БОЛАЛАР УЧУН МАХСУС САЙТ ИШ БОШЛАДИ

 doc xls

Адлия вазирлиги 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни болалар байрами арафасида улар учун махсус сайт тайёрлади.

Ушбу сайт ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини ошириш, болаларда кичик ёшданоқ қонунга ҳурмат руҳини тарбиялаш мақсадида ташкил этилган.

Маълумот учун: “Bola huquqlari” сайти “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан яратилган. Сайт мазмуни икки турдаги аудиторияга мўлжалланган: 14 ёшгача бўлган болаларга ва ота-оналарга.

Болаларга мўлжалланган контент қисми элементар тартиб-қоидаларни ўргатишдан тортиб мактабгача таълим, мактаб таълими, саломатлик, йўл ҳаракати қоидалари, одоб-ахлоқ қоидалари, табиатни муҳофаза қилиш, Конституция, бола ҳуқуқига оид конвенция ва бошқа ҳужжатлар ҳақида маълумот беришгача бўлган турли мазмундаги материаллардан ташкил топган.

Ота-оналар учун эса бурч ва мажбуриятлар, фарзанд асраб олиш, турли ҳаётий вазиятларда ота-оналик мажбуриятларини бажариш ва ҳуқуқларидан фойдаланиш каби муҳим масалаларга оид ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

Сайт фақат назарий маълумотлардан иборат эмас. Болаларнинг ҳуқуқий билимларни кўнгилочар-интерактив ўйинлар, мантиқий масалалар, тестлар ёрдамида ўзлаштиришига катта эътибор қаратилган. Сайтнинг махсус «Huquqiy o‘yinlar» бўлимида болажонлар виртуал оламда вақтларини қизиқарли ва фойдали ўтказишига имкон яратилган.

Болаларга ҳуқуқий билимларни эгаллашга рағбат уйғотиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Бунинг учун сайтда болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ҳамда уларнинг билимини баҳолаб борувчи ўйинлар, топшириқлар асосидаги рейтинг тизими ишлаб чиқилган.

Сайтнинг “Sizning lug‘at” бўлими алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу бўлимда юридик атамалар ва тушунчалар болалар учун тушунарли, содда тилда изоҳлаб берилган. Бунда ёш фойдаланувчиларнинг ҳаётидан мисоллар келтириш орқали сўзларнинг таърифи бойитилган. 
Техник жиҳатдан содда ва қулай ечимга эга “Bola huquqlari” тез орада кичкинтойларнинг виртуал оламдаги севимли масканларидан бири бўлиши эҳтимоли катта.

Халқимизда “Юз марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган маъқул” деган нақлга амал қилган ҳолда, интернет тармоғидаги http://bolahuquqlari.uz/веб-манзил орқали веб-сайтга ташриф буюриб, унинг имкониятлари билан танишишни тавсия қиламиз.

Манба: samarkand.uz

2015-2019 © Maked by: SAKTRM