Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

5-6 ДЕКАБРЬ КУНЛАРИ САМАРҚАНД ШАҲРИДА «ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДА ТАЪЛИМ» МАВЗУСИДА ГЛОБАЛ ФОРУМ ЎТКАЗИЛАДИ

5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида Глобал форум ўтказилади

2022 йил 10 декабрда инсоният тарихида биринчи марта инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича бутун дунё бўйлаб кампания бошланади.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум ушбу кампания олдидан ташкил этиладиган нуфузли тадбирдир.

Инсон ҳуқуқларидан бири – таълим олиш ҳуқуқи бўлиб, бу барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл очадиган бошланғич нуқта. Таълим олиш ҳуқуқи – инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ҳамда ушбу ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари, воситаларини ҳам ўз ичига олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия – бу инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдагиларга тегишли бўлган жараён.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ҳақидаги қоидалар кўплаб халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган бўлиб, ушбу стандартларни белгилаш жараёни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2011 йил декабрь ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилиниши билан якунланди. Унда айтиладики:

– ҳар бир шахс ва жамиятнинг ҳар бир органи маърифат ва таълим орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши керак;

– ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахси ва қадр-қимматини ҳар томонлама ривожлантиришга, барча шахсларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчиси бўлишига имкон беришга ва барча миллатлар ва барча ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ҳамда тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича фаолиятига кўмаклашиши лозим.

Глобал форум ўтказиш ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида илгари сурилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия барча учун инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, бир бутунлиги ва ўзаро боғлиқлиги тамойилларига мувофиқ барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига умумий ҳурмат ҳамда уларга риоя этилишини рағбатлантиришда фундаментал аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим кенг иштирок тамойилига асосланади ҳамда ўқувчиларнинг эҳтиёжларига йўналтирилган бўлиб, уларга танқидий таҳлил ва амалий фаолият учун зарур бўлган билим ва муҳим кўникмаларни беради. Бу инсонларга ўз ҳуқуқлари тўғрисида билиш ва уларнинг самарали қониқтирилишини талаб қилиш имкон ҳамда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва таъминланиши учун масъул бўлган ҳокимият вакилларига ва бошқа шахсларга ушбу мажбуриятларни бажариш қанчалик муҳимлигини тушунишга ёрдам беради. Бу инсонларнинг ҳаётига таъсир этувчи барча – сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик – қарорлар қабул қилиш жараёнларида тўла ҳуқуқли иштирокини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш учун ўта муҳим аҳамиятга эга.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини миллий даражада амалга оширишни фаоллаштиришга хизмат қиладиган фойдали воситадир.

Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатларни муайян секторлар ва муаммоларга йўналтирилган кетма-кет босқичлардан иборат:

- биринчи босқич (2005–2009 йй.) – бошланғич ва ўрта мактабларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим билан боғлиқ бўлган;

- иккинчи босқич (2010–2014 йй.) – олий таълим тизимида ҳамда ўқитувчилар ва мураббийлар, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбийларни касбий тайёрлаш дастурида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланган;

- учинчи босқич (2015–2019 йй.) – эркин, мустақил ва плюралистик оммавий ахборот воситаларининг адолатни тарғиб қилиш, камситишларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишдаги муҳим ролини эътироф этган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида ОАВ мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди;

- 2020 йилдан 2024 йилга қадар ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ва ўқитишга йўналтирилган, инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берадиган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда.

Ушбу босқичда давлатлар ва тегишли манфаатдор томонларга олдинги уч босқични амалга оширишда тараққиётга эришиш мақсадида саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади:

- аёллар, қизлар, болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда самарадорликка эришиш ва 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш доирасидаги Кун тартибининг «ҳеч кимни ёддан чиқармаслик» мақсадига мувофиқ, заиф аҳволдаги гуруҳлар ва шахслар билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш, шунингдек амалга оширилган ишларни мувофиқлаштириш;

- расмий ва норасмий таълим ва тарбия доирасида, хусусан, болалар ва ёшлар билан ишлайдиган ўқитувчилар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни ташкил этиш;

- тегишли тадқиқотлар ва баҳолашни ўтказиш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар тўғрисида маълумот алмашиш, шунингдек барча масъул шахслар ўртасида ахборотларни тарқатиш.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишда таълимнинг роли ЮНEСКО, ХМТнинг кўплаб халқаро ҳужжатларида алоҳида таъкидланган.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича зиммасига олинган мажбуриятларни бажариш мақсадида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларининг ижроси юзасидан Миллий ҳаракатлар дастури ва «Йўл харитаси» қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан 78 та аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилиши назарда тутилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Улар 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро рейтинг ва индекслар бўйича дунёнинг етакчи 50 та давлатлари қаторига кириши билан чамбарчас боғлиқ.

Миллий стратегия доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигига олий таълим муассасаларида, кадрлар, жумладан, судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув марказларида, шунингдек мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курсларини жорий этиш бўйича вазифа юклатилди.

Форумнинг иккинчи куни доирасида «Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарслари» ўтказилиши режалаштирилган. Унда дунёнинг турли университетларининг инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи профессорлари Ўзбекистоннинг юридик таълим муассасаларида (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Нукус ва бошқалар) инсон ҳуқуқларини ўқитиш бўйича «маҳорат дарслари» ўтказадилар. Ушбу «маҳорат дарслари»га кириш ҳам офлайн, ҳам онлайн иштирокчилар учун тақдим этилади. Бундай маърузаларни эълон қилиш форум бошланишидан олдинроқ амалга оширилади.

 
 
21-Noyabr, 2022-yil 13:02 |