Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

БАЁНОТ 18 ОКТЯБРЬ - “САМАРҚАНД ШАҲРИ КУНИ” МУНОСАБАТИ БИЛАН ШАҲРИМИЗДА БИР ҚАТОР БАЙРАМ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛАДИ

БАЁНОТ  18 октябрь - “Самарқанд шаҳри куни” муносабати билан шаҳримизда бир қатор байрам тадбирлари ўтказилади

1996 йилдан буён нишонланиб келинаётган ушбу байрамда шаҳримизда бир қатор маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган ва ҳозирдан тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Байрам тадбирлари жорий йилнинг 15 октябридан бошланади. 

Жумладан, асосий тадбирлар “Алишер Навоий” номидаги марказий истироҳат боғи ва Алишер Навоий номи билан аталувчи кўчада бўлиб ўтади. 
Мазкур кўчада тўртта рамзий дарвоза ўрнатилиб, кўчанинг Университет хиёбони билан туташган қисмидан бошлаб гуллар ва қушлар фестивали ташкил этилади. Шунингдек, ушбу кўчанинг Камол Отатурк кўчаси билан кесишмасигача бўлган қисмида турли хил спорт кўргазмалари ҳамда нон ва шарқ ширинликлари, сомса ва ош фестивали ҳам бўлади. 

Шу билан бирга, Камол Отатурк кўчасида “Made in Uzbekiston” саноат ярмаркаси ҳамда шаҳардаги маҳаллалар томонидан турли хил чиқишлар ва кўргазмалар ташкил этилган.

Алишер Навоий кўчасининг Камол Отатурк кўчаси билан туташган қисмидан Амир Темур кўчаси кесишмасигача эса Ҳунармандлар, рассомлар, китоблар ва бошқа турдаги кўргазмалар ташкил этилиши кўзда тутилган. 

Шунингдек, ушбу кўчанинг Амир Темур кўчаси билан кесишган қисмидан Мирзо Улуғбек кўчаси туташмасигача ҳамда Почта кўчасида Кабоб фестивали, арзонлаштирилган маиший маҳсулотлар ва китоблар ярмаркаси бўлиб ўтади.

“Алишер Навоий” номидаги марказий истироҳат боғининг Камол Отатурк кўчасидан Амир Темур кўчасигача бўлган қисмида ҳам турли мавзудаги 50 дан ортиқ турдаги кўргазмалар намойиш этилади.

Байрам муносабати билан “Табиат саҳовати” арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасини ҳам ташкил этиш режалаштирилган бўлиб ушбу ярмарка 15 октябрь кунидан “Мармар” деҳқон бозорида фаолиятини бошлайди.

Шу билан бирга, 15-24 октябръ кунлари “Қорасув” маскани, Фарҳод шаҳарчаси, Алишер Навоий ҳамда “Ёшлик” истироҳат боғи ва “Нурафшон” санъат саройида маданий концерт дастурлари бўлиб ўтади. Байрам муносабати билан Регистон майдонида тунги чироқлар шоу дастурларини ўтказиш ҳамда тарихий обидалар ва музейларга кириш тўловларсиз амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Университет хиёбонида ҳам кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ва кўргазмалар намойиши ҳам ташкил этилади.

Сана муносабати билан байрам куни бир қатор корхона ва ташкилотларнинг янги бинолари, савдо дўконлари ва меҳмонхоналар фойдаланишга топширилади.

Байрам дастурлари бўйича ҳокимликнинг расмий саҳифалари орқали қўшимча ахборот бериб борамиз.

Азиз дўстлар, барчангизни ушбу тадбирларга таклиф қиламиз!

18-октябрь “Самарқанд шаҳри куни” яна бир бор муборак бўлсин!

 
 
13-Oktabr, 2022-yil 10:25 |