Фарзандларимизнинг овқатдан заҳарланишига томошабин бўлиб турмаймиз!

 doc xls

Барча ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида шаҳримиздаги бир нечта мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолатлари юзага келгани ҳақида бонг урилмоқда.

Ҳозиргина ўша овқатдан заҳарланган фарзандларнинг ота-оналаридан бири, 98-мактабгача таълим ташкилотида фарзанди тарбияланаётган Бахтиёр ХОЛМУҲАМЕДОВ бизга қўнғироқ қилиб, ўз фикрларини билдирди:

— Фарзандим 98-мактабгача таълим ташкилотида тарбияланади. Ўша оммавий заҳарланган болалар қаторида менинг ҳам фарзандим бор. Албатта, юзага келган ҳолат нафақат мени, балки барча боғча тарбияланувчиларининг ота-оналарини саросимага солиб қўйди. Тўғри-да, ота-она жондан азиз дилбанди, ҳаётининг маъно-мазмуни бўлган боласини умид ва ишонч билан МТТга топшириб кетсаю бепарволик ва лоқайдлик оқибатида бундай аянчли ҳолат рўй бериб турса ким хотиржам бўлади?!

Муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ҳали аниқ билмадик. Аммо ҳолатдан жабр кўрган ота сифатида менинг таклифим бор. Мазкур аянчли ҳолат МТТларнинг барчасида ҳам бола тақдири билан сидқидилдан қизиқадиган аутсорсинг асосида фаолият олиб борадиган тадбиркор фаолият кўрсатмаётганини намоён этди. Балки, уларни бола тақдиридан кўра, бозордан турли айниган, эскирган озиқ-овқат маҳсулотларини арзонроқ нархда олиб келиб, уни шу ерда “ўтказиш”, кўпроқ даромад орттириш қизиқтираётгандир. Айтмоқчиманки, бугун мактабгача таълим ташкилотларида фаолияти йўлга қўйилган аутсорсинг тизимини қайта кўриб чиқиш зарур.

Айни пайтда ушбу ҳолатга қандайдир ечим топилишини билиш учун барчамизнинг кўзимиз ижтимоий тармоқларда. Биз, ота-оналарни қайсидир МТТнинг мудираси ишдан кетиши ёки ўша боғчанинг “аутсорсингчиси” алмаштирилиши эмас, болаларни соғлом овқатлантиришда бундан кейин хато такрорланмаслиги учун қандай қатъий чора-тадбир қўлланиши қизиқтиради. Негаки, бу қарор бундан кейин МТТлардаги болаларни овқатлантириш билан боғлиқ масалада ота-оналарнинг ишончи суиистеъмол бўлмаслиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

А. ЗИЁДОВ

Каналга уланиш: https://t.me/samshahar

www.facebook.com/samshaharhokim

2015-2019 © Maked by: SAKTRM