Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

Самарқанд шаҳар ҳокими А.С.Шукуровнинг Флоренция провинцияси кенгаши аъзоси, Италиянинг машҳур “Frescobaldi Groop” компанияси раҳбари Леонардо Комуччи бошчилигидаги делегация аъзолари, Самарқанд шаҳри раҳбарияти ҳамда бир қатор тадбиркорлар вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишдаги табрик сўзи

"Регистон Плаза" меҳмонхонаси, 2014 й. 7 апрель 14:00

Ассалому алайкум, Леонардо Комуччи жаноблари, муҳтарам меҳмонлар, хонимлар ва жаноблар!

Биз бугун шаҳримиз - Самарқандда дунёнинг қадимий масканларидан бўлган Сиз италиялик меҳмонлар билан учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Барчангизга бағрикенг ва самимий Самарқанд аҳли номидан хуш келибсиз, деймиз.

Самарқандликлар икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик, бугунги кунда бўлиб ўтаётган тенг манфаатли Ўзбекистон – Италия тадбиркорлари ҳамкорлигидаги мазкур учрашувдан бағоят хурсанд эканликларини мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Халқларимиз ўртасидаги ўхшашлик, меҳнаткашлик ва меҳмондўстликни ҳар қанча эътироф этсак кам. Буни ҳар икки халқ томонидан асрлар давомида қўлга киритилган улкан ютуқлардан ҳам билса бўлади.

Ўзбекистон ва Италия халқлари ўртасидаги маданий, иқтисодий алоқалар мамлакатимиз мустақиллигидан сўнг янгича мазмун ва моҳият касб этди. Негаки, Ўзбекистон мустақиллигини жаҳонда биринчилардан бўлиб тан олган давлатлар орасида Италия ҳам алоҳида ҳурмат билан қайд этилади.

Биз Италиянинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган ҳудудларидан бири – Флоренция провинцияси билан яқин биродарлик алоқаларини ўрнатганмиз. Бугунги тадбир ҳар икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларни янада янги поғоналарга кўтарилаётганидан далолатдир.

Италия ҳам, Ўзбекистон ҳам қадимий давлатлардан ҳисобланиб, ҳар икки мамлакатда инсоният цивилизациясининг дурдона ёдгорликлари – тарихий обидалар, бебаҳо ва бой музейлари мавжуд. Буни сиз ташриф буюрган Самарқанд шаҳри мисолида ҳам кўришингиз мумкин. Самарқанднинг меъморий ёдгорликлари дунёдаги ҳар бир сайёҳни умумий асосда ўзига жалб этади, деб ўйлайман. Айни пайтда Самарқандда ЮНЕСКО рўйхатидаги юзлаб тарихий обидалар мавжуд. Самарқанднинг Регистон майдони, шунингдек, Шоҳи Зинда мажмуаси, Улуғбек обсерваторияси, Амир Темур мақбараси каби тарихий обидалари Сиз, азиз меҳмонларда қизиқиш уйғотиши ва чуқур таассурот қолдириши табиий.

Хонимлар ва жаноблар!

Қадим шаҳримиз – Самарқанд бежизга «Маданиятлар чорраҳаси», деган номга эга эмас. Бундай маданиятлар чорраҳасига буюк бобомиз – Амир Темур даврида асос солинганлигини юксак ғурур билан тилга олиб ўтиш зарур. Шунинг учун Ғарб ва Шарқ ўртасидаги асосий чорраҳа – Самарқандда сайёҳлар, тижоратчилар, ҳар бир меҳмон учун ўз замонасига мос равишда ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилган.

Мустақиллик йилларида Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавиятимиз, бой ўтмишимиз, миллий ўзлигимиз ва қадриятларимизни тиклашга, тадбиркорлик муҳитини яратишга катта эътибор қаратилди. Бунинг натижаси сифатида Самарқанд шаҳрида улкан бунёдкорлик ва қайта қуриш ишлари амалга оширилди. Тарихий обидалар ва уларнинг атрофи ободонлаштирилди. Бир сўз билан айтганда Самарқанднинг тарихий ва замонавий қиёфаси тикланди. Тадбикорлар ва кичик бизнес субъектлари учун барча имкониятлар яратилди. Самарқандда иқтисодиёт айниқса, автомобилсозлик, енгил саноат, туризм жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Энг муҳими, дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли ва манфаатли ҳамкорлик қилиш учун барча шароит яратилди.

Бугунги тадбиримиз Ўзбекистон ва Италия халқлари, тадбиркорлари манфаати учун хизмат қилишига ишонамиз ва албатта бу ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқалар ривожланишига асос бўлади.

Муҳтарам меҳмонлар!

Биз Сизларни қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда кутиб олганимиздан яна бир бор бахтиёр эканлигимизни изҳор этмоқчиман.

Азим Самарқандга хуш келибсиз!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 08/04/2014 15:30;   Кўрилганлиги: 69
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг