қилиш рад этиш асослари кўрсатилган.

Жумаладан, Кодекснинг 105-моддасида, суд қуйидаги ҳолларда аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдиради, агар:

1) фуқаролик ишлари бўйича суд, маъмурий суд иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

2) ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

3) аризачи биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;

4) аризачининг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан арз қилинган талабдан аризачи воз кечган бўлса.

Аризани кўрмасдан қолдирилган ҳолатда аризачи томонидан кўрмасдан қолдиришга асос бўлган ҳолатларни бартараф қилиниб, суд қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Кодекснинг 108-моддасида, суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади, агар:

1) иш маъмурий судга тааллуқли бўлмаса;

2) суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;

3) аризачи бўлган юридик шахс тугатилган бўлса;

4) ишда тараф ҳисобланган фуқаронинг вафот этганидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;

5) аризачи талабидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса;

6) давлат рўйхатидан ўтишни рад этиш ёки бундан бўйин товлаш тўғрисидаги аризани (шикоятни) кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан бўлса;

7) тўпланган материалларнинг йўқотилган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш учун етарли эмаслиги.

Аризани бўйича иш юритиш тугатилганда судга қайта мурожаат қилиш ҳуқуқини ҳам йўқотади. Аризани кўрмасдан қолдириш ва ариза бўйича иш юритишни тугатиш фарқли жихати ҳам шундан иборат.

Кодекснинг 133-моддасида, Судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) иш маъмурий судга тааллуқли бўлмаса;

2) маъмурий суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) суднинг иш юритишида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса.

Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш рад этилганда судга қайта шу мазмунда мурожаат қилиш ҳуқуқини ҳам йўқотади.

 Кодекснинг 134-моддасида Судья аризани (шикоятни) ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) аризанинг (шикоятнинг) ушбу Кодекснинг 128-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;

2) ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлса;

3) ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

4) иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;

5) жавобгар ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;

6) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

7) битта аризада (шикоятда) бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғланмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;

8) аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризани (шикоятни) қайтариб олиш тўғрисида аризачидан ариза келиб тушган бўлса.

Аризанинг (шикоятнинг) қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин судга такроран умумий тартибда мурожаат этишга ҳуқуқини ҳам сақлаб қолади.

 

Самарқанд вилоят маъмурий

суди судьяси                                                                                                         Р.Б.Очилов

 
 
22-Iyun, 2022-yil 13:59 |