Давлат хизматчиларининг малакаси етарлими?

Бугунги ривожланиб бораётган жамиятда барча соҳаларда ҳар куни янгиликлар, янги тушунча ва атамалар пайдо бўлмоқда. Бу эса ҳар бир давлат хизматчиларининг малака оширишлари лозимлигини тақозо қилмоқда.

Хўш, малака ошириш ўзи нима? Нима учун керак? Давлат хизматчиларининг малака ошириши қай даражада муҳим? 

Малака ошириш узлуксиз таълим тизими турларидан бири, давлат ташкилотларида фаолият юритаётган барча раҳбар ва ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини янгилаш, чуқурлаштириш, рақобатдошлик сифатлари, билим ва кўникмаларининг замон талабларига жавоб беришини таъминлашдир.

Шунингдек, малака ошириш раҳбар ва ходимларнинг ўз мутахассисликлари бўйича сўнгги фан ютуқлари, соҳаларга кириб келган янги тушунчалар билан танишиш, уларни ўзлаштириш, амалиётда қўллаш бўйича кўникмаларни ҳосил қилиш учун муҳим ҳисобланади.

Шундай экан, давлат фуқаролик хизматчисининг малака оширганлиги давлат ташкилотлари ва органларининг самарали фаолият юритишини таъминлайди.

Бугунги кунда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари, шаҳар, туман ҳокимликларида малака ошириш борасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбар ходимларининг (ҳоким, ҳоким ўринбосари, бўлим бошлиқлари ва мудирлари) ҳамда давлат органи ва ташкилотларнинг вилоятдаги бошқарма ва бўлинмалари ходимларининг (раҳбар, раҳбар ўринбосари, бўлим бошлиқлари ва мудирлари) малака оширганлиги бўйича мониторинг ўтказилди.

Ушбу таҳлил натижасига асосан 2018 йилда вилоят ҳамда 16 та туман (шаҳар) ҳокимликлари бўйича 426 нафар ходимлардан 6 нафари (1,4%) малака оширган бўлса, 2019 йилда 447 нафар ходимдан 49 нафари (11%), жорий йил август ойига қадар 443 нафар ходимдан 32 нафари (7,2%) малака оширган.

Шундан 2019-2020 йиллар давомида вилоят ҳокимлигидан 10 нафар раҳбар ходим, туман ва шаҳар ҳокимликларидан 71 нафар раҳбар ходим малака оширган бўлса, 2019-2020 йиллар давомида вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари жами 19 марта малака оширган. Ҳоким ўринбосарлари малака ошириш даражаси ўрганилганда 2019-2020 йиллар давомида вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари жами 52 марта малака оширганликлари аниқланди. Шунингдек, 2019-2020 йиллар давомида вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларидаги бошқа раҳбар ходимлар жами 10 марта малака оширган.

Худди шундай таҳлил вилоятдаги мавжуд 100 дан зиёд давлат органлари ва ташкилотлардан 39 та ҳудудий бошқарма ҳамда бўлинмалар раҳбар ходимларининг малака ошириш ҳолати бўйича ўтказилди. Ушбу ўтказилган таҳлил натижасига кўра 39 та бошқарма ва бўлинмалардаги умумий бошқарув ходимлари сони 1011 нафарни ташкил қилиб, шундан 2020 йил август ойи ҳолатига кўра 155 нафар (15,3%) раҳбар ходимлар малакасини оширганлиги аниқланди. Шундан 87 нафар (56,1%) раҳбар ходим 2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясининг ҳудудий филиалида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳамда масофавий равишда 72 соатлик “Давлат бошқаруви” йўналиши бўйича ва 68 нафари (43,9%) ўз мутахассислик ва соҳалари бўйича малака ошириш муассасалари ва марказларида малака оширганликлари маълум бўлди. 2020 йил давомида ўрганилган давлат органи ва ташкилотларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмаларидан малака оширган раҳбарларнинг 15 нафари (9,6%) масофавий равишда онлайн ўқув-курсларда иштирок этишган.

Бундан ташқари хорижий давлатларда малака ошириш ҳолати таҳлил қилинганда, вилоятда бор-йўғи иккита бошқарманинг ходимлари Хитой Халқ Республикаси ҳамда Япония давлатида малака ошириш курсларини якунлаганлиги, таҳлил ўтказилган бошқа бирор ташкилотда хорижий мамлакатларда малака ошириш курсларидан ўтган ходимлар мавжуд эмаслиги аниқланди.

Бугунги раҳбар ва ходимларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилган бир даврда вилоятда жойлашган ташкилотларнинг малака ошириш даражаси пастлиги жуда ачинарли ҳолат.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий бошқарув органларида фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларини узлуксиз ривожлантириш, рақобатга жавоб берадиган, мустақил ва тезкор қарорлар қабул қиладиган кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, кадрларнинг узлуксиз малакасини оширишни такомиллаштириш бўйича хориж тажрибасини ўрганишни тақозо этади.

 Франция, Буюк Британия, АҚШ, Сингапур, Хитой ва Корея, Германия  давлатларида давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малака оширишлари йўлга қўйилган.

Масалан: Германия Федерал давлат бошқарув академиясида ўқув жараёни давомида тингловчилар ўз назарий  билимларини амалиётда олган кўникмалари билан мустаҳкамлаб боради. Давлат хизматчиларини ўқитишнинг немис модели малака оширишнинг бир неча босқичларини ўз ичига олади. Булар:

1.  Янги ишга кирганлар учун малака ошириш.

2.  Мутахассис ва лавозим бўйича малака ошириш.

3.  Юқори лавозимга ўтиш учун малака ошириш.

Ушбу малака ошириш турлари икки хил тоифага бўлинади, биринчиси, давлат хизматчилари ўртасида тегишли билим даражасини таъминлашга, иккинчиси, уларнинг ўзгаришга мослашишига қаратилган бўлади.

Франция давлатида ҳам Давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича 70 дан ортиқ таълим муассалари мавжуд. Уларда Давлат фуқаролик хизматчиларининг фақат бошқарув соҳасида эмас, балки ўз мутахассиликлари бўйича ҳам малака ошириш имконияти бор. Бундан ташқари Франция, хусусан Ғарбий Европа мамлакатларида Lifelong Learning - узлуксиз таълим, умр бўйи ўқиш тизими жорий этилган. Ушбу тизим малака оширишга янгича ёндашувлардан бири бўлиб, бу узлуксиз равишда янги билим ва кўникмаларни эгаллашдан иборатдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, вилоятимизда 9 та малака ошириш институтлари мавжуд бўлиб, вилоятда жойлашган барча маҳаллий давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган давлат хизматчиларини қамраб олиш учун етарли эмас. Бу эса бугунги ривожланган даврда малака ошириш институтлари ва уларнинг таълим услубларини ислоҳ қилиш, хориж тажрибасини қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда. Франция тажрибаси асосида Lifelong Learning - узлуксиз таълим тизимини жорий қилиш давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган давлат хизматчиларининг доимий янги билим ва кўникмаларга эга бўлишига кенг йўл очиб беради.

Барно ЮЛДОШЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Самарқанд вилоят филиали инспектори
SAMARKAND NEWS.