Рудакий кўчасида 2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланди

Янги йилнинг дастлабки кунларидаёқ кучли ёққан ёмғир натижасида Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасининг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган қисмида чўкиш ҳолати кузатилгани ҳақида хабар қилгандик. Мазкур кўча ижтимоий  тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Кузатилган ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан Давлат молиявий назорат бошқармаси, қурилиш назорати инспекцияси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш ва Ичимлик сувини назорат қилиш инспекцияси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Маълумотларга кўра, ушбу объектда қурилиш-монтаж ишлари “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси буюртмаси асосида “Бағдод Карвон” МЧЖ томонидан олиб борилган.

1,18 километр узунликдаги оқова сув қувурлари қурилиши учун буюртмачи бош пудратчига 6,2 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилган. Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган назорат ўлчовининг дастлабки маълумотига кўра, ушбу объектда 2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари сифатсиз ва
593 миллион сўмлик ишлар тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланган.

Қурилиш назорати инспекцияси ва бошқа ишчи гуруҳ  аъзолари томонидан текшириш якунланиб, тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда прокуратура органларига топширилиши ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Айни пайтда ўрганиш ишлари давом этяпти ва натижалар ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Каналга уланиш: https://t.me/samshahar

www.facebook.com/samshaharhokim

2015-2020 © Maked by: SAKTRM