Самарқанд шаҳар ҳокимининг маърузалари

Иқтидорли мактаб битирувчиларини Олтин ва Кумушмедаллар билан тақдирлаш бўйича Самарқанд шаҳар ҳокими Б.С.Облакуловнинг

МАЪРУЗАСИ

Ассалому алайкум!

Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, азиз ўқувчилар, ҳурматли ота-оналар!

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан, Ўзбекистонда ўқувчиларимизнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мактаб ва лицей битирувчиларини олтин медаллар билан тақдирлаш тизимини йўлга қўйилди.

Ушбу медаллар умумий ўрта таълим муассасаларини аъло баҳоларга ўқиган, ўзларининг билим, иқтидор ва қобилиятларини намоён этган ўқувчиларга берилмоқда.

Мана, яна бир ўқув йили ортда қолди. Сизларнинг ҳаётингизда янги саҳифа очилиб, катта ҳаётга қадам қўймоқдасиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида Халқ таълими тизимида катта ислоҳотлар даври бошланди. Шу билан бирга, ҳали олдимизда бажарилиши лозим бўлган улкан вазифалар кўп ва келгусида уларни ҳам босқичма-босқич ҳал этиб борамиз.

Бу борада табиийки, Сиз каби иқтидорли, изланувчан ва энг муҳими фидойи ёшларимизга таянамиз. Табиийки, Сиздек ёшларни тарбиялаб вояга етишингизда ота-оналарингиз каби муҳим вазифани бажарган устоз-мураббийларнинг хизматларини алоҳида эътироф этамиз.

Шу ўринда маълумот учун айтиш мумкинки, бугунги кунда Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфида жами 79 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ва Самарқанд давлат университети ҳузуридаги 1 та аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатмоқда.

Уларда таълим сифати ва сарадорлигини оширишда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

2019-2020 ўқув йили якунига кўра шаҳар бўйича умумий ўрта таълим муассасаларининг 9 ва 11 синфни 12 533 нафар ўқувчи, шундан 6 285 нафари 9 синфни, 6 248 нафари
11 синфни тамомлади.

Ўқув йили якунларига кўра, 260 нафар 9-синф битирувчилари аъло даражадаги шаҳодатнома олишса, 11-синф битирувчиларидан 20 нафари кумуш ва 92 нафари олтин медал билан тақдирланади.

Турли йўналишларда ўз иқтидори, маҳорати ва билим салоҳияти билан юқори натижаларга эришиб келаётган
10 нафар ўғил-қизларимиз олий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри ҳамда имтиёзли асосда кириш ҳуқуқига эга бўлишди.

Азиз битирувчилар!

Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг унутилмас кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади.

Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади. Қаерда бўлманг мактаб партасида олган таълим-тарбиянгиз сизга қўл келишига, келгусида уларни янада мустаҳкамлаб боришингизга умид қиламан.

Мен Ватанимиз ривожи учунўз ҳиссангизни қўшишингизга аминман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, иш ва ўқишларингизда каттадан-катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман! Мустақил ҳаёт остонасига илк қадамларинги муборак бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳамат!

 

-------------------------------------------------

Самарқанд шаҳар ҳокими Б.ОБЛАҚУЛОВнинг жорий йил 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга мақсадида қабул қилинган ҳужжатлар ижросига бағишланган онлайн брифингдаги ахбороти

 

Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамшаҳарлар, ижтимоий тармоқ кузатувчилари!

 Барчамиз глобал кўламда кечаётган бир тарихий воқеликнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўтган йилнинг декабрида Хитойда пайдо бўлган коронавирус инфекциясининг инсоният бошига бундай оғир синовларни келтириши кутилмаганди. Жуда тез суратда ушбу эпидемия дунёнинг деярли барча давлатларига тарқалиб, пандемия даражасига етди.

Бошқа давлатларда бўлгани каби юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин тадбирлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шу сабабли Президентимиз томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳрида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, тиббиёт ва қуролли кучлар олий ўқув юртлари талабаларидан иборат “кўнгиллилар отрядлари тузилди, аҳолининг сурункали касалликларга чалинган қатлами, 60 ёшдан ошган аҳоли орасида ҳаётий муҳим эҳтиёжсиз ташқарига чиқмаслигини кенг тарғиб қилиш, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар учун зарур озиқ-овқат, гигиена ва дори воситаларини етказиб бериш ишларини ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Шунингдек, коронавирус инфекцияси (Covid-19)нинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш, ҳудудларда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасида грипп ва ўткир респиратор инфекциялар бўйича аҳоли ўртасида эпидемик барқарорликни таъминлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни ташкиллаштириш ва назорат қилиш бўйича махсус штаб ташкил қилинди.

 

Самарқанд вилоят ҳокимининг 2020 йил 26 мартдаги “Вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш учун кўрилиши лозим бўлган қўшимча вазифалар тўғрисида”ги 5-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида карантин даврида санитария ва карантин тартиби, нормаларига ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича Самарқанд шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик 25 та пост ташкил қилинди ва мазкур постларга 11 та оилавий поликлиника ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникасидан тиббий назорат учун мутахассислар бириктирилди, ҳимоя кийими ва тана ҳароратини ўлчаш учун дистанцион пирометр билан таъминланди.

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси штаби таркибидаги махсус гуруҳлар томонидан гумондорлар, ишга кирувчилар, тана ҳарорати кўтарилган ва гемодиализга муҳтож фуқаролардан эпидемиологик кўрсатма ва зарурият бўйича таҳлил учун суртмалар олиш мақсадида бирлашма тизимидаги оилавий поликлиникалар ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаси лаборатория ходимларидан иборат бригада тузилди. 

Мавсум бошидан буён 1936  нафар фуқаролар уй карантинидан чиқарилди.

COVID билан касалланганларнинг бирламчи мулоқотдагилари учун 5 та обсервацион пункт ва 2020 йил 25 майдан бошлаб 13 та меҳмонхоналарда “провизор стационар”лар ташкил қилинди. Шундан 11 тасида Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасидан тиббиёт ходимлари бириктирилди. Самарқанд шаҳрида фуқароларимиз учун ташкил қилинган обсервация назорат пунктлари ва провизор стационарларга бирлашма тизимидаги 185 нафар тиббиёт ходимлари жалб қилинди.

Самарқанд  шаҳри  бўйича касалликка гумон қилинган 34 нафар (5 июнь ҳолати) фуқаро ИИБ ходимлари ва ҳудудий оилавий поликлиникалар томонидан уй карантинида турибди ва улар билан мулоқотда бўлган  қариндошлари ҳамда улар билан бирламчи мулоқотда бўлган 124 нафар фуқаролар бугунги  кунда  14 кунлик кузатувда  қолмоқда.

Мавсум бошидан буён жами оилавий поликлиникалар томонидан назоратга олиниб, кузатувга турган фуқаролар 11348 нафарни ташкил қилмоқда. Шулардан 816 нафари 2020 йил 27 мартгача чет элдан келган фуқаролар бўлиб, уларнинг ўзлари ва мулоқотда бўлган фуқаролар оилавий поликлиникалар томонидан уй назоратига олинган. Бугунга қадар мавсум бошидан буён  2000  нафарга яқин фуқаролар уй карантинидан чиқарилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрининг қуйидаги маҳаллаларида беморлар рўйхатга олинган:

“Нуробод”, “Зарафшон”, Абдураҳмон Жомий номли, “Адолат”, “Илгор”, Ал Фаробий номли, “Баҳор”, “Боғи Темур”, “Боғи Шифо”, “Дўстлик”, “Жўйи чуқур”, “Заргартепа”, “Сиёбча, “Кўкмасжит”, “Қарши йўли”, Увайсий номли,  “Кўкчинор”, “Машъал”, “Ўрта Хўжа Саъд”, “Саид”, “Тадбиркорлар”, Ҳамид Олимжон номли, Саъди Шерозий номли, “Шодлик”, “Чорбоғ”, “Чўпонота”, “Шукрона”, “Ҳазора”, “Янги ҳаёт”, “Янги Хайробод”, Ғиёсиддин Жамшид ноли, “Дарғом”, “Нурафшон”, “Нурли келажак”, “Гулистон”, “Янги қўрғон”, Ҳофиз Шерозий номли, Мирзо Улуғбек номли, Мир Саид Барака номли, “Лолазор”, “Бўстон” ҳамда “Адолат”.

Ушбу маҳаллаларда ҳозирги кунда карантин кучайтирилган, ҳудудларда зарарсизлантириш ишлари ўтказилди. 

Самарқанд шаҳрида мавжуд 210 та МФЙ ҳудудлари, озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, 93 та ХУЖМ ширкатларидаги кўп қаватли уйлар атрофлари, кириш йўлаклари, ертўлалари ва болалар майдончасида профилактик зарарсизлантириш ишлари ўтказилди. Деҳқон бозорлари ҳудудлари ва савдо расталари, касаллик ўчоқлари қайд этилган 158 та хонадонда, ён-атрофдаги хонадонлар ва марказий кўчаларда, 102 та маъмурий бинолар ички кисми ва ҳудудларида дезинфекция ишлари ўтказилди.

  Шаҳар бўйича 1100 та йўловчи ташувчи автобус, 1730 та йўловчи ташувчи такси, 384 та йўловчи ташувчи “Damas” русумли автомобиллар, 3240 та  хусусий енгил автомобиллар, 1201 та юк машиналар, 6 та олий ўқув  юрти, 17 та коллеж, 30 та масжит, 30 та меҳмонхона 75 та мактаб, 58 та мактабгача таълим муассасаси, 20 та шифохона, 139 та маъмурий бинолар, 178 та савдо объектилар, 14 та бозор, 200 та умумий овқатланиш шохобчалари, 18 та ишлаб чиқариш корхоналари, 30 та новвойхона, 30 та тарихий обида, 1124 та  кўп қаватли ва 1032 та ҳовли, 15 та ётоқхона ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари кичик матахассисларни тайёрлаш марказининг 8 та биносида зарарсизлантириш ишлари ўтказилди.

Самарқанд шаридаги “Зармед” клиникаси ва 3-туғуруқхонанинг реанимация бўлимида мазкур касаллик аниқланди ва карантинга олиниб ёпилди. Коронавирус инфекциясини тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда нодавлат тиббиёт ташкилотларининг лаборатор диагностика хизматларидан фойдаланиш бўйича махсус комиссия таклифига асосан STD, «Паризода», “Гаммамед”,  “Неорита” нодавлат тиббий фирмалари жалб этилди. Фирмада ишловчи ходимлар коронавирус инфекциясига лаборатор текширилиб, Самарқанд вилоят СЭО маркази томонидан киска тайёргарликдан ўтган ва шартнома асосида ходимларни шахсий гигиена талабларига катъий амал қилган ҳолда ишлашга рухсат берилган.

Фурсатдан фойдаланиб Самарқанд шаҳри аҳолисига айтмоқчиманки, карантин чекловлари юмшатилди дегани, касаллик чекинди дегани эмас. Шунинг учун ўз кучида қолган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз, яқинларингиз ва ўзгалар саломатлигига бефарқ бўлмаслигингизни сўрайман. Белгиланган чекловларга амал қилган ҳолда иш тутсак, ҳамжиҳат бўлсак, бошимизга тушган бугунги синовли кунларни, албатта, енгиб ўтамиз.

 

Эътиборингиз учун раҳмат.

---------------------------------------------------------------------------

Самарқанд шаҳар ҳокими Б.ОБЛАҚУЛОВнинг
жорий йил 2 июль куни бўлиб ўтадиган онлайн брифингдаги ахбороти

Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамшаҳарлар, ижтимоий тармоқ кузатувчилари!

Бугун жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш кенг қулоч ёйиб, инсонларнинг фаол ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатиш орқали пандемияга қарши мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда.

Глобал иқтисодиётнинг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур чекловлар ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Бугунги кунда олдимизда турган муҳим вазифа эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўришни талаб қилади. Бунда туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби республика иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги қабул қилган «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4700-сонли Қарори муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари!

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам коронавирус пандемияси даврида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулар ҳусусида қисқача тўхталиб ўтсам.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирларини молиялаштириш учун шаҳар маҳаллий бюджетига бугунгача 1 млрд. 708 млн. 800 минг сўм маблағ ажратилди.

Улар қуйидаги мақсадлар учун сарфланди:

338 нафар тиббиёт, санитар-эпидемиолог ва бошқа ходимларга ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун 518 млн. 
100 минг сўм;

300 млн.сўм карантинга олинган фуқароларни дори-дармон воситалари билан таъминлаш учун, 50 млн.сўм юмшоқ жиҳозлар (постельное белье) билан таъминлаш учун, 30 млн.сўм махсус автомашиналарни ёқилғи билан таъминлаш учун ажратилди.

Бундан ташқари, коронавирус билани зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча рағбатлантириш учун 351 млн. 700 минг сўм маблағ молиялаштирилиб берилди.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Айни пайтда шахсан ўзим бошчилигимда шаҳардаги сектор раҳбарлари ҳамда бошқа мутассади ташкилотлар раҳбарларининг асосий вазифаси шаҳримиздаги ишсиз фуқароларимизни доимий даромадга эга бўлган иш ўринларига жойлаштиришдан иборат.

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига шаҳримизда 548 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Шундан иқтисодий фаол аҳолимиз 249 минг нафарни, бандлиги таъминланганлар эса 225,7 минг нафарни ташкил қилаяпти. Ишсизлар сони 23, 280 минг нафар бўлиб, ишсизлик даражаси 9,3 % ни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, пандемия сабаб 1 223 нафар фуқароларимиз ишсиз қолиб, даромадини йўқотганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

“Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ўтказилган дастлабки инвентаризация (апрель ойи) натижаларида Самарқанд шаҳрида 5 минг 500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аниқланиб, уларга 2 ой давомида 4,3 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. Бу ишларимиз, июль ойида ҳам давом этади.

Олиб борилган ишлар натижасида камбағал оила аъзоларидан 4 814 нафарининг (60%) бандлиги таъминланди. Уларнинг 2 225 нафари (40,2%) вақтинчалик жамоатчилик ишларига жойлаштирилди. Албатта ушбу фуқаролар кейин доимий даромадли янги иш ўринларига жойлаштирилади.

Қолган 2 589 нафари (60%) вакант ҳамда янги иш ўринларига жойлаштирилди.

Шу ўринда, таъкидлаш керакки, ушбу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг saxovat.argos.uz сайти орқали тизимли назорат қилинмоқда.

Азиз юртдошлар!

Сизларнинг эътиборларингизни қуйидаги рақамларга қаратмоқчиман.

Бугунги кунда, шаҳарда яшовчи 113 нафар фуқарода “Коронавирус” инфекцияси юқтирганлиги тасдиқланган бўлиб, бу беморларнинг барчаси айни пайтда даволаниб, соғайган.

Бироқ, улар билан бирламчи мулоқотда бўлган
74 нафар
(тадбир бошидан 500 та хонадон) фуқаро бугунги кунда 14 кунлик кузатувда қолмоқда.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Айни пайти Самарқанд шаҳри “сариқ ҳудуд” тоифасига киритилган. Шу сабабли, Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 июлдан бошлаб шаҳарда қуйидаги талаблар қаътий ўрнатилади:

буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади;

Эрталаб соат 07.00 дан кеч 23.00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ кишининг тўпланиши ҳамда кечқурун 23.00 дан эрталаб 07.00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида одамларнинг бўлиш тақиқланади. Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади;

ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилади.

Ҳурматли юртдошлар! Азиз ҳамшаҳарлар!

Бугун шаҳарда кўрилаётган чекловлардан иборат мазкур чора-тадбирлар фуқароларимизнинг саломатлиги ва эртанги кунини ўйлаб қилинмоқда.

Буни тўғри тушунган юртдошларимиз эса ўзлари ва оила аъзолари, яқинларининг саломатлигини ўйлаб, карантин тартиб-қоидаларга сўзсиз амал қилишлари керак.

Эътиборингиз учун раҳмат!

------------------------------------------------------------------------

 

Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облақуловнинг шаҳар аҳли ва тадбиркорларга

МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, азиз самарқандликлар!

Бугунги пандемия шароитида, нафақат шаҳримиз ёки мамлакатимиз, балки бутун дунё аҳли мураккаб вазиятда қолди. Коронавирус барча давлатларнинг иқтисодига ўз таъсирини кўрсатди. Юзлаб, минглаб одамлар ушбу хасталикка чалинди ва бу кўрсаткич кун сайин ортиб бормоқда.

Жаҳон аҳлини ларзага солаётган бундай жараён, афсуски, бизнинг республикамизда, хусусан, шаҳримизда ҳам кузатилмоқда. Бироқ, шу қисқа фурсат оралиғида озми-кўпми, ўз тажрибамизга эга бўлдик. Карантин шароитида яшашга, ишлашга кўникдик. Энди сиз ва биздан талаб қилинаётгани – кундалик ҳаёт тарзимизда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳаёт кечириш, фаолият юритишдан иборат.

Бу талаблар, аслида, ҳеч биримизга оғирлик қилмайди, яъни кун давомида қўлларимизни совун билан тез-тез ювиб туриш ёки антисептик воситалар билан тозалаш, уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш, суюқликлар ва иммунитетни кўтарувчи маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш, болалар ва ёши улуғларни парваришлашда, айниқса, эътиборли бўлиш каби оддий кўрсатмалардан иборат.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугун вазият оғир ва мураккаб бўлишига қарамасдан, юртимизда, жумладан, шаҳримизда ҳам аҳолининг озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашда ҳеч қандай тўсиқлар, қийинчиликлар учрамайди. Нарх-наво доимий назоратга олинган.

Шу сабаб ортиқча ваҳимага берилмасдан, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, махсус комиссиянинг қарорларига қатъий амал қилишимиз талаб этилади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Халқимиз азалдан донишмандлиги, ҳар қандай шароитда муҳтожларга эътибор қаратиши, оғир вазиятларда бир-бирига камарбаста бўлганлиги ва одамгарчилиги, сабр-қаноати, халқпарварлиги боис бошига тушган қора кунларни сабот билан енгиб ўтганлиги тарихдан маълум. Муқаддас динимизда эл бошига келган кулфатдан ўз манфаати учун фойдаланиш оғир гуноҳ саналади.

Аксинча, бундай шароитда қилинган эҳсон, кўрсатилган саховатнинг ажру савоби янада ортади. Бугунги синовли кунларда ҳам бу каби отамерос урф-одатларимизга содиқ қолайлик.

Аҳолининг тинчлиги, фаровон ҳаёт кечириши, энг муҳими, нарх-навонинг асоссиз оширилиши оқибатида хотиржамлигини йўқотишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Такрор айтаман, озиқ-овқат захираси бизда етарли: Аллоҳга шукур, юртимизда айни пишиқчилик вақти, саховатли она заминимизда етиштирилган мева ва сабзавотлар бозорларимизни тўлдириб турибди. Энг муҳими, ички бозоримиздан ортган озиқ-овқат маҳсулотлари чет давлатларга ҳам экспорт қилиняпти.

Хуллас, озиқ-овқат захираси масаласида барча чоралар кўрилган. Энг муҳими, бозорлардаги нарх-наво кенг жамоатчилик, шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси ва тегишли секторлар масъуллари томонидан назоратга олинган.

Қадрли дори воситалари савдоси билан шуғулланувчилар!

Пандемия шароитида аҳолининг дори-дармонга ва тиббий воситаларга бўлган эҳтиёжи ҳар қачонгидан ортиб бормоқда. Шундай вазиятда, сиз азизларнинг ҳам зиммангизда катта масъулият юкланмоқда. Дори воситалари нархларининг асоссиз равишда ошиши, аҳолининг ортиқча саросимага тушишининг олдини олишда сизларнинг кўмагингизга эҳтиёж сезамиз.

Юртбошимиз бот-бот таъкидлаяпти, мен ҳам такрорлайман, бугунги кунда дори-дармонга талаб қанчалик ортган бўлмасин, юртимизда дори воситалари танқислиги бўлмайди. Бунинг учун маблағимиз, етарлича захирамиз мавжуд.

Агар сизга ҳар қандай кўмак, ҳар қандай маблағ зарур бўлса, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қўллаб-қуватлашга, белгиланган тартибда кредит олишингизга ёрдам беришга тайёр. Бу борада қилиниши керак бўлган барча чора-тадбирлар бизнинг назоратимизда.

Шундай экан, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга ўхшаб халқ бошига тушган синовли кунлардан фойдаланиб, нарх-навони суньий равишда оширилишига йўл қўяётганлар сафида бўлишдан тийилайлик. Шу йўлни тутаётганларни инсофга чақирайлик. Бундай йўл билан бойлик орттириш Ислом динида қаттиқ қораланади, мамлакатимиз қонунчилигида эса катьий таъқиқланганидан кўпчиликнинг хабари бор.

Ҳар бир дорихона, дори-дармон савдоси билан шуғулланувчи корхона ва ташкилот шаҳар ҳокимлиги, секторлар, депутатлар, ОАВ, кенг жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назоратида бўлишини алоҳида таъкидламоқчиман. Шунинг учун дори-дармон ва тиббий воситаларни қиммат нархларда сотиб, фойда олиш ниятида бўлган айрим тадбиркорлар бу ниятларидан воз кечишсин.

Шуни таъкидлардимки, бугунги синовли кунларда ҳар биримиз карантин қоидаларига қатьий риоя қилган ҳолда вазифамизни сидқидилдан адо этсак, фидойилик намуналарини кўрсатсак, коронавирус деб аталмиш кўринмас ва айёр ёвни, албатта, енгамиз.

ЭЪТИБОРЛАРИНГИЗ УЧУН РАҲМАТ!

 

------------------------------------------------

 

Самарқанд шаҳар ҳокими Б. Облакуловнинг Самарқанд шаҳар аҳолисига мурожаати

Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Бугун кўзга кўринмас ёв Она сайёрамизни исканжага олмоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус дунё бўйлаб тарқалиб, пандемияга айланганини эълон қилганига анча бўлди. Шундан буён бутун инсоният бу кўринмас ёвга қарши карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда курашмоқда.

Короновирус инфекцияси 190 дан ортиқ мамлакатни қамраб олди. Афсуски, бу касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу офатдан халқимизни асраш мақсадида давлатимиз раҳбари бошчилигида таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Хусусан, касаллик аниқланган илк кундан эътиборан барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди. Одамлар гавжум бўладиган жойлар вақтинча ёпилди. Мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилди.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ хабарлар барчамизни бирдек хавотирга солмоқда. Аммо, бугун ҳукуматимиз ва тегишли ташкилотлар томонидан Сиз ва бизнинг соғлигимиз борасида тизимли ишлар олиб борилаяпти. Фақат бундай пайтларда барчамиздан вазминлик, мавжуд ҳолатни реал баҳолай олиш ва мутахассислар тавсиясига қатъий амал қилиш талаб этилади. Ушбу касалликдан аҳолини эҳтиёт қилиш чораларини кўриш мақсадида мамлакатимизда барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун дунё аҳлини ўзига хос тарзда синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотир ва саросималарсиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, қурбимиз ҳам, кучимиз ҳам етади. Бугун барчамиз уйда бўлиб, фарзандларимиз таълим-тарбияси билан шуғилланиб, ҳар биримиз ўзимизга ва атрофимизга масъул бўлайлик.

Оиламиз, фарзандларимиз, халқимиз ва жонажон Ватанимиз олдидаги масъулиятимизни намоён қиладиган паллада яшамоқдамиз.

Энг муҳими, бугун давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан коронавирусга қарши курашиш, бу жараёнда инсонлар саломатлигини асраш, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳаёт маромини, иложи борича, бузмаслик ва одамлар қадр-қимматини ҳурмат қилиш каби вазифалар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари кечаги йиғилишида ҳам, “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз” дея таъкидлади.

Тадбирда қанча огоҳлантириш ва тушунтиришларга қарамай, жойларда карантин қоидаларини бузаётган ҳолатлар содир этилаётганлиги афсус билан айтиб ўтилди. Бугунги синовли кунларда кимнинг ким эканлиги, унинг карантин қоидаларига риоя қилиши, уйда бўлиши, фарзандлар тарбияси билан шуғилланиши, керак бўлса, кўчага зарурат бўлмаганда чиқмаслиги билан, аввало, ўзи ва яқинларига бўлаётган муносабати билан белгиланади.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Сизларнинг эътиборларингизни қуйидаги рақамларга қаратмоқчиман. Бугунги кунда Самарқанд шаҳри фуқароларининг 280 нафрида коронавирус инфекцияси аниқланди. Шундан, 239 нафари касаликдан фориғ бўлди. Айни дамда 41 нафар беморлар шаҳримиздаги шифохоналарда даволанишмоқда. Беморларнинг орасила аҳволи ўта оғири йўқ.

Самарқанд шаҳрида беморларни даволаш учун 7 та тиббиёт муассасалари ҳамда 2 та меҳмонхона тайёрлаб қўйилган. Бундан ташқари, таълим муассаларимизда яна қўшимча равишда 5 561 та жой тайёрлаб қўйилди.

Айни дамда бемор фуқароларимиз вилоят юқумли касаликлар шифохонаси, вилоят кардология диспанцерид, вилоят болалар хирургияси илмий марказига жойлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг топшириғига кўра
1-Туғуруқ мажмуаси ҳам касалланган фуқароларимиз учун тайёрлаб қўйилди.

Шуни алоҳида қайд этишим керакки, шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам коронавирус касаллигининг халқимиз орасида тарқаб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Тегишли тартибда карантин чораларини қўллаш, шаҳар ҳудудида блок постлар ташкил этиш, одамлар орасида тушунтириш-тарғибот ишларини амалга ошириш, фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотларда карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш билан боғлиқ ишлар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳрида ўтган ўн кун давомида 17 мингдан зиёд аҳолидан коронавирусга тест олинди. Бир кунда касалликка гумон қилинган фуқаролардан 1700-1800 тагача тест олинмоқда. Бу масалада муаммо йўқ...

Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасалари, хусусан, оилавий поликлиникаларда аҳолидан тест олиш амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги “Раrizoda medical service” хусусий корхонасида ҳам коронавирусни аниқлаш бўйича тест олиб келинмоқда. Шунингдек, вилоят СЭО марказида пуллик хизмат асосида иммуна фермент анализи (ИФА) таҳлиллари қондан намуна олиниб ўтказилмоқда.

Самарқанд шаҳрида бугун 200 га яқин дорихона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг барчасида коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўлланиладиган 65 турдаги 2 ойлик дори воситалари захира қилинган. Бу ишлар тизимли равишда ташкил этилиб, шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Бундан ташқари, вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 3,2 млрд. сўмга COVID-19 инфекциясини даволашда ишлатиладиган дори воситалари харид қилинди.

13 та улгуржи дори сотиш билан шуғилланадиган тадбиркорлар томонидан 1 августга қадар 30 млрд. сўмлик вилоят захираси учун дори воситалари олиб келиниши режалаштирилган.

Улгуржи дорихона раҳбарлари билан ўзим ва сектор раҳбарлари учрашдик. Уларга бугун энг зарур бўлган дориларнинг нархини сунъий равишда оширмаслик, олибсотарларнинг қўлига чиқиб кетишнинг олдини олиш бўйича гаплашиб, бугунги вазият тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бордик. Шу ўринда таъкидламоқчиман, ҳурматли ҳамшаҳарлар, агар дорихоналарда дори воситаларнинг нархи сунъий равишда оширилганига гувоҳ бўлсангиз, Самарқанд шаҳар прокуратурасининг ..........рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Бу билан сиз бугунги пандемия шароитида сунъий равишда дори воситаларининг тақчиллигини келтириб чиқаришга уринишларнинг, дори воситаларининг нархи ошиб кетишининг олдини олган бўласиз.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят ҳокимининг топшириғига кўра “103” тез тиббий ёрдам чақирувларини қабул қилиш марказининг моддий-техник имконияти кучайтирилди. Сall-centerнинг барча аппаратлари рақамли аппаратларга алмаштирилди. Натижада, эндиликда мурожаат қилган ҳар бир абонентнинг қўнғироғи компьютер хотирасига сақланиб қолади. Диспечерлар сони ҳам 5 тадан 24 тага оширилди.

Энг асосийси, вилоят бўйича 1105 қисқа рақамли кечаю кундуз ишлайдиган Сall-center фаолияти йўлга қўйилди. Марказга бир куннинг ўзида фуқароларимиздан 550 дан зиёд мурожаат келиб тушмоқда.

Шаҳримиз фуқаролари Сall-center орқали коронавирус инфекцияси билан боғлиқ барча саволларига жавоб олишлари мумкин.

Бундан ташқари, шаҳардаги мавжуд 11 та оилавий поликлиникалар томонидан ўз ҳудудида патронаж тиббий хизмати янада самарали фаолият юритиши учун ҳар бир оилавий поликлиникага 2 тадан енгил автомашина ажратилиб, тиббиёт ходимларидан таркиб топган 22 та “Мобил гуруҳ” хизмати ташкил этилди.

Ҳар бир ҳудудда тана ҳарорати кўтарилган ёки коронавирус белгилари аниқланган беморларга “Провизор” шифохонага йўлланма берилади ва назоратга олинади.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун оилавий поликлиникаларга UZMOBIL компанияси томонидан 44 дона мобиль телефонлар олиб берилди.

Беморларга маслаҳат ва кўрсатмалар берилгандан кейин, шифокорлар кунига 2-3 маротаба телефон орқали боғланиб, уларнинг аҳволидан хабардор бўлишади. Шаҳар ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан ҳар бир оилавий поликлиника штаби билан онлайн мулоқот тизими ўрнатилган.

Бугунги кунда шаҳар аҳолиси учун 53 та тез тиббий ёрдам машиналари хизмат қилиб келмоқда.

Тез тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш мақсадида карантин бошлангандан буён 29 та “Дамас” ва 10 та “УАЗ” русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилинди.

Бугун коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш борасида бир қатор чекловлар амалга оширилаётгани ҳам аслида халқимизнинг эртанги куни учун кўрилаётган муҳим чора-тадбирлар ҳисобланади.

Қачонки, биз карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда мулоқотларни камайтирар эканмиз, кўчага зарур бўлганда чиққанда тиббий ниқоб тақар эканмиз, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқишининг олдини олган бўламиз. Бу давр ўткинчи. Карантин тадбирларига масъулият билан ёндашайлик. Энг муҳими, сабр-қаноат билан тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилиб, уйда қолиш орқали ушбу сафарбарлик ишида фаол иштирок этайлик.

Биз, барчамиз биргаликда, осойишталик билан тўғри йўл тутишимиз ва халқимизни, оиламизни, ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак ва шарт.

Ҳамжиҳатлик бор жойда ҳар қандай муаммо бартараф этилади.

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

-----------------------------------------------------

 

Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облақуловнинг

коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш

борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати бўйича

МУРОЖААТИ

 

Ассалому алайкум, ҳурматли Самарқандликлар!

Бугун коронавирус инфекцияси инсоният бошига оғир синовларни сола бошлади ва жуда тез суръатда ўсиб, дунёнинг 200 га яқин давлатига тарқалди.

Минг афсуски, пандемияга айланган Covid-19 деб аталмиш бу бало бошқа давлатлар сингари мамлакатимизда ҳам ўз даврини сура бошлади.

Аммо, шу вақт оралиғида озми-кўпми, ўз тажрибамизга эга бўлдик. Шундай синовли кунларда карантин шароитида яшашга ва ишлашга ҳам кўникмамиз ошди. Айни пайтда Сиз ва биздан талаб қилинаётгани – кундалик ҳаёт тарзимизда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳаёт кечириш, фаолият юритишдан иборат бўлмоқда.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, бугун вазият оғир ва мураккаб бўлишига қарамай, мамлакатимизда, жумладан, шаҳримизда ҳам аҳолининг озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашда ҳеч қандай тўсиқлар, қийинчиликлар учрамайди. Озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларининг нарх-навосини эса шахсан сектор раҳбарларининг доимий назоратида турибди.

Президентимиз томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

 

 

Ҳурматли телетомошабинлар!

Юртимизда маълум муддат карантин қоидалари бироз юмшатилганидан сўнг айрим фуқароларимиз тўғри хулоса қилишга шошилди ва бемақсад кўчага чиқишлар кўпайиб кетди. Оқибатда касалланганлар сони ҳам кескин даражада ошди. Шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар оқибатида эса республиика комиссиясининг тегишли ҳужжатларига мувофиқ жорий йилнинг 10 июль кунидан 1 август кунига қадар юртимизда кучайтирилган карантин қоидалари қайта жорий этилди. Афсуски, коронавирусга чалинаётган касалларнинг сони ошиб бораётгани сабабли карантин яна 15 августгача узайтирилди.

Бу вазиятда давлатимиз раҳбари аҳолининг фаровон кун кечириши, синовли кунларда ҳеч ким азият чекмаслиги ва қийналиб турган хонадонлардан бориб хабар олиш, уларга ёрдам бериш бўйича бизга вазифалар юкламоқдалар. Бу синовли кунларни енгиб ўтиш ҳар биримизнинг қўлимизда ва карантин талаблари аслида ҳеч биримизга оғирлик қилмайди.

Яъни кун давомида қўлларимизни совун билан тез-тез ювиб туриш ёки антисептик воситалар билан тозалаш, доимо тиббий ниқобдан фойдаланиш, уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш, суюқликлар ва иммунитетни кўтарувчи маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш, болалар ва ёши улуғларни парваришлашда, айниқса, эътиборли бўлиш каби оддий кўрсатмалардан иборат. Энг асосийси, мақсадсиз кўчага чиқмасликдир.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, шундай дегандилар: “Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади. Бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди”.

Шундай экан, ҳар биримиз мақсадни аниқ қўйиб ҳаракат қилишимиз ва бундай хавфли, кўринмас ёвдан тезроқ қутилиш йўлларини қилишимиз керак. Бунинг учун энг аввало, ўзимиз бу каксалликни оиламизга олиб кирмаслик йўлида курашмоғимиз лозим.

 

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Эътиборингизни касалланиш ҳолати бўйича аниқ рақамларга қаратмоқчиман. Бугунги кунда шаҳримизда
85 нафар бемор уй шароитида, 41 нафар бемор тиббиёт муассасаларида даволанмоқда. Беморлар билан бирламчи мулоқотда бўлган 270 нафар фуқаро
бугунги кунда 14 кунлик кузатувда  қолмоқда. Мавсум бошидан буён 3000 нафарга яқин фуқаролар уй карантинидан чиқарилди. Айни пайтгача коронавирус инфекцияси аниқланган беморларнинг 239 нафари касаликдан буткул фориғ бўлди.

Мавсум бошидан буён жами оилавий поликлиникалар томонидан назоратга олиниб, кузатувга турган фуқаролар 12345 нафарни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда шаҳримизда беморларни даволаш учун
7 та тиббиёт муассасаси ҳамда 2 та меҳмонхона тайёрлаб қўйилган. Бундан ташқари, таълим муассаларимиз ётоқхоналарида яна қўшимча равишда 7 200 та жой тайёрлаб қўйилди. Бемор фуқароларимиз вилоят юқумли касаликлар шифохонаси, вилоят кардология диспанцерида, вилоят болалар хирургияси илмий марказига жойлаштирилмоқда. Шунингдек, 1-туғуруқ мажмуаси ҳам касалланган фуқаролар учун тайёрлаб қўйилди.

Касаллик аниқланган кишилар коронавирус инфекциясини қандай юқтириб олганлиги ва улар билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш учун эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Фуқаролар ўртасида COVID-19 касаллиги аниқланган ва улар билан бирламчи мулоқотда бўлган 520 та хонадонда якунловчи дезинфекция тадбирлари ўтказилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан пандемиянинг аҳоли орасида кўпайиб кетмаслиги учун барча чоралар кўриляпти.

Тегишли тартибда карантин чораларини қўллаш, шаҳар ҳудудида блок постлар ташкил этиш, одамлар орасида тушунтириш-тарғибот ишларини амалга ошириш, фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотларда карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш билан боғлиқ ишлар муантазам ташкил этилмоқда.

Шунингдек, касаллик қайд қилинган маҳаллаларда одамлар кўп тўпланиши мумкин бўлган жойларда мунтазам дезинфекция ва бошқа профилактик тадбирлар олиб бориляпти.

Бир кунда касалликка гумон қилинган фуқаролардан 2000 тагача коронавирусга тест олинаётган бўлса, ҳозирги пайтгача шаҳримизда истиқомат қилувчи 20 мингга яқин аҳолидан тест олинди ва бу борада муаммолар бўлгани йўқ.

Ҳозирги пайтда шаҳримизда белгиланган тиббиёт муассасалари, хусусан, оилавий поликлиникаларда аҳолидан тест олиш амалга оширилмоқда.

 

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Шаҳримизда бугун 200 га яқин дорихона фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда 65 турдаги 2 ойлик коронавирусга қарши қўлланиладиган дори воситалари захираси мавжуд. Дори воситаларининг нархини Самарқанд шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари мунтазам назорат қилиб турибди. Ўйлаймизки бу борада ҳам албатта, бизда муаммолар келиб чиқмайди ва тадбиркорларимиз томонидан дори-дармонларнинг нархи сунъий равишда оширилмайди. Бу бўйича тадбиркорларга қилган мурожаатимда ҳам тегишли тартибда тушунчалар бергандим.

Шу кунга қадар вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 3,2 миллиард сўмга COVID-19 инфекциясини даволашда ишлатиладиган дори воситалари харид қилинди. 13 та дори савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлар томонидан 1 августга қадар 30 миллиард сўмга яқин вилоят захираси учун дори воситалари олиб келинди.

Яқинда дори савдоси билан фаолият олиб борадиган тадбиркорларга қилган мурожаатимдан сўнг бир гуруҳ масъуллар иштирокида улгуржи дорихона раҳбарлари билан ҳам учрашдик. Уларга пандемия даврида зарур бўлган дориларнинг нархини сунъий равишда оширмаслик ва дориларни айрим фирибгарларнинг қўлига чиқиб кетишига йўл қўймаслик бўйича тушунчалар бердик. Ўйлаймизки, шундай оғир, юрт ва халқ бошига тушган синовли кунларда тадбиркорларимиз ҳам биз билан ёнма-ён туриб, кўринмас бу ёвни енгишда биргаликда курашишади.

 

 

Ҳурматли телетомошабинлар!

Самарқанд шаҳри аҳолисига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун “103” тез тиббий ёрдам чақирувларини қабул қилиш марказининг моддий-техник базаси кучайтирилиб, мурожаат қилган ҳар бир абонентнинг қўнғироғи компьютер хотирасига сақланиб қолиш тизими йўлга қўйилди. Қолаверса, диспечерлар сони ҳам 4-5 баробарга оширилди. Шунингдек, аҳолидан тушаётган ҳар бир саволга жавоб бериш учун вилоят бўйича 1105 қисқа рақамли 24 соат ишлайдиган Сall-center фаолияти йўлга қўйилди.

Яна бир нарсани таъкидлашни истардимки, карантин бошлангандан буён 29 та “Damas” ва 10 та “УАЗ” русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилинди ва шаҳар аҳолиси учун 53 та тез тиббий ёрдам машинаси хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг сонини янада кўпайтириш режамизда бор. Шу билан бирга, аҳолига янада яхши хизмат кўрсатиш мақсадида шаҳримиздаги 11 та оилавий поликлиникалар томонидан ўз ҳудудида патронаж тиббий хизмати учун ҳар бир оилавий поликлиникага 2 тадан енгил автомашина ажратилиб, тиббиёт ходимларидан таркиб топган 22 та “Мобил гуруҳ” хизмати йўлга қўйилди.

Фурсатдан фойдаланиб Самарқанд шаҳри аҳолисига яна бир бор айтмоқчиманки, карантин қоидаларига қатъий амал қилинг. Бу орқали эса ўзингиз, яқинларингиз ва ўзгалар саломатлигига бефарқ бўлмаган бўласиз. Белгиланган чекловларга амал қилган ҳолда иш тутсак, ҳамжиҳат бўлсак, бошимизга тушган бугунги синовли кунларни, албатта, енгиб ўтамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

---------------------------------------------------------------

 

Самарқанд шаҳар ҳокими Б.ОБЛАҚУЛОВнинг Коронавирус пандемияси даврида шаҳарда амалга оширилган ишлар ва навбатдаги режалар бўйича

онлайн брифингдаги

МАЪРУЗАСИ

 

Ассалому алайкум ҳурматли томошабинлар, азиз ҳамшаҳарлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари!

 

Барчангизга маълумки, айни пайтда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда, жумладан, шаҳримизда ҳам пандемия, деб аталган умумжаҳон касаллигига қарши кураш қизғин давом этмоқда.

Бу балога қарши бутун халқимиз, ҳукумат ва давлат муассасалари ходимлари биргаликда кураш олиб бораётганлиги туфайли юртимизда тождорвирусга қарши курашнинг дунё амалиётида янгилик ҳисобланган янги усуллари қўлланила бошланди.

Бутун дунёда ушбу балога қарши кураш кетаётган бугунги кунда мамлакатимиз Президенти, ҳукуматимиз, вилоят ҳокимлиги, шаҳар ҳокимлиги ҳам белгиланган тадбирлар асосида аҳолини ижтимоий муҳофазага олиш, карантин тизимига тўлиқ риоя этиш чора-тадбирлари юзасидан тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб ҳар бир тадбирни молиялаштириш тизими ишлаб чиқилган. Масалан, шаҳримиз учун 2020 йил 1 август ҳолатига кўра, 2 миллиард 98 миллион сўм маблағ ажратилиб, улар тегишли йўналишлар бўйича тақсимланди. Жумладан, тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва шу соҳада фаолият кўрсатаётган бошқа ходимларга ҳар бирининг ойлик маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун жами 336 нафар ходимга 651 миллион сўм маблағ ажратилди. Ажратилган маблағларнинг 297 миллион сўми 92 нафар врачларга, 293 миллион сўми 190 нафар ўрта тиббий ходимларга, 62 миллион сўми 47 нафар кичик тиббий ходимларга ҳамда 9 миллион сўми шу жабҳада хизмат кўрсатаётган бошқа ходимларга тарқатилди.

Бундан ташқари, карантинга олинган фуқароларни дори-дармон воситалари билан таъминлаш учун 300 миллион сўм, бошқа харажатлар учун жами 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

 

Азиз юртдошлар!

Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги 5978-сонли фармонига асосан жорий йилнинг март-июнь ойларида болалари бўлган оилаларга, бола парвариши билан боғлиқ нафақа ва моддий ёрдамни янги муддатда давом эттириш, бунда шахсий ариза бошқа ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда яна олти ойга узайтириш кўзда тутилган эди. Шу мақсадда шаҳримиздаги 731 та оилага 303,5 миллион сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда бу ажратилган маблағлар 14 ёшга тўлмаган фарзандлари бор 114 та, икки ёшга тўлмаган фарзанди бор 291 та, шунингдек моддий ёрдамлар нафақасини тўлаш учун 301 та оилага тўлаб берилди.

Президентимизнинг шу йил 19 мартдаги 5969-сонли фармонида мамлакатимизда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчиларнинг сони ўн фоизга ошиши кутилаётганлиги ва унинг ижросида шаҳримизда 420 та оилага 181,5 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган эди. Ушбу моддий ёрдам ҳам 14 ёшгача бўлган фарзандлари бор, икки ёшга тўлмаган фарзандлари мавжуд оилалар ҳамда моддий ёрдам тариқасида аҳолига ошкоралик, шаффофлик руҳида тақсимлаб берилди. Ушбу нафақа маблағларини тақсимлашда маҳалла, ҳокимликлар вакиллари, жамоат ташкилотлари иштирокида амалга оширилди.

Ҳозиргача шаҳримиздаги 210 та маҳалладан 1348 та оила ўта эҳтиёжмандлар рўйхатига киритилиб, уларнинг ҳар бирига 1 миллион сўмдан ортиқ жами 1 миллиард 348 миллион  сўм ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, амалдаги йилнинг июль-сентябрь ойларида болали оилаларга ва боласи парвариши билан боғлиқ оилалар учун амалдаги нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш тартиби 6 ойгача узайтирилди. Бундай имкониятдан шаҳримизда 802 нафар оила баҳраманд бўлиб, уларга 344,7 миллион сўм маблағ ажратилган.

Мамлакатимиз Президенти ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсат ва унинг амалий ижроси эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза этишга қаратилгандир.

Шу мақсадда юқоридаги фармоннинг 3-бандига биноан шаҳримизда 14 ёшгача ҳамда икки ёшгача бўлган фарзандлари учун моддий ёрдам олувчи оилалар сони 2 баравар ошиши кўзда тутилган. Бу ўйлаб топилган рақам эмас, балки уйма-уй, кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла юриб, эҳтиёжмандларни аниқлаш, уларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш натижасида келган амалий хулосаларимиздир. Шунинг натижасида 2 ёшгача болалар тарбияси билан банд бўлган оналар сони бугунги кунда 1670 нафардан, 2018 нафарга етиши мўлжалланмоқда.

Буларнинг ҳаммаси моддий харажат. Албатта, харажат давлат ҳисобидан бўлишини ҳисобга олсак, мамлакатимизда ижтимоий сиёсатнинг нақадар аниқлик билан олиб борилаётганлигига гувоҳ бўласиз.

Пандемия шароитида ҳар бир киши, ҳар бир оила моддий ёрдамга муҳтожлигини яшира олмаймиз.

Ҳозиргача ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож оилалар аъзоларининг ҳар бирига 220 минг сўмдан бир марталик ёрдам кўрсатиш бўйича фуқароларнинг рўйхати шакллантирилмоқда. Аминманки, бундай ижтимоий кўмак — эътибордан ёрдамга муҳтож ҳеч ким четда қолмайди. Бу пул маблағлари шаҳримизда яшовчи фуқаролар учун АТ Халқ банкининг Боғишамол филиали томонидан 5-13 август кунлари - 9 кун ичида тарқатиш юзасидан аниқ тадбир белгиланган.

 

Муҳтарам ҳамшаҳарлар!

Пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳам мамлакат иқтисодий қувватини мустаҳкамлашнинг аниқ тадбирларидан биридир. Шу муносабат билан Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланмоқда.

Биргина шаҳримизда солиқ имтиёзлари ва қўшимча преференцияларга шунчалик кўп тадбиркорлик субъектлари бевосита ҳукумат томонидан жалб этилдики, айримлари қўшимча ҳуқуқ ва имтиёзларга эга эканликларини ҳам билишмас экан.

Масалан, шаҳримиз бўйича 189 та корхонанинг жами 3,6 миллиард сўмлик солиқ тўловлари тўлов муддати кечиктирилди. 418 та корхона 4,1 миллиард сўмлик солиқдан озод қилинди. 113 та корхонанинг 1 миллиард сўмлик ер ва мулк солиқлари ҳисобдан чиқарилди. Бундан ташқари, 5200 та корхонанинг 11,8 миллиард сўмлик солиқ қарзини ундириш бўйича инкассация тўлов топшириқномалари қайтарилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар, туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун ҳам йирик миқдордаги чегирмалар жорий этилди.

Агар ана шу чегирмаларни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, деярли ҳар бир жисмоний ёки юридик шахс сифатида фаолият юритаётган тадбиркор учун фаолият ҳажмига қараб 3-6,9 миллион сўмгача чегирмалар жорий этилганлиги тадбиркорлар учун яратилган катта имконият эмасми.

Мана шулардан кўриниб турибдики, бугунги пандемия шароитида ҳам давлатимиз томонидан тадбиркорларимиз қўллаб қувватланмоқда. Уларнинг эркин фаолият олиб боришлари учун барча шароитлар муҳайё қилинмоқда. Бу ислоҳотлардан кўзланган мақсад тадбиркорликни ривожлантириш орқали юртдошларимизни иш билан таъминлаш, оилалар фаравонлигини ошириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширишдир.

Ахборотим тугади.

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2020 © Maked by: SAKTRM