Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

ХИРУРГ-ОНКОЛОГЛАР САМАРҚАНДГА КЕЛДИ

Бутунжаҳон хирург-онкологлар федерацияси халқаро илмий-таълим мактабининг 2018 йилги машғулотлари жорий йилнинг 7-10 июнь кунлари “Онкологияда даволашнинг ягона таълим стандарти: технология ва инновация” мавзуида Бухоро шаҳрида ўтказилади.

Мазкур халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга келган федерация аъзолари, дунёнинг таниқли онколог олим ва мутахассислари 6 июнь куни республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалига ташриф буюрди.

Меҳмонлар филиалда беморларга ташхис қўйиш ва даволаш, замонавий тиббий ускуналардан фойдаланиш жараёни, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Филиалда даволанаётган беморларни кўрикдан ўтказиб, уларни даволаш юзасидан самарқандлик ҳамкасблари билан ўзаро фикр алмашдилар.

– Бугунги кунда дунё миқёсида онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида тадқиқотлар олиб борилиб, янги методлар қўлланилмоқда, – дейди Бутунжаҳон хирург-онкологлар федерацияси (WFSOS) президенти, Сербия онкологлар ассоциацияси раиси Радон Джодич. – Самарқандлик мутахассисларнинг сут бези саратони хасталигига чалинган беморларни даволаш жараёни билан танишиб, уларнинг ҳам бу борада бой тажриба тўплагани ҳамда халқаро талаблар даражасида иш тутаётганига гувоҳ бўлдик.

Бутунжаҳон хирург-онкологлар федерацияси аъзолари филиал ходимлари иштирокида соҳадаги янгиликлар, навбатдаги вазифаларни муҳокама этиб, ёш мутахассислар учун маҳорат машғулотлари ўтди.

Муассаса раҳбари М.Жўраевнинг маълум қилишича, WFSOS илмий мактабининг 2019 йилги анжумани Самарқандда ўтказилиши мумкин.

 

F.Ҳасанов.


Киритилган вақти: 09/06/2018 09:25;   Кўрилганлиги: 141
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг