ГЎЗАЛЛИК ФАСЛИДА ГЎЗАЛЛАРНИ УЛУҒЛАНДИ
8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан анъанага кўра Самарқанд шаҳрида ҳам гўзаллик тимсоли бўлган аёлларни улуғловчи тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Гранд Кумуш” базмгоҳида ташкил этилган байрам тантаналарига фаоллар, ёшлар ва ногиронлиги бор хотин-қизлар вакиллари иштирок этишди.
Гўзаллик фасли — баҳор руҳияти, ифори уфуриб турган даврада байрамона кайфият ҳукм сурди. Аёллар, гўзаллик ва қадриятларни улуғловчи куй-қўшиқлар янгради. Тантанада шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров тадбир иштирокчиларини нафосат айёми билан қизғин қутлади. Ҳоким табрик сўзида кўҳна Самарқанднинг Янги Ўзбекистондаги муносиб мавқега, ўринга эга бўлишида опа-сингилларимиз — барча хотин-қизларнинг фаол иштирок этаётганлигини, уларни барча жабҳалардаги меҳнати залворли эканлигини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, замонавий Самарқанд ҳаёти ва тараққиётида хотин-қизларнинг алоҳида ўрни борлиги, уларнинг меҳнати ва ташаббускорлиги раҳбарият томонидан эътиборга олинаётганлигига гувоҳ бўласиз. Байрам тантанасида фаол, ташаббускор хотин-қизлардан бир гуруҳи шаҳар ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тантана ҳар йилгидан ўзгача ташкил этилиб, унда шодумонлик, хотин-қизлар бахти ва иқболи санъаткорлар томонидан тараннум этилди.
Бундан ташқари шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан барча секторларда ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ёши улуғ онахонлар, опа-сингилларимиз тўкин дастурхон атрофига таклиф этилиб, байрам билан муборакбод этилди.