ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ САККИЗИНЧИ СЕССИЯСИ

Бугун Самарқанд шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда шаҳар Кенгаши депутатлари, секторлар раҳбарлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бўлим ва бошқарма бошлиқлари иштирок этишди.

Сессияни шаҳар Кенгаши раиси Б. Облоқулов олиб борди.

Белгиланган тартиб бўйича кун тартиби ва котиб тасдиқлангач депутатлар сессияга қўйилган масалалар муҳокамасига киришишди.

Дастлаб шаҳар прокурори Д. Сайидқуловнинг “Самарқанд шаҳрида дори воситалари, тиббий буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари қатъий назоратга олиниши ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Ахборотда Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва бошқа тегишли ҳужжатлар асосида шаҳрмизда амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди. Жумладан, шаҳарда фаолият кўрсатаётган 280 та дорихоналар назоратга олиниб, шубҳали харидорлар тўғрисида маълумотларни ИИБ ходимларига тақдим этиб боришлари тўғрисида расман огоҳлантирилган.

Шаҳар ҳудудидаги мавжуд 30 та тиббиёт муассасасининг 19 таси  шифохона ва 11 таси поликлиникалар бўлиб, ҳозирда коронавирус касаллигига қарши профилактик тиббий чора-тадбирларни олиб бориш мақсадида 98 нафар олий маълумотли врачлар, 825 нафар тиббий ҳамширалар ва 22 нафар мутахассислар, жами 945 нафар тиббиёт ходимлари туну кун беморларнинг соғлиги учун курашишмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилган назорат тадбирлари натижасида жами 1445 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди (1414 та огоҳлантирув, 10 та интизомий, 9 та маъмурий, 3 та тақдимнома).

Шаҳар ИИБ, Бозорлар уюшмаси, вилоят “Агробанк”, шаҳар СЭОМга аниқланган қонун бузилиши ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритилган. Шаҳар ДСИ бошлиғи С.Рустамов, унинг ўринбосари А.Мажидов ва бошқа 4 нафар солиқ инспекцияси ходимлари интизомий жавобгарликка тортилишди.

Шаҳар ҳудудида дори воситалари, тиббий буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навоси барқарорлигини таъминлаш ва нархлар сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида 1428 та тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёзма равишда огоҳлантирилди.

Сессия кун тартибидаги иккинчи масала эҳтиёжманд оилалар рўйхати (“Темир дафтар”) асосида уларга манзилли ёрдам кўрсатилиши ва аҳоли, хусусан хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди. Бу масала бўйича Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Б.Насриев ахборот берди.

Таъкидландики, ўтган давр мобайнида Самарқанд шаҳри бўйича 4961 нафар фуқарога 1197 рақамли колл-центрга тушган мурожаатлар асосида 542,4 млн. сўмлик 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва ниқоблар, қўлқоплар, антесиптик ва гигиеник воситалари (совун, тиш пастаси ва бошқалар) етказиб берилди.

Ўтказилган ўрганишлар давомида шаҳардаги 210 та маҳалладаги мавжуд 147 313 та оиланинг 5613 таси (21 074 нафар фуқаро) муҳтож оила эканлиги аниқланди. Ушбу оилаларнинг 1136 нафар аъзоси пандемия сабабли даромадсиз қолган. Карантин даврида Самарқанд шаҳрида бевосита сектор раҳбарлари ва фаоллар томонидан муҳтож оилаларнинг камбағалликдан чиқариш бўйича олиб борилган ишлари натижасида жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 938 та оиланинг (оила аъзолари 3656) 1567 нафар аъзоси доимий даромад манбаи билан таъминланиб, камбағалликдан чиқаришга эришилди.

Шунингдек, сессияда “Самарқанд шаҳрида коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, карантин даври санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги тўғрисида”, “Коронавирус пандемияси даврида халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”, Самарқанд шаҳридаги жамоат жойлари, оммавий ахборот ҳамда реклама воситаларида ўзбек тили меъёр ва қоидаларига амал қилиш ҳолати тўғрисида”, “Режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажарилишида Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилиши талаб этилаётган кўчмас мулк объектларини компенсация ажратиб, кўчириш ишларини олиб боришга рухсат бериш тўғрисида”, “Самарқанд шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”, Самарқанд шаҳрида аҳолини камбағалликдан чиқариш, уларга иш ўрни яратиш, зарур эҳтиёжларини ўрганиб, шунга муносиб тарзда ёрдам бериш, молиявий аҳволи бўйича секторлар кесимида шакллантирилган рўйхатларни қайтадан тасдиқлаш ҳақида”ги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Кўрилган масалалар бўйича депутатлардан О. Пардаев, Ш. Алибеков, Ҳ. Тўхтаев, Ф. Ғайбуллаев, Б. Раҳмонов, М. Қурбонов ва бошқалар мунозараларда чиқишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Сессия кун тартибига қўйилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунинг билан Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги саккизинчи сессияси якунланди.

 

2015-2020 © Maked by: SAKTRM