Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

Самарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуровнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тадбиридаги табрик сўзи

"Суғдиёна" истирохат боғи, 2014 й. 31 август 18:00

Ассалому алайкум, азиз Самарқандликлар, қадрли шаҳримиз меҳмонлари!

Шарқ гавҳари, деб ном олган, қадим-қадимдан илму маърифат, маънавият ва маданият бешиги бўлиб келган муқаддас замин – Самарқанд шаҳри мустақиллик йилларида янада гўзал ва обод масканга айланди, янгича сайқал топди.

Ҳалол ва унумли меҳнати туфайли бахтли, фаровон ҳаёт кечираётган, энг муҳими, фарзандларининг келажагидан кўнгиллари тўқ бўлган Самарқандликлар ҳам барча юртдошларимиз каби ўз-ўзларига «Ким эдигу ким бўлдик?» деган пурмаъно саволни бериб, дунёдаги энг бахтли инсонлармиз, дея баралла айтишга ҳақлидирлар.

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолиги ва раҳбарликларида Самарқандда мисли кўрилмаган ислоҳотлар, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналар, муҳташам иншоотлар, тураржой бинолари, янгидан-янги таълим ва шифо масканлари, спорт иншоотлари, меҳмонхоналар, магистрал ва ҳалқа йўллари, кенг ва равон кўчалар, сўлим хиёбону майдонлар, истироҳат боғлари, фавворалар шаҳарнинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.

Юксак дид ва маҳорат билан қайта қурилган Даҳбед, Мирзо Улуғбек, Беруний, Бўстонсарой, Спитамен кўчалари, Регистон ва Шоҳи Зинда ансамбллари, Улуғбек расадхонаси, Амир Темур мақбараси ва Хўжа Дониёр зиёратгоҳи сингари кўплаб объектларда амалга оширилган қурилиш-реконструкция юмушлари мазкур йўналишдаги ишларнинг ёрқин тимсолидир.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар, қадрли меҳмонлар!

Тўйга тўёна билан бориш ҳалқимизнинг азалий анъанасидир. Мана шу одатга доимий содиқ бўлган Самарқанд шаҳрида бу йил ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллик шодиёнаси арафасида 6 та ижтимоий соҳа объектлари,  8 та кўп қаватли тураржой бинолари, 11 та маиший хизмат кўрсатиш комплекслари, 10 дан зиёд замонавий технологиялар билан жихозланган тадбиркорлик субъектлари, кичик ва ўрта бизнес ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги сингари Самарқанд шаҳрида ҳам маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, замонавий ҳордиқ масканларини яратишда улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Йўлбарслар хиёбони, мусиқали фаввора, Алишер Навоий номли марказий маданият ва истироҳат боғи, “Ёшлик”, “Суғдиёна” истироҳат боғлари ва бошқа сўлим хиёбонлар юртдошларимизнинг, хусусан ёшларимиз ҳамда меҳмонларнинг дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган севимли масканларига айланди. Шуни алоҳида таъкидлаб айтиш жоизки, бу масканларда келгусида ёшларга мўлжалланган жуда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, бадиий-ижодий кечалар мунтазам ўтказилиб борилади.

Жорий йилда Сизу биз бугун байрамни кўтаринки руҳда нишонлаётган “Суғдиёна” истироҳат боғида ҳам кенг кўламли таъмирлаш, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Натижада 1200 ўринли амфитеатр ташкил қилинди. Боғнинг барча йўлаклари янгидан реконструкция қилинди. 3500 квадрат метр майдон кўкаламзорлаштирилиб, замонавий ландшафт дизайни яратилди. 10 га яқин янги аттракционлар, стол тенниси ва сунъий қопламали футбол майдонлари, болалар сузиш ҳавзаси ташкил қилинди.

Ушбу боғда режа бўйича 3 та болалар шаҳарчаси бунёд этилиши кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг биринчиси фойдаланишга топширилди.

Албатта бу боғда қурилиш реконсткрукция ишлари давом этади ва Суғдиёна” истироҳат боғи янада чирой очади.

 Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, “Суғдиёна” истироҳат боғида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари Самарқандлик тажрибали лойиҳачилар билан биргаликда Сизу бизнинг фарзандларимиз – Самарқанд давлат қурилиш меъморчилик институти талаба ва битирувчилари томонидан ишлаб чиқилган.

Хурматли ҳамюртлар ва шаҳримиз меҳмонлари!

Энг улуғ, энг азиз айём - мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами билан барчаларингизни муборакбод этаман. Ватанимиз равнақи йўлидаги эзгу ишларингизда Аллоҳ ҳамиша ёр бўлсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Киритилган вақти: 02/09/2014 15:37;   Кўрилганлиги: 46
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг