Мурожаатлар учун телефон:

 0 (366) 231-06-09 

Ишонч телефони:

 0 (366) 233-24-96 
 
Самарқанд вилояти
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

 

Факт ва рақамлар

2015 ЙИЛНИНГ ЭНГ ЭСДА ҚОЛАРЛИ ВОҚЕА ВА ҲОДИСАЛАРИ

ЯНВАРЬ

1 январь – йилнинг биринчи кунида шаҳарда 140 нафар чақалоқ дунёга келди.

3 январь – Самарқанд шаҳридаги 24-сон болалар мусиқа ва санъат мактабларининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

6 январь – Самарқанд шаҳридаги "8 Март" масъулияти чекланган жамияти негизида ташкил этилган "Afrosyob jeans" корхонасида жинси матодан болалар, эркаклар ва аёллар шимлари ишлаб чиқариш йўлга қуйилди.

9 январь – шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари шаҳар кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия қарори билан вилоят Кенгашининг регламенти тасдиқланиб, доимий комиссиялар тузилди ва доимий комиссиялар таркиби тасдиқланди. Акбар Шукуров Самарқанд шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.

– вилоятдаги барча тоифадаги хўжаликларда боқилаётган қорамоллар сони 1 миллион 468 мингтага, қўй-эчкилар 2 миллион 60 минг бошга ва йилқи сони қарийб уч мингтага етди.

10 январь – Қуролли Кучлар тизимида ўтказилган "Энг илғор мутахассис" Республика кўрик-танловида Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисм дивизион командири, майор Темур Ҳамзаев "Энг илғор батальон командири" йўналиши бўйича ғолиб бўлди.

13 январь – халқ депутатлари Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлди. Унда қуйидагилар Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайландилар: Зойир Мирзаев, Зайнаб Бердиева, Абдимўмин Жўраев, Ёлқин Қабулниёзов, Нигора Раббимова, Норқул Содиқов.

- Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 23 йиллигига бағишланган йиғилиш ҳамда байрам концерти бўлиб ўтди.

15 январь – Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб" спорт мажмуасида "Кексаларни эъзозлаш йили"га бағишлаб нуронийлар иштирокида узунликка сакраш, югуриш ва халқага тўп ташлаш бўйича спорт мусобақаси ўтказилди.

24 январь – Вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти доценти Ҳамроқул Рофиев "Енгил атлетика ва уни ўқитиш методикаси" ўқув қўлланмаси учун "Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи" Республика танловида биринчи ўринга сазовор бўлди.

29 январь – Россиянинг "Аэрофлот" авиакомпанияси билан тузилган шартномага мувофиқ, "Самарқанд–Москва–Самарқанд" йўналиши бўйича авиайўналиш йўлга қўйилди.

 

ФЕВРАЛЬ

3 февраль –Самарқанд шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси қошида "Аёллар маслаҳат маркази" иш бошлади.

–Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ер ва кредит ажратиш, коммунал ва архитектура идоралари билан боғлиқ масалаларда бюрократик ҳамда сансалорлик ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида шаҳар ҳокимлигида Ишонч телефонлари жорий қилинди.

Шунингдек, тадбиркорларни ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари соат 10:00 дан 13:00 гача вилоят ҳокими бошчилигида қабул қилиш ва муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди.

5 февраль – вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни биринчи кузатиш маросими ўтказилди.

9 февраль – Алишер Навоий таваллудининг 574 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳридаги аллома номидаги боғда вилоят ва шаҳар жамоатчилиги иштирокида тадбир ўтказилди.

10 февраль – Олий ва ўртамахсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган "Китобхонлар байрами" танловида Самарқанд давлат университети жамоаси учинчи, талабалар ўртасида эса университет талабаси Ойдиннисо Насриддинова иккинчи ўринни қўлга киритди.

11 февраль – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти директори Амриддин Бердимуродов ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси Дилфуза Атауллаева Франция давлатининг "Академик пальма" ордени билан тақдирланди.

13 февраль – Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Зулфия таваллудининг юз йиллигига бағишлаб бадиий-мусиқий кеча ўтказилди.

14 февраль – Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг архитектура соҳаси олимлари иштирокида семинар ўтказилди.

16-22 февраль – “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида саломатлик ҳафталиги ташкил этилди. Унда кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган беморларга даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Шунингдек, шифокорлар тиббий кўрикка келолмаган нуронийларнинг хонадонларига бордилар.

18 февраль – Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров вилоят сайловчилари билан учрашди.

20 февраль – шу кундан эътиборан йил давомида якшанба кунлари 60 ёшдан ошган фуқаролар учун шаҳардаги барча кинотеатрларга кириш бепул қилинди.

20-24 февраль – вилоят ҳокими З.Мирзаев Самарқанд давлат медицина институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти ва қишлоқ хўжалик институти профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари билан учрашди.

24 февраль – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов самарқандлик сайловчилар билан учрашди.

– Самарқанд Темир йўл вокзалида муддатли ҳарбий хизматдан қайтиб келган бир гуруҳ аскарлар вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари ҳамда аскарларнинг ота-оналари томонидан кутиб олинди.

26 февраль – Самарқанд автомобиль заводи конвейерида йигирма мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди.

– Самарқанд давлат университетида олий ўқув юртлари битирувчилари учун "Карьера кунлари–2015" тадбири ўтказилди. Шу куни 200 нафарга яқин битирувчилар бир қатор корхона ва ташкилотлар билан меҳнат шартномаси имзолади.

 

МАРТ

1 март –март ойидан бошлаб эфирга чиқа бошлаган “Sevimli TV” биринчи интернет-телеканали лойиҳасида “Самарқанд телевидениеси” масъулияти чекланган жамияти ҳам иштирок этишни бошлади.

2 март – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди.

3 март – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан таниқли санъат ва маданият вакилларининг самарқандлик ёшлар ва санъат ихлосмандлари билан учрашуви ўтказилди.

–Самарқанд шаҳридаги Марказий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби битирувчиларига сертификат ва кўкрак нишонлари тарқатилди.

5 март – Венгриянинг Эгер шаҳрида бўлиб ўтган паралимпиячилар ўртасидаги дзюдо бўйича жаҳон кубогида пастдарғомлик Дурбек Бердиёров олтин медаль билан тақдирланди.

7 март – вилоятнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган хотин-қизларни Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан таништириш ҳамда тарихий обидаларни зиёрат қилиш мақсадида саёҳат ташкил этилди.

– Япониянинг FUJI-ТV телеканалида намойиш этилган Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатувда Самарқанд шаҳрининг тарихий осори-атиқалари, ўзбек халқининг урф-одат ва анъаналари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

– Афросиёб харобаларидан топилган эрамиздан аввалги VII асрга оид 7 дона шатранж тошлари дунёдаги энг қадимги шахмат доналари эканлиги маълум бўлди.

12 март – Самарқанд шаҳрида Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида барпо этиладиган касб-ҳунарга ўқитиш маркази қурилиши бошланди.

– Самарқанд шаҳрида "Банк – мижозучун" шиори остида банк технологиялари ва хизматлари ҳудудий "BankExpo – 2015" миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.

15-18 март "Ўзбек миллий кино кунлари" фестивали доирасида таниқли театр ва кино актёрлари, режиссёр ва санъатшунослар вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманларида бўлдилар.

21 март – Самарқанд шаҳрининг ўндан ортиқ масканларида Наврўз сайллари уюштирилди. Асосий байрам тадбири "Мўъжиза" амфитеатрида бўлиб ўтди.

–"Euronews" телеканали бошқарувчи директори Оливье де Маншенью Самарқандга келди.

29 март – Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун сайлов бўлиб ўтди.

31 март – Самарқандда кутилмаганда ҳаво ҳарорати кундузи -4, кечаси -9 даражага тушиб қор ёғиши кузатилди. Деярли барча мевали дарахт гулларини совуқ урди. Бир қатор экинлар ҳам совуқдан зарарланди.

 

АПРЕЛЬ

2 апрель – Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни ишлаб чиқариш кафедраси ассистенти Синдор Ёқубов юқори самарали ишқорли ғовакли бетонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

2-3 апрель – Самарқанд шаҳридаги олимпия захиралари тайёрлаш марказида вилоят ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.

6 апрель – Марказий сайлов комиссиясининг "2015 йил 29 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди. Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланди.

9 апрель – Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 679 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

– вилоятнинг барча ахборот ресурс марказларида "Очиқ эшиклар куни" ўтказилиб, ушбу тадбир доирасида "Фарзандимга китоб совға қиламан" акцияси ташкил этилди.

10-30 апрель – Вилоят ўлкашунослик музейида "Баҳор неъматлари" кўргазмаси ўтказилди.

14 апрель – Сўғдиёна истироҳат боғида "Майдон томошалари санъати" Республика фестивали бўлиб ўтди. Унда дорбоз жамоалари ва цирк санъати гуруҳлари иштирок этди.

– Самарқанд шаҳрида 1999-2000 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган велошоссе бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатига старт берилди.

16 апрель – Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ёш олими Манучеҳр Бобокалонов ГИС технологиялари асосида электрон кўринишдаги аҳоли харитасини яратди. Ушбу харита ёрдамида ҳар бир хонадон ҳақида тўлиқ маълумот олиш мумкин.

– Самарқанд шаҳрида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан "Кексалари эъзозланган юрт" номли маърифий кеча ўтказилиб, 60 нафар отахон ва онахонларга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланма берилди. Яна қирқ нафар фахрийлар Самарқанднинг тарихий қадамжоларини зиёрат қилгач, Бухоро шаҳрига саёҳатга жўнаб кетди.

20 апрель – шу санадан бошлаб вилоят телерадиокомпаниясининг кўрсатувлари 06:00 дан 14:00 га қадар, кеч соат 18:00 дан 00:00 га қадар – 14 соатлик ҳажмда эфирга узатила бошланди.

– "Камолот”- такси" лойиҳаси асосида Самарқанд шаҳрида ҳаракатланадиган йўналишсиз таксилар кун бўйи кексаларни ўз манзилларига бепул етказиб қўйди.

24 апрель –"Камалак" аъзолигига қабул қилиш тантаналари бўлди.

25 апрель – Самарқандда "Адвокатуранинг долзарб масалалари: миллий ва халқаро тажриба" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

27 апрель – Самарқандда туман ва шаҳар ҳокимларининг ўн кунлик ўқуви бошланди.

 

МАЙ

1 май – Самарқанд шаҳрида "Фавворалар сайли" байрами ўтказилди.

5 май – Самарқанд шаҳридаги Фарҳод шаҳарчасида стерил инфузион қоришмалар ишлаб чиқарувчи "SamarkandEnglandEkomedical" Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси иш бошлади. 250 киши меҳнат қиладиган ушбу корхона 12 миллион флакон қоришма ишлаб чиқариш қувватига эга.

5-6 май – Самарқанддаги "Шарқ юлдузи" кинотеатрида Германиянинг "Шлингель" халқаро кинофестивали ва "Ўзбеккино" миллий агентлиги билан ҳамкорликда болалар ва ёшлар учун немис кино кунлари ўтказилди.

– вилоятда архитектор ва шаҳарсозлар учун янги мажмуа ишга тушди.

8 май – Самарқанд шаҳридаги 8-оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан корхона ва ташкилотлар, муассасаларда тадбирлар ўтказилди. Асосий байрам тантаналари иштирокчилари вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

12 май – вилоятдаги 500 нафардан ортиқ иқтидорли ва ташаббускор ёшлар "Юрт келажаги" Республика кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этди. Улардан 33 нафари Республика босқичига йўл олди.

13 май – Самарқанд шаҳрида Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган "Челленжер" халқаро турнирининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мусобақада иштирок этиш учун дунёнинг 19 давлатидан 60 га яқин спортчи ташриф буюрди.

16 май – Тошкентда ўтказилган "Ўзбек жанг санъати" бўйича Ўзбекистон чемпионатида самарқандликлар 7 та олтин, 10 та кумуш ва 14 та бронза медалларини қўлга киритди.

17 май – Урганч шаҳрида ўтказилган 1996-1997 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасидаги дзюдо кураши бўйича Ўзбекистон чемпионатида вилоятнинг ўғил болалар жамоаси иккинчи, қизлар жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

18 май – вилоятдаги барча музейлар "Очиқ эшиклар куни" муносабати билан аҳолига бепул хизмат кўрсатди.

– "Тошкент-Самарқанд-Тошкент" йўналишида ҳаракатланувчи "Афросиёб" тезюрар поезди дам олиш кунлари мазкур йўналишда кунига уч марта ҳаракатланадиган бўлди.

21 май – Самарқанд шаҳрида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 310 та корхона ва ташкилот 3828 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Шу куни 410 нафар фуқаролар ўзларига мос иш жойларига эга бўлди.

22-24 май – вилоятда ўтказилган "Биз буюк юрт фарзандларимиз!" шиори остидаги ёшлар фестивали энг чекка ҳудудларгача етиб борди. Унда ёшлар пойтахтдан ташриф буюрган жамоат арбоблари, ижодкорлар, санъаткорлар, театр ва кино актёрлари билан учрашди. Пайариқ туманидаги истироҳат боғи ҳамда Ургут туманидаги Мирзабоғлон-Чеп маҳалласидаги амфитеатрда гала-концерт ташкил этилди.

23 май – Самарқанд шаҳридаги 60-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳбоз Фахриев "Президент асарларини ўрганамиз" кўрик-танловининг Республика босқичида олий даражадаги диплом билан тақдирланди.

26 май –АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.

– Самарқандлик талабалар имзони аниқлаш учун дастурий таъминот ихтиро қилдилар.

28 май – Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида паралимпиячиар ўртасидаги бутунжаҳон ўйинларида Самарқанд давлат университети талабаси Ўткиржон Неъматов дзюдо бўйича олтин медалга сазовор бўлди.

29-30 май – вилоятда "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, "Баркамол авлод тарбиясида миллий ва маънавий қадриятларнинг ўрни" мавзусида илмий-амалий семинар, кўргазма ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

– Самарқанд шаҳрида "Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор" шиори остида анъанавий китоб байрами ўтказилди.

 

ИЮНЬ

1 июнь – Самарқанд шаҳридаги "Бофанда" масъулияти чекланган жамияти 2015 йилнинг ўтган даврида қарийб 100 минг долларга тенг маҳсулот экспортини амалга оширди.

3 июнь – Самарқанд қишлоқ хўжалик институтидаЖанубий Кореянинг Кангвон университети билан ҳамкорликда халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда икки давлат олимлари қишлоқ хўжалигида янги инновацион технологияларини ишлатиш ва сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш масалаларини муҳокама этдилар.

4 июнь – Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)нинг IX халқаро кенгаши Самарқандда ўтказилди.

6 июнь – Самарқанд шаҳридаги Чўпон ота масканида Қозоғистон ишбилармонлари билан ҳамкорликдаги учинчи корхона – устав фонди 500 минг долларлик асфальт-бетон ва битум маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Samarqand-Turkiston-do’stlik” корхонаси рўйхатга олинди. Қарийб 50 кишини иш билан таъминлайдиган корхона вилоятдаги хорижий инвестиция иштирокидаги 192-корхона бўлди.

9 июнь – Самарқанд шаҳрида "Янги аср истеъдодлари" кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.

14 июнь – Ҳамид Олимжон номидаги вилоят давлат драма ва мусиқа театрининг "Қоб-ИЛ" (Ака-укалар) спектакли Тошкентда ўтказилган "Сени куйлаймиз, замондош!" Республика кўрик-фестивалида ғолиблар сафидан жой олиб 2016 йил Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Халқаро театрлар фестивалига тавсия қилинди.

29 июнь – Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси телеканали эфир вақти 14 соатдан 18 соатга узайтирилди.

30 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида "Баркамол авлод — гиёҳвандлик ва чекишга қарши!" шиори остида ёшлар акцияcи ўтказилди. 

 

ИЮЛЬ

9 июль – Туркияда ўтказилган Шарқ яккакураш турлари бўйича Европа очиқ чемпионатида вилоятнинг "Ўзбек жанг санъати" жамоаси 10 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди.

18 июль –Самарқанд шаҳридаги Концерт залида "Ягонасан, муқаддас Ватан!" кўрик-танловининг вилоят босқичида нарпайлик Хуршид Гадоев "Ўзбекистон" қўшиғи билан биринчи ўринни эгаллади.

25 июль – Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги олдидан “Бетакроримсан, ягонасан, она-Ватаним-Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

29 июль – "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси билан Япониянинг "Isuzu Motors LTD." Компаниясиўртасида"Самарқандавтомобиль заводи" масъулияти чекланганжамиятиустав капиталидаги8фоиз улушнисотиб олиш тўғрисида битимимзоланди.

Шу куни сиқилган табиий газ билан ишловчи илк "Isuzu" автобусининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

 

АВГУСТ

4 август – Самарқанд шаҳридаги кўчалар ёқаларига 100 минг тупга яқин питуния, катарантус, райҳон, астра каби гул кўчатлари ўтқазилди.

5 август – Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб" спорт мажмуасида 60 ёшдан юқори кексалар иштирокида шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.

6 август – Босния ва Герцоговина пойтахти Сараево шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида пастдарғомлик Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони бўлди.

8 август – Самарқанд шаҳридаги "Шарқ" маҳалласи "Энг намунали ўзини ўзи бошқариш органлари" танлови вилоят босқичида 1-ўринни эгаллади.

10-15 август – вилоятда "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин" шиори остида бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.

15 август – Хитойнинг Уланчаб шаҳрида ўтказилган бокс бўйича аёллар ўртасидаги Осиё чемпионатида Самарқанд олимпия захиралари коллежи битирувчиси Ёдгорой Мирзаева бронза медальни қўлга киритди.

22 август – Андижон шаҳрида ўтказилган ўзбек жанг санъати бўйича "Бобур Мирзо кубоги" Республика турнирида самарқандликлар умумий ҳисобда иккинчи ўринни эгаллади.

– Фарангиз Шамсиева Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун "Ниҳол" мукофоти совриндори бўлди.

22-23 август – Умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

25 август – "Қомус" адвокатлар ҳайъати адвокати Ғанихон Маъдиев "Йилнинг энг яхши адвокати" Республика кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритди.

– Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалига бағишланган кўргазма очилди.

– Самарқанд темир йўл вокзалида "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари тантанали кутиб олинди.

28 август – Регистон майдонида "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳамда ЮНЕСКО бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт иштирок этди.

25-30 август – "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари Самарқанд шаҳри, Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Самарқанд ва Оқдарё туманларида концерт дастурлари намойиш этди.

30 август – "Шарқ тароналари" Х халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини — Гран Прини Хитойнинг "JiangsuWomen`sOpchestra" гуруҳи қўлга киритди.

 

СЕНТЯБРЬ

2 сентябрь – олий ўқув юртларида 5805 нафар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 54703 нафар ёшлар ҳамда умумтаълим мактабларида 72 738 нафар ўқувчилар илк маротаба ўқув дарсларида иштирок этдилар.

5 сентябрь – Наманган шаҳрида ўтказилган “Ишбилармон талаба — 2015” стипендияси кўрик-танловининг Республика босқичида самарқандлик уч нафар ўқувчи ғолиб бўлди.

–шаҳар олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 996 нафар талабага 3 миллиард 600 миллион сўм таълим кредити берилди.

6 сентябрь – Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда “Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз, ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.

8 сентябрь – Жанубий Кореяда ўтказилган Бутунжаҳон Шарқ якка курашлари спорт фестивалида "Ўзбек жанг санъати" бўйича мамлакатимиз терма жамоаси сафида иштирок этган Самарқанд вилояти спортчилари Шерзод Қурбонов ҳамда Зарина Зубайдуллаева иккитадан олтин ва биттадан бронза медални қўлга киритди.

10 сентябрь – "Камолот – ТУР" VIII миллий ёшлар веломарафонининг вилоят босқичида 500 нафардан ортиқ ўқувчи ёшлар иштирок этди.

– Самарқанд шаҳрида "Фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

10-12 сентябрь – вилоятдан Ҳаж зиёратига борувчи 400 нафар фуқаролар Самарқанд халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига кузатилди.

12 сентябрь – Латвиянинг Юрмала шаҳрида ўтказилган халқаро рақс танловида оқдарёлик Мадина Қаноатова ғолиблар сафидан жой эгаллади.

– Буюк Британиянинг «Telegraph.com» сайти саёҳат қилиш учун дунёнинг 25 та энг гўзал ва қулай жойлари рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатдан Самарқанд шаҳри ҳам ўрин эгаллади.

– Новокузнецкнинг «ЕВРАЗ» компанияси Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасидаги темир йўл тезюрар поездлари учун 25 метр узунликдаги рельслар етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.

– Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг V Республика форумида вилоят вакиллари 14 номинациядан 7 тасида ғолиб бўлди.

Хусусан, "Баркамол авлод" оромгоҳи "Энг намунали болалар оромгоҳи" бўлди.

17 сентябрь – Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида “ICTWEEK Uzbekistan — 2015” анъанавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида «ICTExpo – 2015» ахборот технологиялари миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.

29 сентябрь – Босния ва Герцоговина давлатида ўтказилган юнон-рум кураши бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида пастдарғомлик Тўрабек Тиркашев жаҳон чемпиони бўлди.

 

ОКТЯБРЬ

10 октябрь – Самарқанд шаҳрида "Гулла, жонажон Самарқанд" деб номланган VII гуллар байрами ўтказилди.

12 октябрь – Латвиянинг Рига шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган самбо бўйича жаҳон чемпионатида Самарқанд олий маҳорат спорт мактаби тарбияланувчиси Жаҳоной Туркманова олтин медалга сазовор бўлди.

14 октябрь – "Euronews" телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи томонидан Самарқанд, Бухоро ва Термиз тарихий шаҳарлари ҳақида кўрсатувлар тайёрланди. Ушбу кўрсатувлар дунёнинг 155 мамлакатидаги 370 миллиондан ортиқ аудиторияга эга телеканал орқали 13 тилда эфирга узатилади.

18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни кенг жамоатчилик томонидан муносиб кутиб олинди. Жумладан, саховат ва меҳрибонлик уйларида байрам тадбирлари ўтказилди.

 

НОЯБРЬ

1 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Америка Қўшма Штатлари давлат котиби Жон Керрини қабул қилди.

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари учрашуви бўлиб ўтди.

5-6 ноябрь – Тошкентда ўтказилган халқаро инвестициявий форум иштирокчилари Самарқандда ҳам бўлиб, инвестиция киритиш таклиф этилаётган корхоналар фаолияти, хорижлик ишбилармонлар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар билан танишди.

7 ноябрь – Самарқандда Хитой тасвирий санъат миллий академияси ва рассомлар уюшмаси вакилларидан иборат делегация меҳмон бўлди.

10 ноябрь – Россиянинг Сочи шаҳрида Шарқ якка кураш турлари бўйича ўтказилган XII халқаро чемпионатда вилоят спортчилари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

– Самарқанд олий спорт маҳорат мактаби тарбияланувчиси Темурхон Тўраев Эронда ўтказилган кураш бўйича жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди.

18 ноябрь – Ўзбекистонга ташриф буюрган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф Самарқандга ҳам келиб, бир қатор тарихий обидалар ва зиёратгоҳларни томоша қилди.

21-23 ноябрь – Самарқанд шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мадина Қаноатова Латвиянинг Рига шаҳрида ўтказилган "Дебют премиум – 2015" халқаро кўрик-танловида Гран При соҳиби бўлди.

24 ноябрь – Самарқанд шаҳрида Польша ва ўзбекистонлик ишбилармонларнинг учрашуви бўлиб ўтди.

24-25 ноябрь – Самарқанд давлат университетида "Узлуксиз таълим сифат ва самарадорлигини оширишнинг назарий муаммолари" мавзуида вазирлик миқёсида илмий конференция бўлиб ўтди.

                     

ДЕКАБРЬ

3 декабрь – Самарқанд шаҳрида ўтказилган бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида вилоят вакили Улуғбек Ҳақбердиев мамлакат чемпиони бўлди.

4 декабрь – Ҳамид Олимжон номидаги вилоят давлат мусиқа ва драма театри биносида хайрия марафони бўлиб ўтди.

10 декабрь – Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибидаги "Эко-энергия" илмий-тадбиқий маркази томонидан Республика оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Самарқанд шаҳрида экологик тоза энергия манбаларини жорий қилиш ва ривожлантиришга бағишланган медиа-тур ўтказилди.

23 декабрь – Самарқанд шаҳрига 885 дона Президент совғалари келтирилди.

27 декабрь – “Самарқанд ифтихорлари” анъанавий тадбири бўлиб ўтди. 400 нафардан кўпроқ иштирокчиларнинг 74 нафарига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар улашилди.

29 декабрь – “Самарқанд” ресторанида “Президент арчаси” асосий байрам тадбири ўтказилди. 250 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари иштирок этди.


Охирги ўзгариш вақти: 05/03/2016 16:12;   Кўрилганлиги: 800
 
Интерактив хизматлар
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг