ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ XI СЕССИЯСИ

Шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди. Бу галги сессия ҳам онлайн тарзда ўтказилди.

Сессияни шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Ф. Очилов олиб борди. Белгиланган регламентга асосан сессиянинг ташкилий талаблари тасдиқлангач, кун тартибидаги масалалар муҳокамаси бошланди.

Сессияда дастлаб шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эгамовнинг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш (“Темир дафтар”), тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет давромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидландики, шаҳардаги 210 та маҳаллада мавжуд 150 минг оиланинг 5 613 таси муҳтож оилалар рўйхатига, яъни “Темир дафтар”га киритилди. Уларга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида шу вақтга қадар жами 10,5 млрд сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан аҳолини эхтиёжманд қатламини қўллаб-қуватлаш борасида жорий йилнинг 30 июль куни қабул қилинган

ПФ-6038 сонли фармонига асосан 18 661 та аъзоси бўлган 4 579 та оилага 4,1 млрд сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда шаҳримизда 64 750 нафар хорижда ишлаётган фуқароларимиз мавжуд бўлиб, улардан 36207 нафарини эркаклар, 28 543 нафарини аёллар, шунингдек, 5 762 нафарини вояга етмаганлар ташкил қилади.

Давлатлар кесимида энг кўп мигрантлар, яъни 46 874 нафари ёки 73 фоизи Россия давлатига ҳамда 3 056 нафари Қозоғистонга, 5 574 нафари Туркияга, 2 418 нафари Корея Республикасига, 6 828 нафари бошқа давлатларга тўғри келмоқда.

Пандемия сабаб 4 988 нафар мигрантлар мамлакатимизга қайтиб келган бўлса, 4 210 нафар фуқароларимиз ишлаш учун хорижга кетолмасдан қолмоқда. Бугунгача уларнинг 6 166 нафарининг бандлиги таъминланди. Қолган мигрантларимизни ҳам эндиликда шу ерда доимий кафолатланган иш жойлари билан таъминлашимиз зарур бўлади.

Сессияда мазкур масала бўйича берилган ҳисоботда таъкидланган саноат, тадбиркорликни ривожлантириш борасида қилинган ишлар, белгиланган режалар, янги иш ўринлари яратиш натижалари депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Сессия давомида шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А. Бабажановнинг карантин тартиблари босқичма-босқич юмшатиб борилиши муносабати билан фуқаролар санитария талабларига қатьий риоя этишлари зарурлиги, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши юзасидан шаҳар аҳолисига мурожаати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Мазкур ахборотда таъкидланишича, шаҳримизда эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, шаҳар ички ишлар бошқармаси, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва санитария эпидемиологик-осойишталик маркази эпидемиологларидан иборат шаҳар штаби туну кун фаолият олиб бормоқда.

Бугунги кунда 2308 нафар фуқаро коронавирус инфекциясини юқтириб олган бўлиб, айни пайтда 386 нафар фуқаро даволанмоқда. Шундан 125 нафари шифохонада, 261 нафари уй шароитда зарур тиббий муолажаларни олмоқда.

Самарқанд шаҳридаги 11 та оилавий поликлиникаларда  233 нафар врач, 578 нафар ҳамшира фаолият олиб боришмоқда.

 Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 2 июлдаги “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида ўтказилаётган эпидемияга қарши кураш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги 176-буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги 11 та оилавий поликлиникаларда 11 та мобил бригадалар ташкиллаштирилди. Ҳар бир мобил бригада таркибида 1 нафар умумий амалиёт шифокори, 1 нафар инфекционист, 1 нафар эпидемиолог, 1 нафар суртма олиш учун махсус тайёргарликдан ўтган ҳамшира мавжуд. Мобил бригадаларга шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан “Damas” русумли автомашиналар ажратилган ва ходимлар махсус кийимлар ҳамда уйда қолдирилаётган фуқаролар учун ажратилган дори-дармонлар билан таъминланган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ҳар бир оилавий поликлиникалардаги мобил бригада аъзолари ва умумий амалиёт шифокорларига мобил телефон аппаратлари ажратилди. Шунингдек, шаҳар тиббиёт бирлашмаси штаби билан узвий алоқада бўлиш учун махсус телеграм гуруҳлари ташкил этилиб, онлайн тарзда алоқага чиқиш ҳам йўлга қўйилди.

Яна бир муҳим жиҳат, биз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Иммунитетни ошириш чораларини кўриш, жисмоний тарбия ҳамда ҳар куни 5 км. масофани пиёда юриш лозимлиги тўғрисида юртдошларимизга кўрсатмалар берилмоқда. Сабаби эътибор берадиган бўлсак, ноинфекцион касалликларнинг деярли 70 фоизи нотўғри овқатланиш ва жисмоний фаол бўлмаслик оқибатида келиб чиқмоқда.

Депутатлар шунингдек, шаҳар ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Э. Раджабовнинг “Инвестицияларни жалб қилиш, инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалиётга кенг тадбиқ этиш ишлари тўғрисидаги, шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ш. Эшонқуловнинг “Самарқанд шаҳар туристик имкониятлари ва соҳа инфратузилмасини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги, шаҳар молия бўлими мудири Б. Мамадалиевнинг “Маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини ошириш тўғрисида”ги ҳисоботларини, шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директори И. Саъдуллаевнинг “Аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлари ҳақида”ги ҳисоботини, шаҳар ҳокимининг ўринбосари Р. Олимовнинг Режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажарилишида Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишига ва бузилиши талаб этилаётган кўчмас мулк объектларини компенсация ажратиб, кўчиришга рухсат бериш тўғрисидаги, Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Б. Раҳмоновнинг Кенгашнинг ярим йиллик фаолияти юзасидан ахборотини, Самарқанд шаҳрида аҳолини камбағалликдан чиқариш, уларга иш ўрни яратиш, зарур эҳтиёжларини ўрганиб, шунга муносиб тарзда ёрдам бериш, молиявий аҳволи бўйича секторлар кесимида шакллантирилган рўйхатларни қайтадан тасдиқлаш ҳақидаги, Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатларнинг партия гуруҳи таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масалаларни атрофлича муҳокама қилишди.

Депутатлар Ш. Алибеков, Б. Раҳмонов, Л. Абдуллаева, М. Қурбонов, А. Ахтамов, О. Пардаевлар кўрилган масалалар бўйича савол ва таклифлар билдиришди.

Кун тартибига киритилган масалалар бўйича шаҳар Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шунинг билан Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси якунланди.

2015-2020 © Maked by: SAKTRM