МУНОСАБАТ: СЕКТОР РАҲБАРИ КЕНГАШ ҚАРОРИ МАЗМУНИНИ ТАДБИРКОРЛАРГА ЕТКАЗГАН
EFFECT.UZ телеграм саҳифасида "Самарқанд шаҳар прокурори “запчасть” бозордаги тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний равишда аралашди" сарлавҳали хабар тарқалди.
Мазкур хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Хабар берилганидек, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ШҲТ саммити ўтказилган эди. Ушбу нуфузли тадбирни юқори даражада хавфсиз ва сифатли ўтказиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланган эди.
Ушбу нуфузли тадбир ўтказилган кунларда ҳам шаҳардаги бозорлар фаолияти одатдаги тартибда давом эттирилган эди. Бироқ, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг 2022 йил 5 сентябрдаги қарорига кўра, биргина М-37А “Самарқанд халқа йўли” автомобил йўлининг 40-43 км.лари оралиғида жойлашган “Самарқанд Сиёб Савдо” унитар корхонаси (автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозори)да савдо фаолияти 5 сентябрдан 20 сентябргача тўхтатилган эди.
Бу ҳақда шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари томонидан ҳам расмий баёнот берилган.
Шу ўринда таъкидлаймизки, “Самарқанд Сиёб Савдо” унитар корхонасида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга Кенгаш қарорини етказиш мақсадида 4 та сектор раҳбари ҳам тушунтириш олиб борган. Жумладан, Самарқанд шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари Б.Облақулов ҳам ушбу қарор мазмуни билан тадбиркорларни таништириш мақсадида улар билан учрашган.