Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

САМАРҚАНД – БУЮК АЛЛОМАЛАР ЮРТИ

“Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзуидаги халқаро конференция 12 июнь куни Самарқандда ўз ишини давом эттирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ва БМТ билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Нидерландия, Латвия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Кувайт, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон сингари мамлакатлар делегациялари, хорижлик экспертлар, шунингдек, сенаторлар, депутатлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, фан арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Пойтахтимизда бошланган халқаро конференциянинг Самарқандда давом этиши бежиз эмас. Юртимизнинг қадимий ва ҳамиша навқирон бу шаҳри ўзининг қарийб уч минг йиллик тарихи давомида илм-фан, маданият ва цивилизация маркази бўлиб келган. Буюк ипак йўлининг чорраҳаси, Шарқ гавҳари деб эътироф этиладиган бу муқаддас заминда азалдан диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муҳити қарор топган. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хўжа Аҳрор Валий сингари улуғ аломалар муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Марказий Осиёга ислом дини кириб келиши билан минтақада илк бор бунёд этилган Ҳазрати Хизр масжиди ҳам Самарқандда жойлашган. Бугунги кунда ушбу тарихий масжид ва улуғ алломалар мангу ором топган масканлар обод этилиб, бутун дунё мусулмонларининг қутлуғ зиёратгоҳига айланган.

Айни пайтда Самарқандда бошқа дин вакилларининг ҳам ибодат амалларини эмин-эркин адо этиши, анъана ва қадриятларини ёш авлодга ўргатиши учун кенг имкониятлар яратилган. Вилоятда 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. 10 га яқин миллий-маданий марказлар фаолияти қўллаб-қувватланмоқда.

Халқаро конференция қатнашчилари дастлаб вилоятдаги миллий-маданий марказлар, диний конфессиялар вакиллари билан суҳбатлашди, уларнинг фаолияти билан танишди.

Шундан сўнг конференция “Миллатлараро ва динлараро муносабатларда Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида ўз ишини давом эттирди.

слом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров, ЕХҲТнинг ёшлар ва хавфсизлик масалалари бўйича махсус вакили Маттео Пульезе, Россия Федерацияси мусулмонлари диний кенгаши раҳбари, муфтий Альбир Крганов, АҚШнинг Тинчлик институти илмий ходими Белкис Аҳмади ва бошқалар бугунги кунда диний экстремизм ва радикализмга қарши курашишда бутун дунё халқлари ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда уларга диннинг асл моҳиятини тушунтириш, бу борадаги билимларини ошириш самарали усул экани қайд этилди. Мазкур йўналишда Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ёшлар орасида терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, бу жараёнда давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар соҳасидаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида фикр алмашилди.

– Ўзбекистон – муқаддас ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар юрти, – дейди Малайзия ислом цивилизацияси институти директори Моҳд Юсуф ҳожи бин Усмон. – Буни бутун мусулмон олами эътироф этади. Шу жиҳатдан мазкур халқаро анжуманнинг ушбу юртда ташкил этилиши тарихий аҳамиятга эга. Қолаверса, бугунги кунда Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, ёшларни бу иллатлардан асрашда маърифат, маънавият кучидан самарали фойдаланилаётгани ўрганса арзигулик амалиёт. Кейинги йилларда бу ерда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази каби тузилмалар ташкил этилгани нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари манфаатига хизмат қилиши, муқаддас ислом дини моҳиятидаги эзгулик, бағрикенглик ва тотувликни кенг тарғиб этишга ёрдам бериши шубҳасиз.

Халқаро конференциядан сўнг иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги Рим-католик черкови ва Арман-апостол черковига ташриф буюрди. Шунингдек, шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларга саёҳат қилди.

Тадбир доирасида Регистон мажмуасидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Жаятма Викраманаяке самарқандлик ёшлар билан учрашиб, улар билан мулоқот қилди.

ЎзА.


Киритилган вақти: 14/06/2018 11:23;   Кўрилганлиги: 115
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг