Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

Самарқанд шаҳар ҳокими А.С. Шукуровнинг халқ таълими ходимларининг “Август конференцияси” очилишидаги нутқи

Саънатшунослик касб-ҳунар коллежи концерт зали, 2014 й. 26 август 10:00

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам устозлар!

Қадрли анжуман иштирокчилари!

“Август конференцияси”  шаҳримиз педагог ходимлари томонидан байрамона тарзда нишонланиши, шу билан бирга ўтган ўқув йили якунлари ва янги ўқув йилида олдимизда турган вазифалар тўғрисида келишиб олиш анъанага айланиб қолган.

Бу йил  анъанавий   “Август кенгаши” да соҳа фаолиятини таҳлил қилиб шу вазифаларни  энг пастки бўғинларгача бажарилиши лозим бўлган вазифаларни аниқлаб, таълим муассасаларига етказиш ва кенгашларни айнан бугунги кунда муаммоли масалалар ечимига қаратишга келишиб олишимиз зарур.

Шундан келиб чиқиб бугунги кенгашни айнан муаммолар ва улар ечимига қаратган ҳолда умумий гап ва ваъдалардан холи бўлган ҳолда ўтказсак ўйлайманки мақсадга мувофик бўлади.

Азиз устозлар!

Мустақиллик йилларида муҳтарам юртбошимиз раҳбарликларида  таълим тизимидаги ислоҳотлар кўлами тобора кенгайиб,  шиддат билан ўзгариб бораётган замон талабига жавоб берадиган,  буюк ўтмишига ҳамда улуғ аждодларимиз меъросини сақлаган ҳолда энг ривожланган мамлакатлар таълим соҳасидан кам бўлмаган мукаммал ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.  

 Ҳар томонлама етук,  билимдон, зукко ва малакали кадрлар тайёрлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги натижасида бугун иқтидорли педагоглар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

  “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва  Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши фарзандларимизнинг билимли ва доно бўлишига хизмат қилаётган бўлса,  шахсан юртбошимиз  раҳбарликлари остида ташкил этилиб, бутун дунё томонидан илғор ижобий тажриба сифатида тан олинаётган “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси” ташкил қилиниши шарофати билан ёш авлодни соғлом ва бақувват қилиб тарбиялашга ҳамда уларнинг санъат соҳасидаги иқтидорини намойиш  қилишга  имкон яратилди.

  Бугун уч босқичли спорт мусобақалари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт мусобақаларида  ёшларимиз томонидан эришилаётган ютуқлар кўрсатилаётган ғамхўрликнинг дастлабки меваси десак айни ҳакиқатни айтган бўламиз.

Шаҳримизнинг умидли спортчиси Самарқанд шаҳар 43-мактабнинг 4“А”синф ўқувчиси Тахмина Икромова гимнастика бўйича  АҚШда  ўтказилган Халқаро мусобақада 1-ўринни, Тайквандо WTF якка кураш тури бўйича Малайзия давлати Шах Алам шахрида бўлиб ўтган Халқаро мусобақада 3-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари Давлатжон Давронов 55-мактаб 9-синф ўқувчиси 63 кг вазнда олтин медал сохиби, 24-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Санжар Абдикомилов 40 кг вазнда кумуш медали сохиби, 1-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Лайло Зайниддинова 30 кг вазнда бронза медали соҳиби, Озорбайжон республикасида бўлиб ўтган халқаро Ислом мумтоз мусиқа фестивал-танловида Самарқанд шаҳар 14-мактабнинг 8 “А” синф ўқувчиси Исмоилов Юсуф фахрли  3-ўринни эгаллаганликлари шаҳримиз обрусини  дунё миқёсига олиб чиқмоқда.

Таълим сифати асосий кўрсаткичларидан бири бу ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган “Билимлар беллашуви” тадбиридир. Беллашувнинг якуний натижаларига кўра барча фанлардан юқори кўрсаткичларни қайд қилиб умумий холда 37,51- ИДУМлар, 9,21,24,29,30 мактаб ўқувчилари пешқадамликни қўлдан бермай келмоқда.

Тадбирнинг Республика босқичида Самарқанд шаҳридан жами 10 нафар ўқувчи иштирок этиб, улардан  Биология фани бўйича 30 мактаб 6 синф ўқувчиси Худойбердиева Ситора 2 ўринни, Немис тили фани бўйича 51 мактаб 6 синф ўқувчиси  Расулова Хилола, 7 синф ўқувчиси Муродов Азиз, хамда  Математика фанидан  6 мактабнинг 7 синф ўқувчиси Акбаров Эркинлар фахрли 3 ўринни қўлга киритдилар.

Вилоят миқёсида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган Анъанавий фан олимпиадаси барча кўрсаткичларнинг кўзгуси эканлиги ҳаммага маълум. Мазкур тадбир якуни билан 5-, 9-, 14-, 17-, 21-, 29-, 30-, 33-, 35-, 37-ИДУМ, 49-, 51-ИДУМ, 1-ИДУМлар ўқувчилари фаол иштирок этиб келмоқда.

Ана шундай иқтидорли ўқувчиларни тайёрлашда ўзларининг бор билим, куч ва ғайратларини аямайдиган ўз касбига содиқ, фидоий ўқитувчиларни  тилга олмасликнинг иложи йўқ.

Бундай фидоий ўқитувчилар сафига 51 мактабнинг немис тили фани ўқитувчилари Мохидил Мухторова, Амал Бахшишева, Виктория Андрюшина, 43 мактабнинг француз тили фани ўқитувчилари Светлана ва Наталия Часовскихлар, 6 мактабнинг математика фани ўқитувчиси  Феруза Ғаффарова, 30 мактабнинг биология фани ўқитувчиси Гулноза Абдуллаева, 35 мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Виктория Благонравова, 45 мактабнинг узбек тили фани ўқитувчиси Дилдора Рахимова, 9 мактабнинг чизмачилик фани ўқитувчиси Ориф Нарзиев, 37 мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Дилдора Рахимова, 20 мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Хайринисо Хошимова, 28-мактабнинг география фани ўқитувчиси Лола Акбароваларни кўрсатиш мумкин.     

Ачинарлиси, сўнги уч йил давомида  2, 6, 10, 15, 22, 25, 27, 31, 32, 44, 52, 56, 59, 61, 66, 69,74- мактаблардан иштирок этган ўқувчиларнинг бирортаси “Фан олимпиадаси” хамда “Билимлар беллашуви” да кўзга кўринарли ўринларни қўлга кирита олмаганлигини  ушбу таълим муассаса раҳбарлари ҳамда  соҳа масъулларини  хулоса қилишга ундайди.

  Шу ўринда  таълим тизимида ислоҳотлар самарадорлиги, аввало, ўқитувчилар ва таълим муассасалари раҳбарларининг билими, маҳорати, ташаббускорлиги, қолаверса, ўз касбига садоқати ва фидойилигига боғлиқлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Бундан ташқари интелектуал танловларнинг республика босқичида қўлга киритилган муваффақиятлар ҳам салмоқлидир.

Жумладан: “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танлови Республика босқичида 9- мактаб директори Мавлонова Дилбар 1-ўринни, “Йилнинг энг фаол ёш тарбиячиси” беллашувида 15-МТМ тарбиячиси Жураева Феруза 1-ўринни,“Китобхон  мактаб” кўрик-танловида 69-мактаб кутубхоначиси Юнусова Нигора республика босқичида фахрли 1 ўринни, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”танловида 54-мактабнинг иқтисодий билим асослари фани ўқитувчиси Отабек Рустамов 2-ўринни, “Энг яхши электрон ахборот-таълим ресурси” беллашувида 11-мактаб информатика фани ўқитувчиси Рустамова Зилола Республика кўрик-танловида фахрли 3 ўринни қўлга киритдилар.

Устоз ёки мураббий учун ўз шогирдининг муваффақиятини ёки машақққатли меҳнатининг мевасини кўриб фахрланишдан ҳам ортиқ бахт бўлмаса керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги 
“Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  ПҚ 1875 сонли қарорига  асосан шаҳардаги умумтаълим мактабларида 156 та 1-синфларташкил қилинган бўлиб, улар учун шунча чет тили хоналари ташкил этилди ва ушбу синфлар барча замонавий  мебел, маиший техника,  ўқув ва  кўргазмали қуроллари билан тўлиқ жиҳозланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1875-сонли қарори, ижросини таьминлаш бўйича Самарқанд шаҳрида бир қатор ишлар амалга оширилди. 2012-2013 ўқув йили давомида 37-Ихтисослаштирилган давлат умумтаьлим мактаб инглиз тилидан, 43-Ихтисослаштирилган давлат умумтаьлим мактаб француз тилидан, 51-Ихтисослаштирилган давлат умумтаьлим мактаб  немис тилидан 1-синф дарсликларини тажриба-синовдан ўтказилди. Тажриба-синов жараёнида ўқитувчиларимизнинг хизматлари беқиёс деб ўйлайман, инглиз тилидан 37-мактаб ўқитувчилари Н.А.Негматова ва К.В.Арифджанова, француз тилидан 43-мактаб ўқитувчилари Х.Ризахонова ва  М.Зайниева, немис тилидан 51-мактаб ўқитувчилари В.А.Андрюшна ва А.Ю.Бахшишевалар худди шу тажриба-синов машғулотларини 2013-2014 ўқув йилида 2-синф ўқувчилари билан ўтказдилар.

Самарқанд шаҳридаги барча мактабларимизда чет тили хоналари учун  DVD, маркер доскалар, хорижий тилга оид кўрганзмали қуроллар билан таьминланди. Шуниндек, 20 та  мактабларимизнинг ҳар бири 2 та дан “Ноут Бук”, 2та Видео проекторлар билан таьминланди. Қолган мактабларимизга қувватига қараб 100%  “Ноут  Бук”, Видео проекторлар билан 2016 йилга қадар босқичма-босқич амалга оширилади.

Самарқанд шаҳридаги мактабларимизда инглиз тилини ўргатиш бўйича 160 та 1-синф ўқувчилари учун хоналар ташкил этилди. 1-синфга дарс бериши учун 2013 йил апрел-август ойларида 386 нафар ўқитувчиларни малака ошириш курсларидан ўтказдик, 2014-2015 ўқув йилида 2-синфга дарс берадиган 168 нафар ўқитувчиларимизни малака оширишнинг ҳафталик курслардан ўтказдик, бу ўқитувчилар янги ўқув йилига дарс бериш хуқуқига эга бўлишди.

Самарқанд шаҳридаги 6-умумий ўрта таьлим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Салиев Нодир Бобиршохевичнинг “what can animals do?” хайвонлар нима қила олади мавзусида олиб борилган иши вилоят педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти томонидан оммалаштирилди.

Йил давомида фидоий ўқитувчиларимиз томонидан яратилган услубий қўлланмалар вилоят ва Республика миқёсида оммалаштирилмоқда. Жумладан: 121-МТМ мудираси Дилором Мамедова ва инглиз тили тўгарак раҳбари Азиза Қаюмоваларнинг “Мактабгача ёшдаги болаларда инглиз тилини ўргатиш”  методик қўлланмаси Республика миқиёсида, 54-мактабнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Барно Бойқобилованинг “Синф раҳбарлари учун тарбиявий ишлар журнали” вилоят миқёсида оммалаштирилди .

Халқ таълими тизимида ахборот – коммуникация технологиялари, интернет ва мультимедиа ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида бўлим тасарруфидаги барча таълим муассасалари кадрларининг замонавий ахборот – коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича малакаларини ошириш ўқувларининг 1-босқичида 3710 нафар ўқитувчи малакасини оширди. 

Ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация ва педагогик технологияларни самарали қўллаётган ўқитувчиларнинг ижодий фаоллигини ошириш ҳамда ўқувчилар орасидан дастурлаштириш йўналиши бўйича энг иқтидорлиларини аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий изланишларини ривожлантириш мақсадида ўтказилган умумтаълим муассасалари ўқитувчилари ва ўқувчилари ўртасида “Энг яхши электрон ахборот – таълим ресурслари республика кўрик – танлови”нинг Республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 11-мактаб информатика ўқитувчиси Рустамова Зилола 3-ўринни эгаллади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш орқали таълим самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига, хусусан ота-оналарга кўрсатилаётган интерактив давлат хизматларини тақдим этиш  мақсадида Самарқанд шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг веб – сайти мавжуд бўлиб, интернет тармоғидан samshxtb.uz манзили билан рўйхатдан ўтган.

Шунингдек, ҳозирда бўлим веб-сайтида Интерактив хизматлар бўлимида шаҳардаги барча мактаблар ва МТМлар веб-сайтлари тўғрисида маълумотлар олиш мумкин.

2013-2014 ўқув йилида  Самарқанд шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги 2, 3, 7, 10, 12, 17, 23, 24, 33, 39, 41, 43, 44, 46, 55, 58, 63, 64, 67, 75 – умумий ўрта таълим мактаблари “Жаҳон тараққиёти банки” иштирокидаги  “Мактаб таълимини ривожлантириш”  лойиҳаси доирасида  компьютерлар билан таъминланди. Бу компьютерлар билан биргаликда интерактив доскалар берилди. Ўқувчи ва ўқитувчиларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш  мақсадида ўқитувчиларга имтиёзли кредитлар асосида ноутбуклар берилиши режалаштирилди.

2013-2014 ўқув йилида Сизлар томонингиздан қўлга киритилган қатор ютуқ ва муваффақиятлардан яхши хабардормиз,  улар билан ҳақли равишда фахрланамиз ва энг асосийси бу ютуқлар замирида  Сиз, азиз педагог ва тарбиячиларнинг фидокорона меҳнати ётганлигини алоҳида қадрлаймиз.  

Ҳурматли устозлар!

 Бугун соҳанинг ривожи ва уни замон билан ҳамнафас равишда ўзлаштириш масъулияти ҳар бир соҳа вакилидан тинимсиз меҳнат ва машаққат талаб қилади.

 Лекин соҳанинг  ўтган даврига  синчков назар  ташласак айрим камчилик ва нуқсонлар ҳам кўзга ташланади.

Шаҳардаги 1-, 10-, 33-, 35-, 36-, 37-, 50-, 72-, 79-, 83-, 84-, 87-, 104-, 110-, 121-, 127-сонли мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар сони 1,5-2 баробарга ошиб кетганлиги ва бунинг акси 5-, 14-, 34-, 51-, 63-, 67-, 88-, 94-, 95-мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар сони қувватга нисбатан кам.

Айнан ушбу мактабгача таълим муассасаларига бошқа туманлардан болаларнинг қабул қилинаётганлиги, мактабгача таълим муассасаларида болаларни кунлик қабул қилиш графиги соат 8.30 да беелгиланганлигига қарамасдан соат 10-11гача қабул қилиниши натижасида уларни соғлом овқатлантириш меъёрлари бузилишига олиб келмоқда.

 Яна бир ёмон томони ушбу мактабгача таълим муассасаларига 1 та енгил машина ёки Дамасларга 6 тадан 12 тагача болаларни олиб келишлари, уларнинг ҳаётига хавф солмоқда.

Шаҳар халқ таълими тизимидаги 78 та умумтаълим мактабларида жами 3712нафар  педагог ходимлар фаолият кўрсатади. Уларнинг 3563 (95,9%) нафари олий, 7(0,2%) нафари тўлиқсиз олий 142 (3,9%)нафари ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, 2013 йилга нисбатан ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар сони 40 нафарга камайган.

Бугунги кунда соҳада меҳнат қилаётган педагогларнинг аввало олий маълумотли бўлиши, қолаверса касб малакасини мунтазам ошириб боришига эътибор берилмаётган жойда ривожланиш бўлмаслиги барчамизга маълум.

Бу масалани алохида таъкидлашимизга сабаб агар изланилса ёки холисона ёндашилса шахарда олий маълумотли кадрлар етарли.

Кадрлар салоҳияти бўйича мавжуд умумий ўрта таълим мактабларида мавжуд 142 нафар ўрта-махсус маълумотли педагогларни 1-, 6-, 7-,  11-, 14-, 16-, 17-, 24-, 30-, 35-, 36-, 39-, 44-, 53-, 55-, 59-,  60-мактаблар ташкил этади.  

Ўрта-махсус маълумотли кадрларнинг асосий қисми таълим рус тилида олиб бориладиган синфларда умумтаълим фанларидан дарс бериб келаётганлиги кузатилмоқда.

Ўрта махсус маълумотли кадрларни олий маълумотли кадрлар билан алмаштириш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш олдимиздаги долзарб вазифа бўлмоғи лозим.

Мутахассис кадрларнинг етишмаслиги келгусида таълим рус тилида олиб бориладиган юқори синфларга умумий ўрта таълим фанларидан ўқитувчиларнинг етишмаслиги каби куннинг долзарб муаммосига айланади.

Бу саволни барча таълим муассасалари раҳбарлари олдига энг биринчи галда ҳал қилиниши лозим бўлган масала сифатида қатъий қўямиз ва “Август кенгашлари”да алохида масала сифатида муҳокама қилинишини сўраймиз.

 Бугунги кундаги долзарб масалалардан яна бири, бу мактаб ўқувчилари томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш масаласидир.

Мазкур масалада кўплаб гапирилиши ва вилоят ва шаҳар “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия”лари томонидан кўрсатмалар берилишига қарамасдан2014 йилнинг 6 ойида 3 нафар мактаб ўқувчилари томонидан  жиноят содир этилган, бу ўтган йилнинг 6 ойига нисбатан 1 тага ошган.

Барча умумтаълим мактабларида режа асосида прокуратура, ИИБ, ҳудудий поликлиникалар, наркология диспансери, ОИТСга  қарши курашиш маркази, ҳудудий маҳаллалар билан ҳамкорликда турли мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари, ўтказилиб келинаётганлигига қарамасдан 2013-2014 ўқув йили давомида ўқувчилар ўртасида ўз жонига қасд қилиш холатлари содир этилганлиги албатта ачинарли ҳолат. 77-мактабдан 1 нафар, 28-мактабдан 1 нафар, 37-мактабдан 1 нафар, 40-мактабдан 1 нафар, 54-мактабдан 1 нафар ўқувчилар ўз жонига қасд қилишган.

Бу эса “Оила-Маҳалла-Таълим муассасасаси” жамоатчилик кенгашининг хамкорлик фаолиятини яхши йўлга қўйилмаганлиги яъни махалла ва таълим муассасаси ўртасидаги алоқанинг йўқлиги демакдир.

Ўқувчи-ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳозирда 2012, 2013 йилларга нисбатан ошган, жумладан  2013 йил давомида 51-мактабдан 1 нафар, 18-мактабдан 1 нафар 28-мактабдан 1 нафар ўқувчилар ўғирлик жиноятини содир этишган.  

Бу борада жиддий хулоса қилиш лозим.

Таълимнинг самараси нафақат мактаб, балки мактабгача ҳамда мактабдан ташқари таълим билан чамбарчас боғлиқлигини инобатга олган бўлсак, иккала соҳада ҳам ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплигини кўрамиз.

Юқоридаги каби камчилик ва нуқсонларни танқидий таҳлилидан ҳулоса қилган ҳолда қўйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

1. Ўқувчи ёшларни мактабгача тайёрлашда мактабгача таълим муассасалари мутасаддилари масъулиятини ошириш орқали гуруҳлар тўлиқлигини таъминлаш, улардаги тарбиячиларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш ва энг асосийси болаларга берилаётган таълим сифати устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш;

2. Мусиқа ва санъат мактабларида яратилган шароитларга жавобан ҳар бир мактабда ойида камида бир маротаба кўргазмали концерт ёки конкурслар ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш;

3. Ёшларимизнинг спорт соҳасидаги интилиш ва имкониятларини инобатга олган ҳолда ҳар бир спорт иншоотининг камида 12 соат бандлигини таъминлаш мақсадида илғор тажрибаларни оммалаштириш. Спорт мураббийларининг меҳнатига баҳо беришда уларнинг болаларни, айниқса қиз болаларни спортга жалб қилиш кўрсаткичини баҳолаш меҳанизмини ҳар ой якуни билан оммавий ахборот воситаларида эълон қилишни жорий этиш;

4. Ота-оналарнинг ўз фарзандининг таълим олишида зарур шароитларни таъминлашдаги масъулиятини ошириш мақсадида “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия”ларининг шаҳар бўлимининг чораклик рағбатлантириш тизимини жорий қилиш;

5. Бугунги кунда энг долзарб масала бўлмиш куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида ўтган мавсумдаги камчиликлардан хулоса қилган ҳолда 20 августдан 20 сентябргача “Тозалик, ободончилик ва куз-қиш мавсумига тайёргарликни тугаллаш ойлиги” деб эълон қилиш;

6. Мактаб ўқитувчилари орасида билим олишга бўлган иштиёқни рағбатлантириш мақсадида мактабга келиш, ёки мактаб ички тартиб қоидаларига риоя қилишда намунали ўқувчилар бурчакларини ташкил қилиш, бунда асосан юқори синф ўқувчиларининг кийиниши, дарсларда фаол иштироки, ўқувчилар сумкасида дарсликларни жадвалга мувофиқ олган ҳолда тайёргарлигига эътибор бериш;

7. Мураббийларнинг ўз устида ишлаши, ўқувчиларга замонавий билим беришдаги маҳоратини ошириш ва уни холисона баҳолаш мақсадида ўқувчилар ўртасидашаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутасаддилари томонидан тўсатдан сўров ўтказиш тизимини жорий қилиш;

8. “Оила- Маҳалла-Таълим муассасасаси” жамоатчилик кенгашининг хамкорлик фаолиятини самарадорлигини тубдан ўзгартириб унинг тизимли равшда ишлашини таъминлаш.

 Қадрли устозлар !

 Бугунги муҳокама қилинган ва Сизларнинг фаолиятингизга қўшимча равишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бизга четдан қараганда кўзга ташланган ва аҳоли ўртасида муҳокама қилинаётган камчиликларга барҳам беришга қаратилган тадбирлар холос.

Бундан ташқари, муҳтарам Юртбошимиз, ҳукуматимиз ва Халқ таълими вазирлиги томонидан Сизларнинг олдингизга қўйилган биринчи галдаги топшириқлар кўлами кенг.

Шундай экан, юқорида айрим кўрсаткичларга баҳо беришда келгусида “Энг кўп иқтидорларни етиштирилган таълим муассасаси”, “Ўқув йилида шикоят ариза ва турли ёзув-чизувлардан холи таълим муассасаси”, “Энг иноқ ва ота-оналар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган меҳнат жамоаси” каби номинацияларни ҳам эшитиш ва уларни табриклашни, ўрни келганда рағбатлантиришни истардик.

Бугунги муҳокамалар жойларда янада чуқурроқ таҳлил асосида давом этади, ҳар бир камчиликдан ҳулоса қилинган ҳолда ўқув йилини яхши кайфият, янги куч ва янги ёндашув билан бошлашингизга умид қиламиз.

Барчангизни янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 23 йиллиги билан табриклаймиз.

Машаққатли меҳнатингизга муваффақият ва ишларингизда улкан зафарлар тилаймиз.

Эътиборларингиз учун раҳмат.


Киритилган вақти: 27/08/2014 15:32;   Кўрилганлиги: 53
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг