“E-qaror” электрон тизимидан хабарингиз борми?

 Ҳокимлар томонидан қарор, фармойишлар қабул қилиш жараёнининг мураккаблиги, шаффофлиги таъминланмаганлиги сабабли юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йил 14 апрель куни қабул қилинган Ҳукумат (https://lex.uz/docs/4787645) қарори (https://lex.uz/docs/4787645) билан ҳокимлар томонидан ҳужжатлар қабул қилиш жараёнини бутунлай электрон шаклда амалга оширилиши назарда тутувчи “E-qaror” электрон тизими ишга туширилади.

“E-qaror” электрон тизими ишга тушириш орқали:

 биринчидан, ҳар бир қабул қилинаётган ҳужжатнинг қонунийлигини қатъий назоратга олиш имкони яратилади. Ҳужжат қабул қилиш билан барча жараёнлар (лойиҳани ишлаб чиқиш, келишиш, имзолаш, рақам бериш ва эълон қилиш) электрон тизим орқали амалга оширилади. Бу жараён адлия органлари томонидан мониторинг қилиб борилади;

икинчидан, ҳокимларнинг ҳужжат қабул қилиш билан боғлиқ фаолиятида шаффофлик кучайтирилади. Қабул қилинган ҳужжатлар доимий равишда эълон қилиб борилади ва шу орқали уларнинг қанчалик асосли эканлигини ҳар бир фуқаро кузатиб бориш имконига эга бўлади;

учинчидан, ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши ҳозирги кунда айрим ҳолларда кузатилаётган ўтиб кетган сана билан қарор қабул қилиш, ҳужжат иловаларини алмаштириб қўйиш ва шу каби ноқонуний ишларнинг олдини олади;

тўртинчидан, ҳокимларнинг “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинадиган ҳужжатлар (қонун ҳужжатлари билан учинчи шахсларга тарқатилиши чекланган ҳужжатлардан ташқари) автоматик равишда мазкур ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида ва Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ахборот тизими – “LexUZ”да эълон қилинади.

“E-qaror” электрон тизими дастлаб, 2021 йил январь-май ойларида Қашқадарё вилоятида эксперимент тариқасида синовдан ўтказилади.

Эксперимент давомида тизим янада такомиллаштирилиб, 2021 йил 1 июлдан республикадаги барча ҳокимликлар фаолиятига жорий этилади.

Ҳозирги кунда, Адлия вазирлиги томонидан “E-qaror” электрон тизимидан ташқари қабул қилинадиган ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда бундай қарорларни амалга киритган мансабдор шахсларга жавобгарликни белгилаш бўйича тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

2015-2020 © Maked by: SAKTRM