Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ АҲОЛИ ҚАТЛАМЛАРИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИНГ ҚЎШИМЧА КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси, “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низом”га асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун ҳамда шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг 2013 йил 6 сентябрдаги 727-сонли хатини кўриб чиқиб, шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналарда иш ўринларининг энг кам миқдорини белгилаш юзасидан берилган таклифларни инобатга олиб ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож, мустақил равишда иш топишда маълум қийинчиликларга дуч келаётган, меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган аҳоли қатламлари учун мўлжалланган иш жойларининг энг кам миқдори шаҳарда жойлашган ва фаолият кўрсатаётган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг мулкчилик шаклидан қатъий назар, ишчи ходимларнинг рўйхати бўйича ўртача йигирма нафардан кўпни ташкил этадиган корхона, ташкилот ва муассасаларда шу соннинг 7 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда, шундан 3 фоиз миқдорида ногиронлар учун иш ўрни белгилансин ва банд қилиб қўйилсин.

2. Корхона ва ташкилотларда яратилиши ҳамда банд қилиниши лозим бўлган иш ўринлари 1–2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига мувофиқ банд қилиниши керак бўлган иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаш мақсадида 3-иловага биноан махсус комиссия таркиби тасдиқлансин.

4. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига қуйи­да таъкидлаб ўтилган фуқаролар учун иш жойлари амалдаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлишини назарда тутган ҳолда, шу жумладан:

- ёлғиз ота, ёлғиз она, 14 ёшгача ва ногирон болалари бор, кўп болали ота-оналар учун;

- таълим муассасаларини битирган ёшлар учун;

- муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун;

- ногиронлар учун;

- Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун;

- жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун иш ўринларини яратиш кўзда тутилсин.

5. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага  муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш жойларининг кўрсатиб ўтилган миқдорини Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 август­даги 186-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ белгиланган муддатларда ва тартибда яратилишини (ажратилишини ёки банд этиб қўйилишини) ҳамда иш жойлари санитария гигиена нормаларига ва ходим ўз мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминласинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомнинг 15-бандига мувофиқ мазкур қарорнинг ижросини таъминламаган корхона ва ташкилотларга белгиланган тартибда жарималар қўлланилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисидаги Низом”га асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини шаҳар ҳокими томонидан белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларининг бир қисмини шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шарт­нома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.

8. Шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори (Н.Вафоқулова)га 10 кунлик муддат ичида шаҳар ҳокимининг мазкур қарори нусхасини корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига етказилишини таъминлаш топширилсин.

9. Шаҳар ҳокимининг 2012 йил 29 сентябрдаги 1672-Қ-сонли “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналадиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида”ги қарори 2012 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.

10. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ж.Ўроқов ҳамда шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Н.Вафоқулова зиммаларига юклансин.

11. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

1-илова

2-илова

Шаҳар ҳокими А. ШУКУРОВ.

2013 й. 20 сентябрь


Охирги ўзгариш вақти: 05/03/2016 15:20;   Кўрилганлиги: 173
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг