БАЁНОТ: САМАРҚАНД ШАҲРИДА "ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ" ДАВЛАТЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ САММИТИ ЎТКАЗИЛАДИГАН КУНЛАРИ ҲАМ ШАҲАРДАГИ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ, РЕСТОРАНЛАР, ОВҚАТЛАНИШ ШАҲОБЧАЛАРИ ВА САВДО МАЖМУАЛАРИ ОДАТДАГИ ИШ РЕЖИМИДА ФАОЛИЯТИНИ ДАВОМ ЭТТИРАДИ...
Самарқанд шаҳрида “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти” давлатларининг навбатдаги саммити ўтказилиши муносабати билан Мазкур нуфузли тадбир даврида Самарқанд шаҳридаги жамоат жойларида фуқаролар йиғилиб қолиши ҳамда шаҳар ичида транспорт қатновини камайтириш мақсадида шаҳардаги Олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ўқиш 26 сентябрь кунидан ҳамда умумтаълим мактабларида янги ўқув йилини 19 сентябрь кунидан бошланиши ҳақида ҳокимликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали хабар берган эдик.
Шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига кўра, жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан 17 сентябрь кунига қадар Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рудакий, Шоҳи Зинда, Усто Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед, кўчаларида барча транспорт воситаларининг ҳаракатини ҳам чеклаб бориш бўйича ахборот эълон қилинди.
Кўплаб фуқаролардан тушаётган саволларга кўра, “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти” давлатларининг навбатдаги саммити ўтказиладиган кунлари ҳам Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасалари, Ресторанлар, савдо мажмуалари ва овқатланиш шаҳобчаларининг фаолиятида ўзгариш бўлмаслиги ва улар одатдаги иш режимида ишлашини маълум қиламиз.
Қолаверса, шаҳар ҳудудидаги бозорларда ҳам фуқаролар учун доимий ҳолатда иш давом этаверади. Бироқ биргина М-37А “Самарқанд халқа йўли” автомобил йўлининг 40-43 км.лари оралиғида жойлашган “Самарқанд Сиёб Савдо” унитар корхонаси яъни, автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозорида савдо фаолияти 5 сентябрдан тўхтатилган бўлиб, ушбу ҳолат 20 сентябрь кунига қадар давом этади.
Шу билан бирга, саммит вақтида Самарқанд шаҳрида масжидлар ёпилиши ҳам кўзда тутилмаган ва саммит ўтадиган ҳудудга яқин бўлган ҳудуддаги масжидларда вазият жума ибодати ўқилмаслигини тақозо қилиб қолса, намоз яқин атрофдаги масжидларда адо этилади.
Шу ўринда, Самарқанд шаҳри фуқаролари ва шаҳримиз меҳмонларидан ушбу сиёсий тадбир давомида вақтинча жорий этилган чекловларни тўғри тушунган ҳолда, жорий этилаётган хавфсизлик чораларига амал қилишларини сўраймиз.
Абдужаббор Пўлатов, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.