Шаҳар ҳокимининг маърузалари

 

Самарқанд шаҳри, 2018 йил 27 июнь
Шаҳар ҳокимлиги мажлислар зали соат 9.30

Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар!

Жамият ва давлат кўзгуси — оммавий ахборот воситалари ходимлари билан юзма-юз учрашиб турганимиздан хурсанд эканимни билдирмоқчиман. Сиз азизларни касб байрамингиз билан табриклашга рухсат бергайсиз.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳалар қаторида оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганини алоҳида қайд этмоқчиман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида “Кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз юритганда, биз, аввало, доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва ҳаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олижаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз”, дея таъкидлаган эди. Бу сиз, азизларга берилган энг холис ва ҳаққоний баҳодир.

 

Азиз журналист ижодкорлар!

Шаҳар ҳокими сифатида журналистлар меҳнатини доимо қадрлайман.

Бинобарин, ҳақиқий журналистдаги заковат, иқтидор, ҳалоллик ва одиллик, вазиятга объектив ва холис баҳо бериш каби хислатлар ҳамиша жамиятнинг бошқа қатламларига ибрат бўлиб келган.

Оммавий ахборот воситалари доимий ҳамроҳимиз ва кўмакчимиз, десам асло янглишмаган бўламан. Зотан, шаҳримизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги янгиликлар, ўзгаришлар ОАВда ўз аксини топади. Бинобарин, ОАВни бежиз жамият кўзгусига ўхшатишмайди. Чунки жамиятимизнинг турли соҳаларида учраб турган муаммо ва камчиликлар турли нашрларда кенг ёритилмоқда. Бу эса бизга ўз вақтида муаммо ва камчиликларга барҳам беришда қўл келмоқда.

Ушбу ижодий жамоаларда меҳнат қилаётган қалам аҳли, ижодкорларнинг заҳматли меҳнати давлатимиз томонидан эътироф этилиб, муносиб тақдирланмоқда.

Ўтган йил биргаликда нишонлаган ушбу байрамдан бугунги байрамгача вилоятимиздаги оммавий ахборот воситалари вакиллари катта ижодий ютуқларни қўлга киритди.

Самарқандлик ижодкорлар “Олтин қалам” Миллий мукофотининг турли номинациялари бўйича 11 марта мукофотланди.

Бу йил “Овози Самарқанд” газетаси таҳририяти “Олтин қалам” халқаро танловида иккинчи ўринни қўлга киритгани барча самарқандликларни, журналистларни беҳад хурсанд қилди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг “Самарқанд” газетаси биноси яқинда тўлиқ реконстркуция қилиниб, замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминланди.

Газеталар материаллари кейинги пайтларда фейсбук ижтимоий тармоғи, телеграм мессенжерлари орқали ҳам аҳолининг кенг қатламига, хориждаги юртдошларимизга етказилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Вилоят телерадиокомпанияси барча шарт-шароитга эга бўлган бинода фаолият кўрсатмоқда.

Теле ва радиостудиялар, шинам кабинетлар, замонавий техник жиҳозлар теле ва радио ижодкорларнинг эфир вақтини суткада 18 соатга етказишга замин яратди.

СТВ телеканалининг кўрсатув ва эшиттиришлари ҳам юртдошларимиз қалбидан чуқур жой олаяпти, аудиторияси эса мунтазам равишда кенгайиб бормоқда.

Республикамизнинг марказий газета-журналлари, радио ва телевидение каналларининг 50 нафарга яқин вакиллари ҳам вилоятда, жумладан, шаҳримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини тезкорлик билан ёритишда фидойилик кўрсатмоқда.

Сўнгги пайтларда Кун.уз, Хабар.уз, Зарневс.уз, Нуз.уз, Дарё.уз ва бошқа шу каби оммабоп интернет нашрлари ҳам шаҳримизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини холис ёритиб келаётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз.

Қадрли дўстлар!

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва яратувчилик ишларини тезкор ва холис ёритиб боришингизда муваффақиятлар тилайман. Қаламингиз доимо ўткир, ижодий парвозингиз юксак бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2019 © Maked by: SAKTRM