МУНОСАБАТ-2: АҲОЛИ 700 МИЛЛИОН СЎМДАН ОРТИҚ ТОВОН ПУЛИ ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА
Яқинда kun.uz сайтида эълон қилинган "Самарқанд шаҳри марказидаги «снос»: аҳоли тақдим этилаётган компенсациядан норози" сарлавҳали мақола юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 октябрьдаги 01-05/1-856-сонли “Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик потенциали ва шаҳарсозлик концепсиясини ривожлантириш бўйича сайёр йиғилиш” баёнининг 7, 8, 12 ва 13-бандлари ижросини таъминлаш, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил 1 ноябрьдаги 2093-Қ сонли “Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик потенциали ва шаҳарсозлик концепсиясини ривожлантириш муносабати билан турар ва нотурар-жой бино-иншоотларни бузишга рухсат бериш тўғрисида”ги қарори ҳамда Халқ Депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 2022 йил 18 мартдаги ВИ-59-62-7-0К/22-сонли “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд шаҳар Мустақиллик ва Хўжа Юсуф маҳаллалари ҳудудидаги Бўстонсарой, Юсуф Ҳамадоний, Улуғ Турсунов ва Хусайн Бойқаро кўчаларида жойлашган турар ва нотурар-жой бино-иншоотларини кўчириш режалаштирилган бўлиб, умумий ҳисобда 39 та турар ва нотурар жойлар кўчирилиши (бузилиши) белгиланган.
Бугунги кунда ҳудудда мулкдорлар билан келишув ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 39 та объектдан 15 нафар мулкдор билан келишув амалга оширилиб, товон пуллари тўлиқ тўлаб берилган, товон маблағлари олингандан сўнг мулкдорлар шахсан барча қурилмаларни демонтаж қилиб, фойдаланишга яроқли қурилиш материалларини олиб кетишмоқда. 24 нафар фуқаролар уй-жойларининг бозор қийматидан бир неча баробар ортиқ маблағ талаб қилаётганлиги сабабли Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилинган.
Фуқаро Гараев Ботир фойдаланишида бўлган уй-жой Х.Сулайманова номидаги РСЕНМ экспертлари томонидан 92,0 миллион сўмга баҳоланган аммо, шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жойга товон тариқасида 324,85 миллион сўм таклиф қилинган бўлсада, мулкдор умумий майдони 74,1 кв.метр бўлган хонадон баҳосидан бир неча баробар кўп, яъни 700,0 милллион сўм пул ундириш мақсадида ҳамда бошқа фуқароларни провакация қилиш учун халқнинг тинчлигини бузиш орқали ижтимоий тармоқларга мурожаат қилган. Вахоланки, видео лавҳадаги бузилган уй-жойлар эгалари томонидан ўз розиликларига асосан компенсация пулларини олгандан сўнг уй-жойларни ўзлари бузиб кетишган.
Видео лавҳада қайд этилган объектлар бўйича барча ишлар жамоатчилик ва ваколатли органлар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Кўчирилиши белгиланган ҳудуддаги маданий мерос объектларига ҳеч қандай зарар етказилмаган. Барча ҳаракатлар Самарқанд вилояти Маданий мерос агентлиги ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда олиб борилиши тўлиқ таъминланган.
Шу ўринда бир масалага эътибор қаратиш лозим, фуқаро Б.Гараев ўз хохишига асосан мустақил баҳоловчи ташкилотга мурожаат қилган, ташкилот унинг фойдаланишида бўлган хонадоннинг бозор қиймати 800 млн. сўм эканлигини таъкидлаб хулоса тақдим этган, бироқ ташкилот мутахассисларини ўз хулосасини асослаб бериш учун таклиф этилганда, бу уларнинг вазифасига кирмаслигини, мижоз сўраган нархда баҳолаб беришганликларини айтиб ўтишди.
Шунингдек, фуқаро Ваҳобова Нигора умумий майдони 74,8 кв.метр бўлган хонадон баҳосидан бир неча баробар кўп, яъни 877,6 миллион сўм, фуқаро Халилова (Нарбекова) Умида эса умумий майдони 39,09 кв.метр бўлган хонадон баҳосидан бир неча баробар кўп, яъни 822,6 миллион сўм пул товон талаб қилмоқда.
Сўз сўнгида айтиш лозимки, ҳеч бир фуқаро норози қилинмаган, қилинмайди ҳам. Уй-жойи бузилишга тушган фуқароларнинг товон пули ҳаражатлари қатъий назорат қилиниб, эгаларига бериб келинмоқда.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.