Ishonch telefoni
Ish vaqti: uzluksiz

+99866-233-24-96

БМТ БУТУНЖАҲОН ТУРИЗМ ТАШКИЛОТИ БОШ АССАМБЛЕЯСИНИНГ ЮБИЛЕЙ СЕССИЯСИ САМАРҚАНД ШАҲРИДА ЎТКАЗИЛАДИ

БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилади

Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси давом этмоқда. Қайд этиш лозимки, мазкур тадбир дунёнинг 30 мамлакатидан 300 нафардан ортиқ соҳа вакилларини ўзида жамлаган. Ярмарка доирасида мутахассислар иштирокида форум ва сессиялар, модалар намойиши, B2B учрашувлари, гастробозор, халқаро ошпазларнинг маҳорат дарслари ўтказилмоқда.

Россия Туроператорлари ассоциацияси (AТОР) ижрочи директори Майя Ломидзенинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Россия туризми сегментида энг тез ривожланаётган бозорлардан бири бўлиб, чиқиш туризми ҳажми кириш туризми ҳажмидан тезроқ ўсиб бормоқда. Хусусан, жорий йилда Россиядан Ўзбекистонга классик туристлар оқими 20-25 фоизга ошган. Кўплаб ўзбекистонлик сайёҳлар ҳам Россияга бориш истагини билдирган.  

Ярмаркада Фарғона вилоятининг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш орқали келгуси йилларда маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини икки баробарга ошириш мақсадида туризм соҳаси вакиллари ва соҳа тадбиркорлари томонидан 2 мингдан ортиқ маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизмат турлари бўйича тарғибот буклетлари тарқатилди.  

Республиканинг етакчи туристик корхоналари билан 551 дан ортиқ келишувларга эришилди. Жумладан, “Dilrabo tourism and logistics” МЧЖ, “Фарғона водий сайёҳ” ҳамда “Kokand tourism” туроператорлик корхоналари томонидан кўргазмага ташриф буюрган Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Озарбайжон ва Малайзия давлатлари вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, кириш ва чиқиш туризм йўналишлари бўйича битим келишувларга эришилди. Бундан ташқари, Қозоғистон билан ҳунармандчилик йўналишида ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

Айни дамда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси томонидан ўзаро, ҳам республика, ҳам хорижий давлатлар ташкилотлари билан 257 та шартнома имзоланди.  

Шунингдек, “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида 2023 йилда туризм соҳасини ривожлантиришда Қирғизистон Республикасидан Навоий вилоятига туристлар оқимини юбориш бўйича ҳам  таклифлар қабул қилинди. Қайд этилишича, 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳар ой давомида Навоий вилоятига Қирғизистон Республикасидан 5 мингга яқин сайёҳларни жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.  

Қирғизистон Республикаси вакиллари Навоий вилоятининг сафари туризми, зиёрат туризми ва эко туризм объектларига қизиқиш билдирган ва айнан шу туризм турларини ривожлантириш мақсадида вилоятга инвестиция киритиш бўйича икки томонлама меморандум имзоланди.  

Ярмарканинг биринчи кунида самарқандлик тадбиркорлар ҳамда Самарқанд вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси томонидан 400 га яқин ҳамкорлик шартномалари имзоланишига эришилди.  

Шунингдек, ярмарка доирасида Самарқанд гастрономияси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Самарқандча ош ва кабоблар тайёрланди ҳамда иштирокчиларга тарқатилди. Имзоланган шартномалар Самарқанд вилояти туризм салоҳиятини янада тарғиб этиш орқали туристик хизматлар экспортини ошириш, аҳолининг хизматлар соҳасида бандлигини таъминлаш ҳамда хорижий ва маҳаллий туризм соҳаси вакиллари билан Самарқандга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2023 йилнинг куз фаслида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ўтган йили Испанияда бўлиб ўтган 24-сессия доирасида UNWTOга аъзо давлатлар туризм идоралари раҳбарлари орасида ўтказилган овозга қўйиш жараёнида Ўзбекистон Португалияни ортда қолдириб, ушбу тадбирнинг юбилей маросимини Самарқанд шаҳрида ўтказишга қарор қилинди.  

UNWTO Бош ассамблеяси юбилей сессияси мингдан зиёд хорижий меҳмонларни жалб қилади. Бу эса маҳаллий халқ ва ҳунармандларнинг даромадини ошириш баробарида миллий иқтисодиёт ривожига ижобий таъсир кўрсатади.  

 
 
2-Dekabr, 2022-yil 16:43 |