КАДРЛАР ШАФФОФ ТИЗИМ АСОСИДА ТАНЛАНЯПТИ
Ҳар қандай давлатнинг келажаги ва унинг тараққиёти юқори малакали, замонавий билимларга эга кадрларга бевосита боғлиқ. Учинчи Ренессанс сари қадам ташлаётган Янги Ўзбекистонда ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, истиқболли кадрларни аниқлаш, саралаш ва улар билан тизимли равишда ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, исталган фуқаронинг давлат фуқаролик хизматидаги бўш лавозимни эгаллаши борасидаги янгилик ва ўзгаришлар бунга яққол мисол бўла олади. Бу борада ўтган даврда давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали - vacancy.argos.uz платформаси орқали шаҳар ҳокимлиги томонидан 650 вакант лавозимлар бўйича очиқ танловлар эълон қилинди. Ушбу вакант лавозимларга 11 минг 750 нафардан ортиқ номзодлардан ҳужжатлар келиб тушди.
Дарвоқе, давлат фуқаролик хизматига кириш учун ҳужжат топширган номзодларнинг 25 фоизи, яъни 4 мингдан ортиғи хотин-қизларни ташкил этади.
Қайд этиш лозимки, бундай тизим давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятларидан фойдаланиш, таниш-билишчилик ва коррупцияга чек қўйиш ва асосийси, давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант ўринларни малакали мутахассислар билан таъминлашга олиб келади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, эълон берилган битта вакант ўринга ўртача 17-20 нафар номзод ҳужжат топширган. Ҳужжат топширган 650 нафар танлов ғолибларининг 297 нафари 30 ёшгача, 78 нафари давлат хизматига биринчи марта қабул қилинганлардир.
Портал орқали шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратининг ўзига 5 нафар малакали кадрлар ишга қабул қилинганини таъкидлаш жоиз.
Албатта, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиниш борасида, айниқса ёшларга зарур шароит яратиб бериш муҳим аҳамиятга эга. Яъни, катта ҳаётга энди кириб келаётган авлод вакилларининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишлари, ўз ғоялари, таклифлари ва лойиҳаларини дадил олиб чиқишларига имконият яратиб бериш мамлакат тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади.
Шу маънода, кейинги йилларда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ёшлар, айниқса олий таълим муассасаларининг битирувчи бакалаврлар ҳамда магистратурада таҳсил олаётган талабалардан истиқболли кадрлар заҳираси шакллантирилди. Самарқанд шаҳрида захирага олинган 368 нафар битирувчилардан бугунги кунда 367 нафари турли давлат идораларига ишга жойлаштирилган.
Таъкидлаш керакки, ёшларни давлат хизматига қизиқтириш, улар орасидан истеъдодли ва энг малакалиларини саралаб олиш билангина чекланганимиз йўқ. Биз уларга мотивация беришга ҳам ҳаракат қиляпмиз. Бунда улар билан халқ ва давлат хизматига садоқат билан хизматда бўлиш руҳини сингдириш учун вилоятдаги таниқли инсонлар, депутат ва сенаторлар, олимлар ва зиёлилар билан давра суҳбатлари ўтказиш анъанаси йўлга қўйилган.
Натижада истиқболли кадрлар захирасига олинган ёшлардан 7 нафари олий таълим муассасаларига, 40 нафари халқ таълими тизимига, 31 нафари тиббиёт соҳасига, иқтисодиёт ва банк-молия, касб-ҳунар мактаблари ва техникумларга ҳамда қурилиш ва сув хўжалиги йўналишига 4 нафардан мутахассис ана шу тизим орқали ишга жойлашди. Мисол учун 2021 йилда Самарқанд давлат тиббиёт университетини битирган Б.Дониёров 8-оилавий поликлиникада, Самарқанд давлат университети битирувчиси М.Мавлановни 51-умумий ўрта таълим мактабида меҳнат фаолиятини бошлашди.
Бугунги кунда шаҳар ҳокимлиги томонидан вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасига олинган талаба-ёшлар билан тизимли иш олиб борилмоқда. Уларни мансаб поғоналарида босқичма-босқич ўстириш юзасидан мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Яъни, олий ўқув юртларини битираётган йигит-қизларни давлат фуқаролик хизматига қизиқишларини, уларни давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти, уларда давлат фуқаролик хизматида хизмат ўташ учун керакли бўлган билим ва амалий кўникмаларини, шунингдек, ўзини-ўзи ривожлантиришга, билимлари доирасини кенгайтиришга интилишларини қўллаб-қувватлаш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасизлик руҳида тарбиялаш чоралари кўрилмоқда.
Хабарингиз бор, яқинда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда белгиланган талаб ва нормалар бугунги кунгача амалга оширилган ишлар ва яратилган тизимни янги босиқчга олиш чиқиши шубҳасиз. Зотан, қонунда давлат фуқаролик хизматчиларининг барча муносабатлари ҳуқуқий тартибга солинганлиги билан аҳамиятлидир.
Алимардон РАҲМАТУЛЛАЕВ,
шаҳар ҳокимлиги ташкилий-кадрлар
гуруҳи раҳбари