Шаҳар ҳокимининг маърузалари

 

 

 

Самарқанд шаҳри, 2018 йил 3 август
“Ёшлик” истироҳат боғи соат 11.00

Ассалому алайкум, қадрли темирйўл соҳасида фидойилик кўрсатиб, самарали меҳнат қилаётган темирйўлчилар ва шу тизимда кўп йиллар давомида фаолият кўрсатиб, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшган азиз фахрийлар!

 

Эътироф этиш жоизки, Юртбошимиз олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли инсон қадр-қиммати кун сайин юксалиб, унинг манфаатлари муносиб ҳимоя қилинмоқда. Айни пайтда ҳар бир касб ва ҳунар эгасининг ўз соҳасидаги фаолияти юксак қадрланиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани, рағбатлантирилаётгани таҳсинга сазавор. Айниқса, юртимиз равнақи, соҳалар тараққиёти, халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган темирйўл соҳаси ходимларининг меҳнати ҳам Юртбошимизнинг эътибор марказида эканлиги қувонарлидир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев
2017 йилнинг 2 августида имзолаган фармонга мувофиқ, август ойининг биринчи якшанбаси “Темирйўл транспорти ходимлари куни”, деб эълон қилингани фикримизнинг тасдиғидир.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён захматкаш темирйўлчиларимизнинг меҳнати натижасида улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Аср қурилиши”, деб ном олган “Тошғузар-Бойсун-Қумқўрғон” ва “Ангрен-Поп”, “Бухоро-Мискин” темирйўллари барпо этилди. Қувонарлиси, темир йўл етиб борган манзилларда ҳаёт суръатлари бутунлай ўзгариб, янгидан-янги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, корхона-ташкилотлар барпо этилиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги янада яхшиланди. Бу ислоҳотлар натижасида Республикамиз иқтисодиёти ўсиб бораётгани эътирофга лойиқ.

 

Азиз юртдошлар!

 

Жорий йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрига биринчи бор темир йўл кириб келганига 130 йил тўлганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу ўтган вақт давомида мамлакатимизнинг темирйўл соҳасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди, соҳада туб ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, “Тошкент-Самарқанд”, “Тошкент-Қарши”, “Тошкент-Бухоро” йўналишларида ҳаракатланувчи Испанияда ишлаб чиқарилган “Тальго” – “Афросиёб” тезюрар поездларининг қатнови йўлга қўйилганини
фахр-ифтихор билан тилга олишимиз мумкин.

250 км. тезликда ҳаракатланувчи ушбу поезд бир зумда узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилмоқда.

 

Бундан ташқари, Президентимизнинг ташаббуси, ўз касбининг билимдони ва фидойиси бўлган темирйўлчиларимизнинг саъй-ҳаракати билан шаҳримиз ҳудудида икки йўналишли 25 км. узунликдаги трамвай қатнови йўлга қўйилди. Натижада гўзал ва ҳамиша навқирон Самарқанд аҳли ва меҳмонларининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи қониқтирилмоқда. Бугунги кунда ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом этмоқда.

 

Ҳурматли соҳа ходимлари!

Ана шундай шукуҳли дамларда сиз азизларни касб байрамингиз билан муборакбод этаман! Шарафли, ўз навбатида, масъулиятли касбингизга ривож тилайман! Барчангизнинг хонадонингизда тинчлик ва осойишталик, оилавий бахт тилайман! Фарзанду набиралар бахту камолини кўриб, она Ватанимиз равнақига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшишингизда Яратганнинг ўз мададкор бўлсин! Ҳамиша соғ-саломат бўлинг, азиз темирйўлчилар!

 

ЭЪТИБОРИНГИЗ УЧУН РАҲМАТ!

2015-2019 © Maked by: SAKTRM