Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ 2014 ЙИЛ 3 ИЮЛДАГИ “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2014 ЙИЛ 1 ИЮЛДАГИ ПҚ-2198-СОНЛИ “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА УЧ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ 131-Қ-СОНЛИ ҚАРОРИ ҲАҚИДА

Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори

Вилоят ҳокимининг 2014 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 июлдаги  ПҚ-2198-сонли “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги 131-Қ-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Вилоят ҳокимининг 2014 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 июлдаги ПҚ-2198-сонли “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги 131-Қ-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2.Мазкур қарор билан:

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Республика комиссиясининг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш топширилганлиги;

Ушбу дастурни тайёрлашда:

тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш;

мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш:

бунинг тасдиғини мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошгани, кейинги 9 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани ва бошқа шу каби рақам ва кўрсаткичлар мисолида қиёсий таҳлиллар орқали кўрсатиш;

юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани, жумладан, аҳолимизнинг асосий қисми яшайдиган қишлоқ жойларда муносиб турмуш шароитини яратиш, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамиятини ёритиш; 

ҳеч шубҳасиз, вақт ўтиши билан тобора ёрқин намоён бўлаётган, биз биринчилар қаторида амалга оширган ва давом эттираётган, дунёда катта қизиқиш уйғотаётган кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури, бир сўз билан айтганда, таълим-тарбия соҳасига энг устувор аҳамият берганимиз мамлакатимизнинг катта суръатлар билан барқарор ривож топишида ва юртимизнинг дадил қадамлар билан илгарилаб боришида мустаҳкам фундамент яратиб берганига алоҳида эътибор қаратиш;

биз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қўлга киритган ютуқ ва марраларимизнинг ҳаётий омилларини очиб бериш; 

мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, айниқса, қиз болаларни замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин олиши учун амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизни ҳаётий ва таъсирчан мисолларда ифода этиш; 

бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш, миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур акс эттириш; 

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан дўстона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш бўйича ёндашув ва қарашларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш; 

юқорида баён этилган беқиёс натижалар, Ватанимизнинг изчил ва барқарор тараққиёти негизида турган асосий омил ва мезонларни очиб бериш амалга ошириладиган барча ахборот-информацион ишларимизда, маънавий-маърифий учрашув ва мулоқотларда, жонли суҳбатларда катта ўрин тутишига эътибор қаратилиши маълумот учун қабул қилинсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича шаҳар ҳокимлиги комиссия таркиби 2-иловага асосан тасдиқлансин.

4. Шаҳар комиссияси (У.Назаров, А.Холиқулов)га:

шаҳардаги барча истироҳат боғларида мустақилликнинг йигирма уч йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тантанали маросимлар, байрам томошаларини ташкилий, ғоявий-бадиий жиҳатдан юксак савияда ўтказиш ҳамда тартиб интизом ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ўз йиғилишларида шаҳар марказида ва жойларда амалга оширилаётган тадбирлар режасини бажариш бўйича ҳисоботларни мунтазам равишда эшитиб бориш;

шаҳарда ўтказиладиган мустақиллик байрами дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчилар ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этиш топширилсин.

5. Шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси (М.Ғафурова, “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими (Т.Сафаров), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлими (Ў.Аслиддинов) ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар Кенгаши (Р.Қобилов) ларга:

мустақиллик байрамининг йигирма уч йиллигини муносиб нишонлаш учун жойларда тегишли комиссиялар тузиш ҳамда жорий йилнинг 20 июлига қадар шаҳар дустурида белгилаб берилган асосий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, байрам муносабати билан маҳалла ва гузарларда, қабристонларда, кўп қаватли уйлар атрофида кўнг кўламли ободонлаштириш ишларини олиб боришни кўзда тутадиган тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилсин.

Ушбу белгиланган тадбирларни расмиятчилик ва баландпарвозлик ҳолатларига йўл қўймасдан, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда, оддий одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган, уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илхомлантирадиган мазмун ва шакллар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.

6. Ўтказиладиган байрам тадбирлари, вилоят, шаҳар ва туманларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

7. Шаҳар ҳокимлиги молия бўлими (Э.Раджабов)га Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича маблағ ажратиш чораларини кўриш топширилсин.

8. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Раҳматуллаев), “Самарқанд” газетаси (Ҳ.Жўраев)ларга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг кўламда ёритиб бориш тавсия этилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари У.Назаров зиммасига юклансин.

Шаҳар ҳокими А.Шукуров

2014 й. 4 июль


Киритилган вақти: 07/07/2014 14:14;   Кўрилганлиги: 124
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг