Темурийзода Шоҳрух Жанубий Ҳиндистондаги энг йирик давлати подшоҳига нима тортиқ қилган эди?

Ватанимиз тарихидаги 17 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1421 йил (бундан 599 йил олдин) – ҳижрий 824 йил шаввол ойининг ўн тўққизинчиси (1421 йил 17 октябр)да Темурийлар ҳукмдори Мирзо Шоҳрух Машҳаддаги Али ибн Мусо ар-Ризавийнинг қабри зиёратидан қайтиб, ҳукмдорлик тахти жойлашган Ҳиротга етиб келди. Тарихчи олим Фасиҳ Ҳавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида Шоҳрухнинг мазкур уламо қабрини зиёрат қилишга бир неча бор ташриф буюргани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Шоҳрух мирзо ўзининг 1418 йилги зиёратларидан бирида Машҳадга етгач, зиёрат шартларини бажо келтириб муҳтожларга назр-садақалар улашган ҳамда яхши ният билан ясатиб безаттирган уч минг мисқол (қарийб 13 килограмм) тиллодан ишланган бир қандилни Али ибн Мусо ар-Ризавийнинг мақбараси гумбазига остирган эди.

1442 йил (бундан 578 йил олдин) – темурийзода Шоҳрух томонидан Абдураззоқ Самарқандий бошчилигида Жанубий Ҳиндистонга юборилган элчилар тўққиз ойдан кўп йўл юриб Форс қўлтиғи ҳамда Ҳинд океани орқали порт шаҳар Коликут (Каликут)га етиб келдилар.

Шоҳрухнинг элчилари бу шаҳарда беш ой давомида қолишди. Шундан сўнг Жанубий Ҳиндистондаги энг йирик давлат – Бижанагар (Вижаянагар) подшоҳи Коликут волийсига Темурийлар давлати элчисини унинг ҳузурига жўнатиш тўғрисида мактуб йўллади ва Абдураззоқ Самарқандий мазкур давлатга ташриф буюрди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Коликутга элчи юборилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Ўша кезларда Жанубий Ҳиндистондан кўплаб кемалар тўхтайдиган мустақил йирик савдо порти бўлмиш Коликут шаҳрининг волийси Темурийлар давлати довруғидан таъсирланиб, Мирзо Шоҳрухга элчи йўллаб, унинг номини хутбага қўшиб ўқиш учун ижозат беришини сўраган эди.

Айнан Шоҳрух ҳузурига келган элчи ҳукмдордан Коликутга элчи юборишини илтимос қилганди. Бунга жавобан Шоҳрух Коликутнинг волийсига атаб от, пўстин, тилладўзи дакала ва кулоҳи наврўзи тайин қилиб, амирларига Коликутга элчи юборишни буюрди. Шу тарзда Абдураззоқ Самарқандий мазкур элчиликни бошлаб, 1442 йилнинг 13 январида йўлга чиққан эди.

1905 йил (бундан 115 йил олдин) – Россия императори “Сўз ва виждон эркинлиги ҳақида” Манифест эълон қилишга мажбур бўлди. Буни Туркистон жадидлари катта қувонч билан кутиб олдилар. Шундан сўнг жадидлар миллат ҳимояси учун жанговар қалқон ва муаззам минбар бўлган газета ва журналларни ташкил этиш учун шахдам курашдилар. Натижада “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” каби қатор газеталар нашр қилдилар. Улар Бухоро мутафаккирларига ҳам кучли таъсир кўрсатган эди.

Туркистонда жадид матбуотининг юзага келиши шу давр учун катта прогрессив ҳодиса эди. Ғафлатда ётган халқни уйғотиш ва унинг сиёсий-маънавий онгини юксалтиришда даврий матбуотнинг муҳим ўрин тутишини англаб етган тараққийпарвар жадидлар бу борадаги ишларни жадаллаштириб юбордилар.

1927 йил (бундан 93 йил олдин) – офтальмолог, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Абдуазиз Юсупов таваллуд топди. У 1969–1974 йилларда Самарқанд тиббиёт институтининг проректори лавозимида ишлаган. У илк бор узоқни яхши кўра олмаслик касаллигини даволашда кўзнинг шох пардаси ва оқсил пардасида операция ўтказиш усулини амалиётга жорий этди.

1936 йил (бундан 84 йил олдин) – информатика ва кибернетика соҳасидаги тошкентлик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, академиянинг 1994–2001 йиллардаги вице-президенти Мирзоян Комилов таваллуд топди.

1956 йил (бундан 64 йил олдин) – Газли майдонидаги 600 метрлик қудуқдан кучли газ фаввораси отилиб чикди. Бу билан Ўзбекистон нефть-газ саноатида янги давр бошланди.

1992 йил (бундан 28 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси билан Ватикан ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Коммюнике қабул қилинди.

2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар инновация марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
UzA.

2015-2020 © Maked by: SAKTRM