Автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини бериш бўйича янги тартиб жорий этилади

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг қуйидагилар:

автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича;

автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш бўйича;

автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Белгиланишича, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш учун барча тегишли ҳужжатлар Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади, рўйхатдан ўтказиш ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органлари томонидан қуйидаги имкониятларга эга бўлган автоматлаштирилган электрон тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш учун тақдим этилган ҳужжатларни электрон қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда электрон навбатга қўйиш;

рўйхатдан ўтказиш ҳаракатларини тўлиқ электрон бошқариш ва назорат қилиш;

автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш, шунингдек, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатганлик учун тўловларни электрон тарзда амалга ошириш;

давлат рўйхатидан ўтказилган ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари берилган автомототранспорт воситалари ҳамда мажбурий техник кўрик натижалари ҳисобини юритиш, мониторинг ва таҳлил қилиш, шунингдек, ушбу турдаги маълумотларни сақловчи ахборот тизимларини ўзаро интеграциясини амалга ошириш;

фуқаролар томонидан ДЙҲХХ органлари томонидан бу борада кўрсатилган хизматлар сифати ва самарадорлигини баҳолаш ҳамда уларнинг рейтингини юритиш;

б) ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали тақдим этилади, ушбу борадаги фаолиятни мониторинг ва назорат қилиш ДЙҲХХ органлари томонидан қуйидаги имкониятларга эга бўлган автоматлаштирилган электрон тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларни ДЙҲХХ органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграциясини амалга ошириш орқали ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодларнинг дастлабки ва якуний электрон ҳисобини юритиш;

ўқув гуруҳларидаги ҳайдовчиликка номзодларнинг таълим жараёнидаги иштирокини ва якуний имтиҳонларни назорат қилиб, таълим сифатини баҳолаб бориш, шу жумладан, ҳайдовчиликка номзодларни ўқишга қабул қилиш, гуруҳдан гуруҳга ўтказиш, рўйхатдан чиқариш ва ўқишни тугатганлиги тўғрисидаги маълумотлар (сертификат, гувоҳнома ва бошқалар)ни электрон олиш;

автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш учун ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилишнинг электрон навбат тизимини йўлга қўйиш, имтиҳон топшираётган ҳайдовчиликка номзодларнинг шахсини идентификация қилиш ҳамда улар тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантириш;

назарий ва амалий имтиҳонларни инсон омили аралашмаган ҳолда қабул қилиш ҳамда натижаларини автоматик тарзда баҳолаш ва расмийлаштириш;

ҳайдовчиликка номзодларга ДЙҲХХ органлари томонидан кўрсатилган хизматлар, шу жумладан имтиҳонларни қабул қилиш жараёнларининг қонунийлиги, шаффофлиги, сифати ва самарадорлигини баҳолаш ҳамда уларнинг рейтингини юритиш;

миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш, шу жумладан уларни алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига янгисини олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни электрон қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда электрон навбатга қўйиш;

фуқаролар томонидан ДЙҲХХ органлари томонидан бу борада кўрсатилган хизматлар сифати ва самарадорлигини баҳолаш ҳамда уларнинг рейтингини юритиш.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (“Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси” АЖ ахборот тизимида аукцион орқали бериладиган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бундан мустасно) электрон тизим орқали инсон омилининг аралашувисиз ўсиб бориш тартибидаги қатъий хронологик кетма-кетлик асосида автоматик тарзда танлаш йўли орқали тақдим этилади.

автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш (шу жумладан, алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига янгисини бериш) фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар, Республиканинг барча ҳудудларидаги ДЙҲХХ органлари томонидан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар:

ДЙҲХХ органлари билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича фаолият юритувчи ўқув ташкилотларининг тегишли маълумотлар базаларини электрон тизим орқали ўзаро интеграция қилинишини;

нотариуслар томонидан юритиладиган “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидаги автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказилиши (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента ва бошқа битимлар) тўғрисидаги шартнома маълумотларидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва ДЙҲХХ органларининг реал вақт режимида фойдаланиш имконияти яратилишини;

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда уларни идентификация қилиш юзасидан “Ягона дарча” божхона ахборот тизимини автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизимига интеграция қилинишини;

давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини таъминлаш учун зарур бўлган ахборот дастурларининг ишлаб чиқилишини ва улардан эркин фойдаланиш орқали давлат хизматлари кўрсатиш жараёнининг тўлиқ автоматлаштирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги автоматлаштирилган электрон ахборот тизими орқали ҳайдовчиликка номзодлардан назарий имтиҳонларни инсон омили аралашмаган ҳолда олиш тизимини жорий этишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан қуйидаги масалаларда ҳамкорлик қилишни ҳисобга олади:

назарий имтиҳон саволларининг анимацион ёки бошқа шаклларда содда бўлишини ҳамда йўл ҳаракати қоидалари ва ўқув дастурида назарда тутилган мавзулар доирасида шакллантирилишини таъминлаш;

имтиҳон топширувчиларга ҳар қандай усулда ёрдам бериш ёки турли хил телекоммуникация воситаларидан фойдаланиш имконини бермайдиган вақтни белгилаш ҳамда назарий саволларнинг такрорланишини олдини олиш;

назарий саволларни янгилаб туриш ва савиясини ошириб бориш;

жисмоний шахслар учун йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим даражасини (ихтиёрий равишда) синовдан ўтказиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодларнинг ўқув гуруҳларида олган билимларини текшириш бўйича Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали сервис хизматини тўлов асосида кўрсатиш.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар:

давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини ҳамда келишилган ҳолда тасдиқланишини;

ДЙҲХХ органларида автоматлаштирилган электрон тизимларнинг Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХПга интеграция қилинган ҳолда тўлиқ ишга туширилишини;

Давлат хизматлари марказлари ва ДЙҲХХ органларининг ходимлари иштирокида автоматлаштирилган электрон тизимларининг, шу жумладан ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларни амалда қўллашнинг самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилиши ҳамда ўтказилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

автоматлаштирилган электрон тизимлари билан ишлаш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида барпо этиладиган Бошқарув маркази орқали кузатиб мувофиқлаштириб борилади;

автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш жараёнлари видео кузатув қурилмалари орқали ҳудудий ДЙҲХХ органлари ва Бошқарув маркази томонидан назорат қилиб турилади;

ДЙҲХХ органларида автоматлаштирилган электрон тизимларини жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

жисмоний шахслар учун йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим даражасини (ихтиёрий равишда) синовдан ўтказиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодларнинг ўқув гуруҳларида олган билимларини текшириш бўйича Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали сервис хизмати кўрсатишдан тушадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига йўналтирилади ва автоматлаштирилган электрон тизимларини жорий этиш харажатларини қоплаш ва ходимларини рағбатлантириш учун мақсадли сарфланади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига энг мақбул таклифларни танлаб олиш йўли билан тендер савдолари ўтказмасдан ҳайдовчиликка номзодлардан амалий имтиҳонларни қабул қилиш учун автоматлаштирилган электрон тизимларига интеграция қилинадиган автоматлаштирилган махсус автомототранспорт воситаларини харид қилиш ва замонавий автодромларни ташкил этишга рухсат берилади.

Бунда тегишли харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилади.
Kun.uz

2015-2020 © Maked by: SAKTRM