Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

САМАРҚАНДДА ОКСФОРД ХАЛҚАРО МАКТАБИ ОЧИЛДИ

САМАРҚАНДДА ОКСФОРД ХАЛҚАРО МАКТАБИ ОЧИЛДИ

Самарқандда хусусий мактаблар сони яна биттага кўпайди. Бугун шаҳримизнинг серқатнов Амир Темур кўчасида, Давлат хизматлари агентлиги ёнгинасида Oxford International School – Оксфорд халқаро мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда мактабнинг бўлажак ўқувчилари, ота-оналар, педагоглар иштирок этди. Вазирлар маҳкамиси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов сўзга чиқиб, мамлакатимизда таълим тизимида кейинги йилларда юз берган ижобий ўзгаришлардан бири нодавлат таълим муассасаларига қаратилаётган эътибор эканлигини уқтирди. Вилоятимизда 25 та хусусий мактаб мавжуд бўлиб, улардан 13 таси Самарқанд шаҳрида жойлашган. Эндиликда хусусий мактаблар ҳам худди давлат мактаблари каби ҳуқуқлардан фойдаланади.

Бунинг учун, Ғ.Бобохолов уқтирганидек, улар давлат стандартларига жавоб беридиган салоҳиятга эга бўлиши лозим. “Биз Oxford International School таъсисчиси, тажрибали педагог ва таълим тизими ташкилотчиси Ботир Жўраев билан ёнма-ён ишладик. Фаолияти учун рухсат берувчи лицензия олиши учун нималар кераклиги ҳақида маслаҳат бериб турдик. Барча талаблар бажарилгач, мактаб тўлақонли фаолият бошлади”, – деди нотиқ.

Oxford International School таъсисчиси Ботир Жўраев ўз чиқишида йиғилганларга келганлари учун миннатдорчилик изҳор этиб, мактабда ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритди. Мактабда ўқувчилар соат 9-00 дан 17-00 гача бўлишади. Улар икки марта овқатланадилар, уларга уст-бош берилади. Энг асосийси, ўқувчиларга малакали педагоглар дарс беради.

Педагогларнинг аксарияти Fast Education ўқув марказида таҳсил олиб, турли халқаро сертификатлар соҳиблари ҳисобланади. Oxford International School таълим жараёнида Fast Education томонидан деярли 20 йил давомида тўпланган тажрибадан фойдаланилади. Яъни ушбу халқаро мактаб бўш жойда пайдо бўлган эмас, у кучли база ва тажрибали педагогларга эга таълим масканидир.

Мактабни битирганларга давлат стандартидаги ҳужжат берилади ва у Ўзбекистон ёки хориждаги исталган олий ўқув юртига кириш ҳуқуқини беради. Мактаб дунёнинг 80 дан ортиқ университети билан алоқа ўрнатган. Ўқишни битирганлар кириш учун улардан бирини танлаши мумкин.

Мактаб ҳақида барча маълумотларни жойида олиш мумкин.

Тошпўлат Раҳматулллаев

 
 
July 26, 2022, 10:28 a.m. |