Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ИХТИЁРИЙ ТУГАТИШ ВА УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 17-18-сон, 179-модда; 2010 й., 44-45-сон, 378-модда; 2011 й., 9-сон, 84-модда; 2012 й., 3-4-сон, 26-модда; 40-сон, 466-модда; 2013 й., 2-сон, 16-модда) 

«Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш мақсадида:

1. 2007 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш (фаолиятини тўхтатиш)нинг соддалаштирилган тартиби жорий этилсин.

Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

рўйхатдан ўтказган орган тадбиркорлик субъектини — юридик шахсни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилинган кундан бошлаб корхонанинг молия-хўжалик фаолияти тўхтатилади, шу муносабат билан ер солиғи, ягона ер солиғи, мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғи, шунингдек барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеняларни ҳисоблаб ёзиш тўхтатилади;

муассислар (қатнашчилар)нинг ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъекти — юридик шахснинг мажбуриятларини бажаришга йўналтирилаётган маблағларидан солиқ олинмайди.

Ихтиёрий тугатиш, шунингдек тадбиркорлик субъекти — юридик шахс фаолиятини ихтиёрий тўхтатиш ва фаолиятини тиклаш тартиботи қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тугалланмаган тақдирда ушбу қарорда белгиланган солиқ имтиёзлари қўлланмайди.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритсин ва тушунтирсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳужжатлари ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

2007 й. 20 апрель


Киритилган вақти: 25/12/2014 15:53;   Кўрилганлиги: 87
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг