Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

Муқаддас зиёратгоҳлар

Шаҳар ҳудудидаги муқаддас зиёратгоҳлар

Хожа дониёр мақбараси

Хожа Дониёр мақбараси Самарқанддаги энг мўътабар ва машҳур зиёратгоҳлардан ҳисобланади. Дониёр, Даниил, Даниел – мусулмон, насроний ва яҳудий адабиётларидаги азиз-авлиёнинг номидир.

Дониёр Қуддусда эрамиздан аввалги 603 йилда туғилган бўлиб, шоҳ Довуд ва Сулаймон (Соломон)ларнинг авлодига мансубдир.

Ривоятларга кўра, Амир Темур ўзининг (1397-1404 йиллар) Кичик Осиёга етти йиллик юриши вақтида Суза шаҳридаги авлиё Дониёрнинг табаррук қўнимгоҳидан бир қисм хокини ўрнатилган тартиб-қоидалар талабини амалга ошириб, Самарқандга олиб келган. Мақбарада дунёдаги энг узун - 18 метрлик қабр мавжуд. Мақбара биноси XX аср бошларида қурилган. Шунга қадар бу ерда Хожа Дониёрнинг қабри ва масжид бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар бор.

Мустақиллик йилларида ушбу зиёратгоҳда кенг қўламда ободонлаштириш, таъмирлаш, қурилиш ва зиёратчилар учун қулайликлар яратиш ишлари олиб борилмоқда.


Ҳазрати хизр масжиди

Ҳазрати Хизр масжиди Самарқанд шаҳрининг муқаддас зиёратгоҳларидан биридир. У Самарқанддаги биринчи мусулмон масжиди ва меъморий обидаси сифатида эътироф этилади.

Масжид Қутайба ибн Муслим томонидан қурилиб, Ҳазрати Хизр номи билан аталган. Маълумотларга кўра, дастлаб саждагоҳи мавжуд бўлган. VIII асрда араблар томонидан оташпарастларнинг ибодатхоналари бузиб ташланади. Шу тепаликдаги ибодатхона ўрнига Қутайба ибн Муслим томонидан биринчи масжид биноси қурилади ва Ҳазрати Хизр номи билан аталади.

Ҳожа Дониёр, Қусам ибн Аббос ва Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари аслида битта мажмуа бўлган. Масжидга кираверишдаги мармар тошда кўрсатилган “1854 йил” ёзуви унинг Бухоро амири Амир Музаффархон томонидан тикланганлигига ишорадир. 1899 йилда масжиднинг айвон ва дарвозахона қисми қайта қурилган. Дарвоза юзасига ёзилган ҳижрий 1336 йил (мелодий 1916-1917 йиллар) ёзуви дарвозахона ва миноранинг қайта тикланган вақтини англатади. Фикримизни хонақоҳ меҳробидаги 1274 йил ҳижрий (1854 мелодий йил), 1302 ҳижрий йил (1884 мелодий йил) деган ёзувлар исботлайди.

Мустақиллик йилларида ҳазрати Хизр масжиди мамлакат раҳбарияти қўллаб-қувватлаши билан бир неча бор мукаммал таъмирланди, масжид ёнида жойлашган Арзис қудуғи қайта тозаланиб, қадимий ҳолига қайтарилди.


Амир Темур мақбараси

Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилган Амир Темур мақбарасининг қурилиши 1403 йилда бошланиб, 1424 йилда тугатилган. Мақбара Амир Темурнинг тахт вориси, деб эълон қилинган набираси Муҳаммад Султон учун қурдирилган. Муҳаммад Султон 1403 йилда Кичик Осиёга қилган сафари вақтида, 29 ёшида бевақт вафот этади. Шаҳзода Самарқандга келтирилиб, дастлаб масжиднинг хонақосида дафн қилинади.

Мақбара саккиз бурчакли гумбаз асосида барпо этилган. Ҳозирги замон мутахассисларини ҳам бирмунча ўйчанлик билан фикрлашга ундайди.
Бинонинг мўътадил ҳароратини сақлаш, Шарқона қурилиш услублари орқали эл ардоғида бўлган шахсларни ўзига хос ҳурмат билан улуғлаш, уларнинг буюклигини бежирим безаклар орқали ифодалаш каби хусусиятлари ҳар қандай кишини лол қолдиради. Соҳибқирон Амир Темур ҳам ушбу мақбарадан (1405 йил) абадий қўним топган.

1409 йилда Амир Темурнинг кенжа ўғли, Хуросон ҳукмдори Шоҳрух Мирзо отасининг маънавий пири Мирсаид Бараканинг жасадини (турбати) Андхойдан олиб келтириб, шу мақбарага, Соҳибқироннинг бош томонига дафн эттиради. Бу билан отаси – Амир Темурнинг васиятини бажаради.
1424 йилда Мирзо Улуғбек томонидан мақбара саҳнига қабртошлар қўйилиб, атрофи нафис мармар тошдан қилинган панжара билан ўралди ва кўк гумбазли галерия қурилиб, зиёратхонага Шарқ томондан кирилиши таъминланди. Мақбаранинг ички томони тилла суви югуртирилган бўртма қоғоз нақши билан безатилган.

Безакларда ишлатилган композицияда Қуръони Карим оятлари исломий, ҳандасавий нақшлар ҳамда арабий хаттотлик санъатининг калиграфик нақшлари билан битилган. Мақбарага, шунингдек, Мироншоҳ Мирзо ва Шоҳрух Мирзо ҳам дафн этилиб, темурийлар хилхонасига айланган.
1449 йилда Мирзо Улуғбек ҳам шу мақбарага, бобосининг пойига дафн этилган. Мустақиллик йилларида, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги ва Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан мақбарада катта ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб борилди. XIX асрнинг охирида қулаб тушган минора ва гумбазнинг зар қуббаси қайта тикланди.


Довуд алайҳиссалом зиёратгоҳи

Довуд алайҳиссалом Ислом оламида пайғамбар саналган. Ушбу зот орқали муқаддас “Забур” китоби нозил бўлган. Маълумотларда келтирилишича, Довуд алайҳиссалом тоат-ибодат қилганлиги учун Аллоҳ таоло уни нафақат пайғамбар, балки дунёвий подшо ҳам қилиб қўйган.

Довуд алайҳиссаломнинг ниҳоятда чиройли ва ширадор овози бўлган. Унинг қўшиқларини эшитган кишиларнинг юракларида меҳр-оқибат пайдо бўлар экан. Довуд алайҳиссаломнинг тинимсиз ибодатлари натижасида Аллоҳ уни подшоҳ даражасига етказди. Аллоҳ унга шундай амр этган экан: “Эй Довуд, биз сени ер юзида элчи қиламиз. Одамлар орасида адолат билан ҳукм юритгин ва манфаатларга берилмагин. Зеро, бундайлардан Тангри юз ўгиради. Кимки, ҳақ йўлидан чиқса, улар оғир жазоланади. Зеро, улар ҳисоб-китоб куни борлигини унутишган”.
Довуд алайҳиссалом подшо бўлса-да, тирикчиликни қўл меҳнати билан топар эди. Унинг эътиқоди бўйича ҳалол луқма фақат инсоннинг пешана териси билан топилгани эди. Диний манбаларда келтирилишича, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирнинг устидан ҳукм юритиш мўъжизасини ато қилган. Эмишки, темир у кишининг қўлида мумдек эриб, пайғамбар хоҳлаган шаклга кирар экан. Шу сабабли у киши темирчилик билан шуғулланган ва кўплаб меҳнат ва жанг қуроллари ясаган. Аллоҳ таоло унга келажакда пайғамбар бўладиган ва инсу-жинсга ҳокимлик қиладиган Сулаймон исмли ўғилни ато қилди.


Имом Мотуридий мақбараси

Калом илмида мотуридия оқимининг асосчиси, Ислом оламида Имом-ул-Ҳудо (Ҳидоят имоми) деб танилган буюк илоҳиёт олими, фақиҳ, шайх Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ханафий ал-Мотуридий 870 йилда Самарқанднинг Мотурид мавзесида туғилган. Дастлаб мактабда савод чиқариб, кейин мадраса таълимини олган.

Имом ал-Мотуридий Имом Ашъарий, Рудакий, Абул Ҳасан Балхий, Фаробий каби олимлар билан бир замонда яшаб, имом Муҳаммад ал-Бухорийни ўзининг маънавий устози, деб билган. Алишер Навоий Имом ал-Мотуридийнинг шаънини улуғлаб, у кишига “Буюк уламолар султони” дея юксак баҳо берган.

IX-X асрларда Ислом динини нотўғри тарғиб ва талқин қилувчилар кўпайганлиги сабабли Имом ал-Мотуридий ўзининг асарлари билан уларга қарши курашади. Унинг “Китоб ал-Тавҳид” асари алоҳида ўрин тутади. Имом ал-Мотуридий 944 йилда Самарқандда вафот этади ва шаҳардаги Чокардиза қабристонига дафн этилади.

Юртбошимиз раҳнамолигида 2000 йилда алломанинг 1130 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди, имом қабри устида янги мақбара барпо этилди.


Киритилган вақти: 05/03/2016 18:24;   Кўрилганлиги: 572
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг