Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаб директорлари учун ўқув-семинар ташкил этилди

Жорий йилнинг 16-17 октябрь кунлари Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ҳудудий филиали, Самарқанд вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази, Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд шаҳар Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ҳамда “Баркамол авлод” маркази раҳбарлари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Мазкур семинарда 80 нафардан зиёд умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этмоқда.

Семинарни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 30 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган тантанали маросимда ўқитувчи ва мураббийлар зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлашдан иборат.

Семинарда маърузачи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ҳудудий филиали ўқитувчилари, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари таклиф этилди. Хусусан, вилоят Халқ таълими, Молия, Адлия, Бандлик, Касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали директори, Самарқанд вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими бошлиғи, СамДУ, СамДЧТИ, СамИСИ, ТАТУ Самарқанд филиали директори белгиланди.

Ўқув-семинарда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактаблари директорлари ҳам онлайн тарзда ZOOM платформаси орқали иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.

Ўқув машғулотлари давомида мактаб директорларига мактабни бошқаришда юзага келаётган турли муаммоларни бартараф этиш усуллари, малака оширишнинг аҳамияти, таълим муассасасини бошқаришда замонавий методлар, таълимда рақамли иқтисодиётнинг қўлланилиши, таълим иштирокчилари билан самарали мулоқотга киришиш, таълим муассасаси бошқарувида тажриба ва малаканинг аҳамияти каби йўналишларда машғулот ҳамда тренинглар ўтказилди. Инсон капитали яратувчилари сифатида уларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган интерактив тренинглар ташкил этилди. Ушбу тренингларда мактаб директорлари ҳам фаол иштирок этдилар, амалиётда дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича савол-жавоблар олиб борилмоқда.

2015-2020 © Maked by: SAKTRM