Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

«Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивали муносабати билан ташкил этилган «Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги» номли илмий анжуманда Самарқанд шаҳар ҳокими А. Шукуровнинг табрик сўзи

"Registon Plaza" мехмонхонаси, 2015 й. 26 август 14:00

Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар, хонимлар ва жаноблар, қадрли тадбир иштирокчилари!

Авволо ер юзининг сайқали, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига хуш келибсиз!

Сизларни биз учун энг улуғ ва энг азиз байрамимиз - Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 24 йиллик шодиёналари арафасида ва “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг 10-юбилей байрамида биз самарқандликлар сиз азизлар билан учрашиб турганимиздан ғоятда миннатдормиз!

 “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали доирасида ташкил этилган “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” номли илмий анжуманда Буюк Британия, Хитой, Корея, Тайланд, Эрон, Афғонистон, Миср, Уммон Султонлиги, Бутан, Россия, Озарбайжон, Германия, Туркия, АҚШ сингари хорижий давлатлардан жами 30 нафарга яқин, Ўзбекистондан 50 нафардан ортиқ таниқли олимлар маъруза ва чиқишлар билан иштирок этишмоқда. Сўзим аввалида эзгу ниятни ўзида мужассам этган ушбу анжуман ишига муваффақият тилайман.

 

Азиз анжуман иштирокчилари!

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилишида ўзгача ва чуқур маъно бор. Чунки, Самарқанддан кўплаб алломалар жаҳон цвилизацияси, илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлар етишиб чиққан. Бунга қадимий Афросиёб шаҳарчаси худудидан топилган мукаммал санъат асарлари - деворий суратлар, мусиқа асбоблари, Самарқанд яқинидаги Мўминобод қишлоғидан эса бундан уч минг йил муқаддам аждодларимиз томонидан суякдан ясалган най ва бошқалар мисол бўлади.

Қадимий хитой манбаси - “Юан сулоласи хотиралари”да келтирилишича, Тан сулоласи даврида шу заминда ота боболаримиз томонидан мусиқанинг нотали тури ёзила бошланган. ХIII асрда Венецияда яшаган Марко Поло қайдларида бу ҳудудда яшаган элларнинг рақслари, қўшиқ ва мусиқий асбоблари ҳақида маълумотлар келтириб ўтган. Бобомиз Амир Темур ва темурийлар даврида илм фан, маданият, савдо сотиқ архитектура каби мусиқа санъат ҳам гуллаб яшнаган. Амир Темурнинг набираси буюк давлат арбоби, астроном олим Мирзо Улуғбек қолдирган бой илмий мерос ва у яратган обсерватория ва илмий академия дунё илм фани ривожига муносиб ҳисса қўшгани ҳақида кўпчилигингиз жуда яхши биласиз.

2014 йилнинг 15-16 май кунлари Юртбошимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам боболаримиз қолдирган бой илмий, маънавий мерос жаҳоннинг машҳур олимлари томонидан эътироф этилди.

Бугун ота боболари бошлаган ишларни самарқандлик илм аҳли юксак шижоат билан давом эттираётир. Қадимда ҳам, айни пайтда ҳам илм фан ва маданият маркази ҳисобланган Самарқандда юксак илмий салоҳият мавжуд. Ҳозирда 500 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Самарқанд шаҳрида 8 та олий ўқув юрти, 40 та академик лицей ва касб ҳунар коллежлари фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд давлат университетида мусиқа бадиий графика ва меҳнат таълими факультети, Санъат коллежи ва мавжуд 6 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида мусиқа ва санъат йўлини танлаган ёш иқтидор эгалари ўқиб, изланиб камолга етишмоқда.

 

Муҳтарам мехмонлар!

 “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг асосий мазмун-моҳияти, мақсади Шарқ ва жаҳон халқларининг миллий санъати ва маданиятини ривожлантириш, турли миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, халқлар, миллатлар, динлараро тинчлик ва дўстликни, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашни тараннум этишдир. Ўзаро ҳурматга асосланган миллий мусиқа, қўшиқчилик, рақс санъатининг амалий, назарий асосларини тарғиб қилиш фестивалнинг бош ғояси ҳисобланади.

 

Фестиваль иштирокчилари учун бугун Самарқандда барча шароитлар яратилди. Бағрикенг ва меҳмондўст халқимизда “меҳмон отангдек улуғ” деган нақл бор. Халқимиз Самарқандга ташриф буюрадиган ҳар бир меҳмонни қучоқ очиб кутиб олади. Ушбу нуфузли анжуманга ҳам самарқандликлар бир неча ойдан буён тайёргарлик кўришди. Бугунги Самарқанднинг жамолида, бетакрор чиройида, кўнгилларга соладиган ҳайратида буни яққол кўриш мумкин.

Энг муҳими, “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали бу сафар ўзгача ва бетакрор бўлади ва ушбу санъат байрами иштирокчилар хотирасида бир умр сақланиб қолади.

Анжуман ишига яна бир муваффакият тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 27/08/2015 15:40;   Кўрилганлиги: 99
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг