100 ёшли Марям она ҳақида фильм олинса қанийди!

 doc xls

Юз ёшга кириш сирлари нимада, деган савол ва унинг жавоби бугунги ўқувчи учун жуда жўн ва гўёки журналистнинг ўз тушунчаларидан келиб чиққан жавобга ўхшаб туюлади. Аммо яқиндагина шу ёшни қарши олган Самарқанд шаҳрида яшовчи Марям Дўстметованинг сўзларини тинглар экансиз, нафақат бу ёш сирлари, балки яшашнинг моҳияти нимада эканлигини ҳам яхши англайсиз. Энг қизиғи, онахон бу ҳақда ўзи аниқ-тиниқ гапириб берадилар. Йиллар, саналар, фамилиялар - онахон ҳаёти давомидаги бу каби маълумотларни адашмай айтиб бера олади.

- 1941 йил биз бир гуруҳ талабалар Самарқанддаги медицина институтининг илк қалдирғочлари бахтдан масрур эдик, аммо қувончимиз кўп чўзилмади, уруш бошланиб, курсдошларимнинг барчаси қирғинбаротга, ўша пайтлар айтилганидай, юрт ҳимоясига отланишди, - дея ўша йилларни эслайди Марям она. -  Мени эса Самарқанд туманига шифокор сифатида жўнатишди. Одатда ўша пайтдаги тартиб-қоидалар бўйича мен ушбу туманда беш йил ишлашим керак эди, аммо 50 йил ўша ерда қолиб кетдим. Тиш, кўз ва яна бир-икки касалликлардан ташқари барчасини даволадим. Турли вазифаларда ишладим, оддий шифокорликдан туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорлигигача бўлган лавозимларда меҳнат қилдим. Ҳалол ишладим, виждонимга, Гиппократ қасамёдига хиёнат қилмадим. Одамларга ёрдам бераётганимдан куч олардим, ҳаётимнинг мазмуни шу билан бойирди. Минглаб одамларга фойдам тегаётганидан таскин топардим, шу билан ҳаёт қийинчиликларини енгардим, шифо топган одамлар менга куч берарди.

- Хўжа Аҳрори Вали мажмуаси яқинидаги ҳукумат томонидан берилган кичик уйда катта бўлганмиз, - дейди Марям онанинг ўғли Марат Деушев. -  Эсимда хоҳ саҳар, ҳоҳ ярим кечаси бўлсин, турли касалликлар билан одамлар дераза, эшикларимизни тақиллатиб келаверарди. Онам ҳеч қачон уларга чарчадим, дам олишим керак, демасдилар. Биринчи ёрдам албатта, кўрсатиларди. Онамнинг сумкаси ҳамон ёдимда, унинг ичида биринчи ёрдам кўрсатиш учун барча асбоблар бор эди. Ўша пайтлар туберкулёз хасталиги айни урчиган давр эди. Онам ушбу касалликнинг ўчоқларини бартараф этишда бор хизматини аямаган. Эҳтимол, шунинг учун узоқ йил яшаш насиб этгандир, онамга. Ахир қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Шу ёшларига қадар давлатимизнинг 20 га яқин мукофотлари билан мукофотландилар.

Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака маҳалласида истиқомат қилувчи Марям Дўстметовани ушбу қутлуғ ёши билан шаҳар ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси ва маҳалла фаоллари қутлаб, онахонга саломатлик тиладилар.

Онахон билан суҳбатлашарканмиз, шундай инсонлар ҳақида фильм олинса, деган хаёлда қолдик.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

Каналга уланиш: https://t.me/samshahar

www.facebook.com/samshaharhokim

2015-2019 © Maked by: SAKTRM