Эҳтиётсизлик ва бепарволик сабаб ҳаётингиз хавф остида қолмасин!

Қиш табиатнинг энг гўзал фаслларидан биридир. Юртимизда кумуш қиш бошланганига ҳам анча бўлди. У ўзинингбайрамларга бойлиги, оппоқлиги ва софлиги билан барчага бирдек ёқса-да, ҳаво совуши билан кўпчиликни бир муаммо ташвишга сола бошлайди – бу уйни иссиқроқ қилиш. 

Кимнидир сувли иситиш тизимининг иссиқлиги қониқтирса, кимдир қўшимча иситишга эҳтиёж сезади ва бу масалани ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда ҳал этишга киришади. Ошхонадаги газ плиталари, духовка печларини ёқиб қўйиш, қўлбола иситгичлар, печьлардан фойдаланиш – хонадонларни совуқдан асрашда кенг фойдаланадиган усуллардан бўлиб қолган. Аммо айнан мана шу каби ускуналар, уларнинг носозлиги, хусусан, печь мўриларининг нотўғри ишлаши ва улардан тўғри фойдаланишни билмаслик ҳар йили қанчадан-қанча одамларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда. 

Индамас кушанда

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабарига кўра, республикада сўнгги уч йил ичида кузги-қишки иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ. 

Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги, чала ёниши оқибатида вужудга келади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида 50-60% гача ис гази бўлади.

У ҳаводан енгилроқ бўлиб, хонанинг шифтига кўтарилади.  Агар вентилация қувурлари очиқ бўлса, қувурлар орқали чиқиб кетиб, зарар келтирмайди. Лекин кўпчилик совуқ кирмасин дея ҳамма ҳаво кириши, чиқиши мумкин жойларни иложи борича жипсроқ қилиб ёпиб ташлашга ҳаракат қилади. Бунинг оқибатида хонада ис гази тўпланиб, заҳарланишга ва ҳатто ўлимга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Биз нафас олаётган ҳаво таркибида 0,01% ис газининг бўлиши кишини ўлимга етаклаши ҳеч гап эмас. У организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, гемоглабиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусиятининг пасайишига сабаб бўлади. Натижада гипоксияга, оғир заҳарланганда аноксияга (организм ёки алоҳида аъзолар, тўқималар, қонга кислород етиб келмаслиги) олиб келади. Натижада инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

 

Заҳарланганда биринчи ёрдам

Заҳарланишнинг дастлабки белгилари ҳолсизлик, бош айланиши,  қулоқларда шовқин,  кўнгил айниш,  қайт қилиш ва уйқу босишидир.  Баъзида,  аксинча,  қисқа муддат мобайнида ҳаракатчанлик ортади.  Кейин ҳаракатларнинг фалажланиши,  алаҳсираш,  галлюцинация,  ҳушдан кетиш,  талваса, кома ва нафас органларининг параличи натижасида ўлим ҳолати юзага келади.  Заҳарланиш оқибатида ҳодисадан 2-3 ҳафта ўтгач ҳам ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин. 

 

Заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур, нафас олиши тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас берилади. Беморнинг баданини ишқалаш, оёқларига грелка қўйиш, қисқа вақт нашатир спирт буғларини ҳидлатиш (нашатир спирти бемор бурнидан камида 1 см узоқликда шимдирилган пахта ёки марлида бўлиши шарт, акс ҳолда спиртнинг ўткир ҳиди беморни паралич ҳолатига олиб келиши хавфи мавжуд) заҳарланиш оқибатларини енгиллаштиришга имкон беради. Заҳарланиб қолган кишилар зудлик билан касалхонага олиб борилиши керак, чунки кейинроқ ўпка ва асаб тизимида оғир асоратлар вужудга келиши мумкин.

Агар бемор хушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади, иссиқ чой қаҳва ичирилади.

Ҳар қандай ис газидан заҳарланиш даражасида ҳам беморлар шошилинч ҳолда реанимация ёки токсикология бўлимига ётқизилади. Касалхонадан чиққан беморлар терапевт ва невропатолог кузатувида бўлиши шарт. Акс ҳолда кейинчалик ҳам заҳарланиш аломатлари юзага чиқиши мумкин.

Шундай экан, газдан фойдаланиш ва иситиш асбоб-жиҳозларини ишлатишда бепарво бўлманг! Озгина эҳтиётсизлик туфайли соғлигингизга, мол-мулкингизга ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётига хавф туғдириб қўйишингиз мумкинлигини асло унутманг!

2015-2019 © Maked by: SAKTRM