Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

«Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивали муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида Самарқанд шаҳар ҳокими А. Шукуровнинг маърузаси

"Registon Plaza" мехмонхонаси, 2015 й. 26 август 10:00

Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар, хонимлар ва жаноблар, қадрли тадбир иштирокчилари!

Авволо ер юзининг сайқали, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига хуш келибсиз!

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг 10-юбилей байрамида биз самарқандликлар сиз азизлар билан учрашиб турганимиздан ғоятда миннатдормиз!

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас, бунда катта маъно бор. Чунки, Самарқанд жуда қадим замонлардан дунёнинг илм-фан, маданият ва санъат, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ривожланган шаҳарларидан бири ҳисобланади. Самарқанд азалдан қоғозлари, шойи ва атласи, бетакрор ҳунармандлари, қадимий мусиқа ва санъати билан ҳам дунёга машҳур бўлган. Бу заминдан жаҳон цвилизацияси, илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлар етишиб чиққан.

Президентимиз раҳнамолиги ва ташаббуси билан Истиқлол йиллари Самарқандга, унинг тарихий ва маданий бойликларига эътибор тубдан ўзгарди. Ўзбекистон ҳукумати ушбу қадимий ва ҳамиша навқирон кентнинг тарихий ва маданий ёдгорликларини сақлашга алоҳида эътибор қаратди. Ана шу йилларда Самарқанд ўзининг янги қиёфасига эга бўлди. Шаҳардаги осори-атиқалар қайта тикланди. Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда мажмуаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Амир Темур мақбараси ва яна қанчадан қанча тарихий обидалар мукаммал реставрация қилинди, атрофи ободонлаштирилди.

Азиз меҳмонлар!

Тўйга, байрамга, шодиёнага алоҳида тайёргарлик кўриш халқимизга хос азалий анъана ҳисобланади. Ана шу анъанага содиқ қолган самарқандликлар дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрадиган азиз меҳмонларни муносиб кутиб олиш, жойларда учрашувлар, кечаларни намунали тарзда ташкил этиш, меҳмонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратиш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар асосида кенг кўламли ишларни амалга оширишди.

Шаҳарда эрта баҳорда 22837 тупдан зиёд дарахт, жумладан, 1174 тупдан ортиқ каштан, 581 тупдан зиёд қрим қарағайи, 28 туп дуб, 8005 туп япон сафураси, 200 туп қайрағоч, 20 туп қайин қўплаб турдаги игна баргли дарахтлар марказий - Ибн Сино, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Улуғбек, Гагарин, Рўдакий, Беруний, Бўстонсарой сингари кўчаларга, Амир Темур ҳайкали атрофи, Руҳобод  майдони, Университет хиёбони, Темирйўл вокзали майдони, Улуғбек обсерваторияси, Хўжа Дониёр мажмуалари атрофларига экилди.

Ҳурматли журналистлар!

Кейинги йилларда фаворалар қурилишига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун шаҳримизда 38 фаввора аҳолига хизмат кўрсатади. Жорий йил биринчи ярмида Кўксарой майдонидаги фавворалар яқингинада эса Ҳамид Олимжон номидаги вилоят давлат мусиқа ва драма театри олдидаги майдон ўзгача қиёфа касб этди ва шу ердаги фавворалар ҳам тўлиқ таъмирланди. Айтиш лозимки, мазкур майдонда вилоят хокимлиги эътибори туфайли ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, фавворада мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Термиз, Андижон, Туркистон, Панжакент, Кулолон, Амир Темур, Амир Шоҳмурод, Челак, Сўзангарон, Қозизода Румий, Ал-Хоразмий, Лолазор, Ўзбекистон, Шоҳи Зинда, Рўдакий кўчалари ҳамда Кимёгарлар шаҳарчасидаги бир қанча кўчаларда 3396 метр квадрат ҳажмдаги таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда шаҳардаги деярли барча асосий кўчалар текис ва равон ҳамда икки томони кўкаламзорлаштирилди ва гулзорга айлантирилди.

Қадимда ҳам, айни пайтда ҳам илм фан ва маданият маркази ҳисобланган Самарқандда юксак илмий салоҳият мавжуд. Ҳозирда 500 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Самарқанд шаҳрида 8 та олий ўқув юрти, 40 та академик лицей ва касб ҳунар коллежи, 80 га яқин умумтаълим мактаблари, 128 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд давлат университетида мусиқа бадиий графика ва меҳнат таълими факультети, Санъат коллежи ва мавжуд 6 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида мусиқа ва санъат йўлини танлаган ёш иқтидор эгалари ўқиб, изланиб камолга етишмоқда.

Фестивалга тайёргарлик жараёнида

Регистон ансамблида фестивалнинг очилиш маросими ва кўрик-танловлар ўтадиган саҳна қурилиши ниҳоясига етказилди. Эътиборлиси, бир қанча ижобий жиҳатлари билан аввалгиларидан анчагина фарқ қилади. Саҳна 25 фоизга кенгайтирилган бўлиб, Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасалари билан боғланди.

Бу йилдан бошлаб саҳнани ёритиш бутунлай янгича тизимга ўтказилади. Бунинг учун германиялик мутахассислар билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди. Энди янгича ёритиш тизими Регистон ансамбли учун ўнинчи “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалидан эсдалик бўлиб қолади.

Хуллас, шаҳар қиёфасини нуфузли фестивалга мос равишда безатиш борасида бор имкониятлардан фойдаланяпмиз.

Шунингдек, фестивал қатнашчиларининг Самарқанд шаҳар, Самарқанд, Тайлоқ, Жомбой, Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом ва Ургут туманларида учрашувлар ва маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Фестиваль доирасида “Шарқ тароналари мусиқа фестивалининг муштараклиги” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтади. Уч кун давом этадиган илмий анжуманга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур анжуманда Буюк Британия, Хитой, Корея, Тайланд, Эрон, Афғонистон, Миср, Уммон Султонлиги, Бутан, Россия, Озарбайжон, Германия, Туркия, АҚШ каби хорижий давлатлардан жами 30 нафарга яқин, Ўзбекистондан 50 нафардан ортиқ олимлар маъруза ва чиқишлар билан иштирок этишади.

Самарқанд шаҳридаги жами 92 та меҳмонхонадан фақатгина “Регистон плаза” ва “Ориент стар Кўксарой” меҳмонхоналари хорижлик фестиваль иштирокчилари ва ҳурматли мехмонларимиз жойлаштириш мақсадида танлаб олинди.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Меҳмонларни тарихий обидаларимиз, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан батафсил таништириш мақсадида 67 нафар олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидан масъуллар бириктирилди. Уларга инглиз, хитой, корейс, япон, испан, француз, немис, итальян, араб, турк, рус тилларини мукаммал биладиган 160 нафар таржимон ва гидлар ҳамроҳлик қилади. Ушбу таржимонлар Самарқанд давлат чет тиллар институтида махсус дастур асосида тайёрланди.

Иштирокчиларга фестиваль давомида кўтаринки кайфият улашиш, халқимизнинг бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналари ҳақида етарли маълумот бериш мақсадида Ҳунармандлар маркази ва Тилла Кори мадрасасида халқ амалий санъати асарлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди.

Бундан ташқари, «Чорсу» санъат галереясида Самарқанд рассомлари ва халқ амалий усталари асарлари намойиш этилмоқда. Унга 100 дан ортиқ ҳунарманд ва рассомлар жалб этилган.

Энг муҳими, Самарқанд давлат чет тиллари институти биносида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини кенг ёритиш мақсадида Матбуот маркази зарурий техник воситалар билан жихозланди.

Регистон майдони ва “Ориент стар Кўксарой” меҳмонхонасида  махсус интервью олиш жойлари ташкил этилди.

Қадирли меҳмонларимиз, Сиз қадирли журналистлар иштирокида “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали бу сафар ўзгача ва бетакрор тантаналар билан ўтади ва ушбу санъат байрами иштирокчилар хотирасида бир умр сақланиб қолади.

Эътиборингиз учун раҳмат! Фестивални ёритиш ишларида барчангизга мувофақият тилайман.


Киритилган вақти: 27/08/2015 15:39;   Кўрилганлиги: 144
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг