24 НАФАР ФУҚАРО НЕГА ЗАҲАРЛАНДИ?

 doc xls

Жорий йилнинг 7 октябрь куни соат 14:10 дан 8 октябрь соат 22:00 га қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 24 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар, овқат токсикоинфекцияси бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Маълум қилинишича, барча беморлар 6 октябрь куни соат 13:00 ва соат 17:30 лар оралиғида Сиёб деҳқон бозори ҳудудида жойлашган “Бахтиёр” МЧЖга қарашли хот-дог тайёрлаш шохобчасидан хот-дог ва шаурма маҳсулотларини харид қилиб, истеъмол қилишган. “Бахтиёр” МЧЖга қарашли хот-дог шохобчасида ўрганиш ўтказилганда, у ўз фаолиятини тўхтатганлиги ва хот-дог маҳсулотлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Шаҳар ДСЭНМда мазкур хот-дог шохобчаси атрофидаги хонадонларда хот-дог ва шаурма маҳсулотларини харид қилиб, истеъмол қилган фуқароларни аниқлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббий ходимларини жалб этган ҳолда уйма-уй кўриклар ташкил этилган.
Шунингдек, “Бахтиёр” МЧЖда бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тегишли ҳужжатлар тўпланиб, буюртма тайёрланган.
Беморларнинг аҳволи, лаборатория таҳлил натижалари, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинган.

Каналга уланиш: https://t.me/samshahar 
www.facebook.com/samshaharhokim

2015-2019 © Maked by: SAKTRM