МАВСУМ УЧУН 10 699,6 ТОННА ОЗИҚ-ОВҚАТ ЖАМҒАРИЛАДИ

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг ўн тўртинчи сессияси муҳокамасида асосий эътибор шаҳарда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорларда нарх-навони сақлаш чора-тадбирларига қаратилди.

Сессияга Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раиси Б. Облоқулов раислик қилди. Кун тартиби, сессия котиби тасдиқлангач депутатлар кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишга киришишди.

Биринчи масала – шаҳарда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда нарх-навони сақлаш чора-тадбирлари бўйича сектор раҳбарлари ахборот беришди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан ҳар бир туман ва шаҳар 2021 йил май ойига қадар аҳоли эхтиёжи учун талаб этиладиган гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотлари ҳажмини яна бир бор аниқ ҳисоб-китоб қилиб, ушбу маҳсулотлар захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш, бу ишларни молиялаштириш учун озиқ-овкат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этиш кўзда тутилган. Президентимизнинг мазкур топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокимининг 2020 йил 19 октябрь куни 651-Қ-сонли қарори қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шу асосда Самарқанд шаҳрида 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсуми учун жами 10 699,6 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — картошка 5 631,3 тн., пиёз 2 393,3 тн., сабзи 1 689,4 тн., гуруч 985,5 тн. захирасини яратиш белгиланган.

Шундан, 865 тоннаси шаҳардаги ижтимоий соҳа объектлари (халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим) томонидан жамғарилиши, қолган 9 834 тоннаси хўжалик ҳисобидаги корхоналар томонидан жамғарилиши лозим.

Маҳсулотларни захирага жамғариш бўйича бугунги кунда 6 та деҳқон бозори ва савдо комплекслари жалб қилинган бўлиб, барча корхоналар томонидан маҳсулотларни сотиб олиш бўйича шартномалар тузилган. Айни пайтгача жами 3 101 тн. маҳсулот, шундан 1001 тн. картошка, 1 911 тн. пиёз, 200 тн. гуруч жамғарилди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан захира учун 10,5 млрд. сўмлик кредитлар ажритилиши белгиланган бўлиб, ушбу мақсадларда 6 та корхонага 1,5 млрд. сўмлик кредит берилди.

Маҳсулотларни сақлаш бўйича шаҳримизда бугунги кунда сиғими 23,7 минг тоннага тенг 11 дона совутгичли объектлар (12,3 минг тонналик омборхона, 11,4 минг тонналик музлатгич) мавжуд бўлиб, уларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва мевалар сақлаш мумкин.

Сессияда озиқ-овкат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этиш ва унинг самарали фаолиятини юритиш борасида билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

Депутатлар сессия давомида Самарқанд шаҳрининг барча кўрсаткичларини жорий йил якунигача 30 фоизга ошириб бажаришга қаратилган амалий чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани атрофлича кўриб чиқишди.

Ушбу масала юзасидан шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Эгамовнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари нитажасига кўра Республикамизда 33 та “қониқарсиз”, 119 та “ўрта” ва 48 та “яхши” туман-шаҳарлар ажратилган. Бу кўрсаткичда шаҳримиз “яхши”лар сафида қайд этилган. Шу боис, йил якунига қадар барча кўрсаткичларни 30 фоизга ошириб бажаришимиз лозим.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳрида 2020 йил 1 октябрь ҳолатига фаолият юритаётган саноат корхоналари сони 1 546 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига (1516 та) 30 тага кўпайган. Шундан 1 518 тасини (98,2%) кичик ва 28 тасини йирик саноат корхоналари ташкил қилади.

Шаҳрмизда 2019 йилнинг якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6 трлн. 807,6 млрд. сўмни ташкил қилиб, аҳолига жон бошига 12 548,6 минг сўмга тўғри келган. Жорий йилнинг 9 ойи якуни билан эса 5 трлн. 618,7 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, аҳоли жон бошига 10 243,7 минг сўмга тўғри келади. Йил якуни билан ушбу кўрсаткични 30 фоизга ошириб, 7 трлн. 304 млрд. сўмга, аҳоли жон бошига 13 316,8 минг сўмга етказиш белгиланган. Бунинг учун йил якунига қадар сектор раҳбарлари ва мутассади ташкилотлар билан биргаликда барча зарурий чора-тадбирларни кўрган ҳолда 1 трлн. 685,7 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилишини таъминлаш зарур.

Хусусан, биринчи навбатда шаҳарда 9 ой якуни билан ишлаб чиқариш ҳажмини - 388,0 млрд сўмга камайтирган 12 та йирик саноат корхонасини тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаган ҳолда, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишига яқиндан кўмаклашиш зарур.

Депутатлар бу борадаги вазифалар бўйича ўз таклифларини билдириб, аниқ чора-тадбирларни белгилашди.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири И. Негматовнинг “Аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш аҳволи ҳақида”ги ахбороти эшитилди.

Таҳлилларга кўра, Халқ қабулхонасига жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида жисмоний ва юридик шахслар томонидан жами 936 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан ҳудуддаги ташкилотларга юборилган мурожаатлар сони 503 тани, юқори ташкилотларга юборилганлар 215 тани, Халқ қабулхонасида кўриб чиқиш учун қолдирилганлари 168 тани ташкил этган. Мазкур мурожаатларнинг 330 таси ижобий, 265 таси ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали, 217 таси тушунтириш бериш орқали қаноатлантирилган, 9 та мурожаатлар тегишли асосларга кўра кўриб чиқишликдан рад этилган, 114 та мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.

Сессия давомида депутатлар Самарқанд шаҳридаги жамоат жойлари ҳамда кўчаларда ит ва мушукларни олиб юриш, аҳоли пунктларида ит ва мушукларни сақлаш қоидаларига амал қилиш ҳолати, Самарқанд шаҳрининг меҳнат бозоридаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича “ижтимоий лойиҳа”си, шаҳардаги академик лицейларда ўқув жараёнини анъанавий бошлашга тайёрлиги ҳолати ва уни бошлашда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши бўйича олиб борилаётган ишлар, “саховат ва кўмак” хайрия жамғармасига келиб тушган ҳомийлик маблағларини сарфланиши ҳамда эндиликда амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар тўғрисида”ги масалаларни ҳам атрофлича кўриб чиқишди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари - шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимида амалга оширилган ўзгаришлар — нафақага чиққан Бадриддин Насриев ўрнига Аҳмаджон Маматовнинг тайинлангани депутатлар томонидан тасдиқланди.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг ўн тўртинчи сессиясида кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, сессия ўз ишини якунлади.

2015-2020 © Maked by: SAKTRM